Бутунжаҳон урбанизация форумидаги чиқиш
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан 17-18 май кунлари амалий ташриф билан Боку шаҳрида бўлди. Ташриф доирасида давлатимиз раҳбари БМТнинг Аҳоли пунктлари бўйича дастури шафелигида ўтказилган Бутунжаҳон урбанизация форуми 13-сессиясининг Етакчилар саммитида иштирок этди ва нутқ сўзлади, шунингдек, хорижий делегациялар раҳбарлари билан қатор учрашув ва музокаралар ўтказди.
Форум мавзуси – “Барча учун уй-жой: хавфсиз ва барқарор шаҳарлар ҳамда ҳамжамиятлар”. Форум кун тартибидан шаҳарларни барқарор ривожлантириш, аҳолини замонавий ва арзон уй-жой билан таъминлаш, шаҳар муҳити сифатини ошириш, иқлим барқарорлигини мустаҳкамлаш, ижтимоий ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда уй-жойни молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш масалалари ўрин олди.
Ўзбекистон Президенти саммитда сўзлаган нутқида шаҳарларни барқарор ривожлантириш масаласи Янги Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Яқин 15 йил ичида мамлакатимиз аҳолиси 38 миллиондан 50 миллион нафарга кўпайиши, урбанизация даражаси эса 51 фоиздан 65 фоизга етиши кутилмоқда. Шу муносабат билан юртимизда шаҳар инфратузилмаси ва уй-жой қурилишини кенг кўламда ривожлантириш дастури амалга оширилмоқда. Сўнгги 10 йилда барпо этилаётган уй-жойларнинг йиллик сони ўн бараварга ортди. 2025 йилда 238 мингта уй-жой объекти қурилган бўлса, 2030 йилга бориб бу кўрсаткич яна бир ярим бараварга ошади. Аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш дастурларига ҳар йили бюджетдан қарийб 2 млрд. доллар маблағ ажратилмоқда.
Ўзбекистон Президенти ўз нутқида бир қатор халқаро ташаббусларни илгари сурди. Давлатимиз раҳбари кичик ва ўрта шаҳарларни уйғун ривожлантириш мақсадида “мутаносиб урбанизация” тамойилларини кенг жорий этишга чақирди. Шунингдек, Президентимиз халқаро “Ақлли ва хавфсиз шаҳарлар альянси”ни ташкил этиш ташаббусини билдирди. У шаҳар бошқарувини рақамли трансформация қилиш соҳасида технологиялар, стандартлар ва энг яхши тажрибалар билан алмашиш учун платформа вазифасини бажаради.
Ёшлар ва аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини сифатли ҳамда арзон уй-жойлар билан таъминлаш мақсадида 2027 йилда Самарқанд шаҳрида уй-жой қурилишига молия ва инвестицияларни жалб этишдаги янгича ёндашувлар юзасидан халқаро форум ўтказиш таклиф қилинди. Экологик барқарор шаҳарларни ривожлантиришни рағбатлантириш мақсадида БМТ-Ҳабитатнинг (БМТнинг Аҳоли пунктлари бўйича дастури, яъни барқарор шаҳарсозлик, арзон уй-жойлар, иқлим ўзгаришига чидамлилик ва инфратузилмаларни ривожлантириш агентлиги) “Яшил шаҳар” халқаро мукофотини таъсис этиш яна бир муҳим ташаббус бўлди. Шунингдек, Ўзбекистон етакчиси Бутунжаҳон урбанизация форумининг 15-сессиясини 2030 йилда Янги Тошкент шаҳрида ўтказиш ва унинг бош мавзусини “Шаҳарларнинг барқарор ривожланишида маҳалла институтининг ўрни” деб номлашни таклиф қилди.
Бутунжаҳон урбанизация форуми доирасида 18 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош котибининг ўринбосари, БМТнинг Аҳоли пунктлари бўйича дастури (БМТ-Ҳабитат) ижрочи директори Анаклаудия Россбах билан учрашув ўтказди. БМТ-Ҳабитат билан шаҳарларни барқарор ривожлантириш, шаҳар инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда шаҳарсозлик соҳасида замонавий ёндашувларни жорий этиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Ўтган йили Самарқанд иқлим форуми доирасида бўлиб ўтган учрашувда эришилган келишувлар ижроси ҳам кўриб чиқилди. Ўзбекистон Президенти томонидан Бутунжаҳон урбанизация форумида илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
ЕХҲТ билан келишувлар
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 21 май куни мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Феридун Синирлиўғлуни қабул қилди. Очиқ ва конструктив мулоқот юксак даражага чиққани, Ўзбекистоннинг ЕХҲТ ва унинг тизимидаги институтлар билан ҳамкорлиги изчил мустаҳкамланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Ташкилот раҳбарияти Ўзбекистонга ташрифларни мунтазам амалга оширмоқда, ЕХҲТ ДИИҲБ (Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси) миссиялари мамлакатимизда сайлов жараёнларини мониторинг қилишда фаол иштирок этмоқда. Трансмиллий таҳдидларга қарши курашиш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, гендер тенгликни илгари суриш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ОАВни ривожлантириш соҳаларида амалга оширилаётган қўшма лойиҳаларнинг натижалари алоҳида қайд этилди.
Томонлар кибержиноятчиликка қарши курашиш, рақамлаштириш ва сунъий интеллектни ривожлантириш, кадрлар малакасини ошириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда “яшил” кун тартибини илгари суриш каби устувор йўналишларда ҳам ҳамкорликни янада кенгайтириш зарурлигини таъкидладилар. Ҳамкорлик бўйича янги “йўл харитаси”ни тайёрлаб, Ўзбекистонда ва ЕХҲТ доирасида бир қатор қўшма тадбирларни ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
БАА билан давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш борасида
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 22 май куни Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гаргавий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Ўзбекистон-БАА ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни, аввало, давлат бошқаруви тизими самарадорлигини ошириш ва ушбу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлигини таъминлаш борасидаги ишларни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Давлат хизмати механизмларини такомиллаштиришнинг 10 та асосий йўналиши бўйича ҳамкорликни назарда тутувчи қўшма “йўл харитаси” изчил амалга оширилаётгани қайд этилди. БААнинг бюрократияни қисқартириш соҳасидаги илғор тажрибаси жорий этилмоқда. Тегишли дастур доирасида лойиҳа офиси ишга туширилди. Ҳозирга қадар қамрови бир миллиондан ошган “Беш миллион сунъий интеллект етакчилари” таълим дастурини амалга ошириш натижалари ҳам эътироф этилди.
Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва камол топтиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш, қўшма тараққиёт форумларини ўтказиш ҳамда Ўзбекистон ривожига хизмат қилувчи стратегик ва концептуал ҳужжатларни тайёрлашни илгари суриш бўйича келишувга эришилди.
Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилиши
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 29 май куни Остона шаҳрида Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида кузатувчи давлат раҳбари мақомида иштирок этди. Кун тартибидан кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, саноат кооперацияси лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, шерикликнинг устувор йўналишларида қўшма дастурларни амалга ошириш масалалари ўрин олди.
Ўзбекистон Президенти ўз нутқи аввалида ЕОИИ мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил равишда кенгайтириш ва чуқурлаштириш мамлакатимиз ташқи иқтисодий сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолаётганини таъкидлади. ЕОИИ давлатлари билан ўзаро ҳамкорлик комплекс иқтисодий шериклик тусини олгани қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари иттифоқ билан шерикликни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари юзасидан ўз нуқтаи назарини баён қилди. Ўзбекистон ва бирлашма давлатлари ўртасида тўсиқларсиз савдонинг ягона рақамли маконини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Рақамли транзитни жорий этиш, кузатув тизимларига уланиш ҳамда ўтказиш пунктларини модернизация қилиш орқали “ақлли” транспорт-божхона йўлакларини яратиш ишларига киришиш таклифи билдирилди.
Ўзбекистон ва ЕОИИ мамлакатлари ўртасида кооперация дастурини тайёрлашда Тошкентда ўтказиладиган “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” кўргазмаси салоҳиятидан фойдаланиш таклиф этилди. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон кооперация бўйича “ягона дарча” форматида Евроосиё иқтисодий комиссияси билан ҳамкорликда шерикларни танлайдиган, эркин саноат зоналар негизида янги ташаббусларни қўллаб-қувватлайдиган, молиялаштиришни жалб этишга кўмаклашадиган қўшма лойиҳа офисини очишга тайёрлигини билдирди. “ЕОИИ давлатларидан келадиган юқори технологияли резидентлар учун қўшимча рағбатлантирувчи шароитларни ишлаб чиқишга тайёрмиз”, – деди Ўзбекистон Президенти.
Энергия самарадорлигини ошириш, тоза технологияларни жорий этиш ва маҳсулотларнинг углерод сиғимини камайтиришга қаратилган Саноатни “яшил” трансформация қилиш қўшма дастурини қабул қилиш бўйича таклиф ҳам илгари сурилди. Қўшма “яшил” лойиҳалар портфелини шакллантириш, молиялаштиришнинг янги воситаларини ривожлантириш, сунъий интеллект технологияларини қўллаш орқали саноатнинг устувор тармоқларини модернизация қилиш амалий чора-тадбирлар сифатида дастурдан ўрин олиши мумкин.
Ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур соҳадаги ҳамкорликни миллий электрон бандлик хизматларини интеграция қилиш орқали сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш зарурлиги таъкидланди. Гап фуқароларнинг ишончли бўш иш ўринлари, ишга жойлашиш шартлари ҳамда миграция қонунчилиги нормалари ҳақидаги маълумотлардан тўғридан-тўғри фойдаланишини таъминлайдиган қулай ва яхлит рақамли муҳитни шакллантириш ҳақида кетмоқда.
Туризм соҳасида Ўзбекистон томонидан “Марказий Осиё туристик ҳалқаси” ташаббуси илгари сурилгани қайд этилди. Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари ЕОИИ давлатларини мазкур туризм йўналишини оммабоп рақамли платформаларда биргаликда илгари суришга қўшилишга таклиф қилди.
Ўзбекистон ҳудудларининг Гонконг билан ҳамкорлиги
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 4 июнь куни Хитой Халқ Республикаси Сянган (Гонконг) махсус маъмурий ҳудуди Администрацияси раҳбари Ли Цзячао бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлигини, шу жумладан, Гонконг билан ҳудудлараро алмашинувлар ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш орқали янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Суҳбат чоғида сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги дўстлик ва янги даврдаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари мисли кўрилмаган даражага кўтарилгани катта мамнуният билан қайд этилди. Олий даражада эришилган келишувлар изчил амалга оширилмоқда. Май ойида Пекин шаҳрида Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва Сиань шаҳрида учинчи Ҳудудлараро форум муваффақиятли ўтказилди, Гонконгда иқтисодий форум ва саноат кўргазмаси бўлиб ўтди, Ўзбекистон савдо уйи очилди.
Ўзбекистон ҳудудларининг Гонконг билан иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантириш учун мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди. Тошкент шаҳрига Гонконг ишбилармон доиралари вакилларидан иборат катта делегация ташриф буюргани ушбу йўналишдаги шерикликни янада ривожлантиришга хизмат қилишига ишонч билдирилди. Савдо-иқтисодий ва молиявий алоқаларни кенгайтириш, саноат кооперациясини йўлга қўйиш, таълим, туризм ва ишбилармонлик алмашинувларини ривожлантириш ҳамда тўғридан-тўғри авиақатновлар ва фуқароларга консуллик хизматлари кўрсатишни йўлга қўйишни назарда тутувчи комплекс ҳамкорлик дастурини қабул қилиш муҳимлиги таъкидланди.
“Яшил” энергетика, қишлоқ хўжалиги, биотехнологиялар, рақамли иқтисодиёт, финтех, инновацион стартаплар, сунъий интеллект ва бошқалар устувор соҳалар сифатида қайд этилди. Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича қўшма “йўл харитаси”ни қабул қилиш, шунингдек, Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш ҳамда яқин фурсатда Гонконг билан икки томонлама асосда визасиз тартибни жорий этиш юзасидан келишувга эришилди.
Ўзбекистон Fitch баҳолашида
3 июнь куни “Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон Республикаси учун хорижий валютадаги эмитентнинг узоқ муддатли дефолт рейтингини “ВВ” даражасида тасдиқлади ва прогнозни “Барқарор”дан “Ижобий”га кўтарди. “Fitch”нинг расмий баёнотида таъкидланишича, прогнознинг ошиши иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишдаги изчил ривожланишни, макроиқтисодий барқарорликнинг мустаҳкамланишини ҳамда мамлакатнинг асосий молиявий кўрсаткичлари яхшиланганини акс эттиради. Агентлик баҳолашича, олиб борилаётган ислоҳотлар ўрта муддатли истиқболда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш ва иқтисодиёт барқарорлигини янада ошириш учун замин яратмоқда.
Ислоҳотлар иқтисодиёт салоҳиятини оширмоқда. Fitch томонидан бозорлар самарадорлигини ошириш, давлат молияси бошқарувини такомиллаштириш, рақобат муҳитини ривожлантириш ва хусусийлаштиришга қаратилган таркибий ислоҳотлар изчил давом этаётгани қайд этилган. 2021-2025 йилларда Ўзбекистонда қарийб 5,1 млрд. долларлик давлат активлари хусусийлаштирилди, шундан деярли 1,9 млрд. доллар 2025 йилнинг ўзига тўғри келди. 2026 йил 13 май куни Халқаро инвестиция фондининг (UzNIF) халқаро капитал бозорларидаги илк халқаро IPOʹси ислоҳотлар муваффақиятининг яна бир тасдиғи бўлди. Жойлаштириш ҳажмига кўра, ушбу битим жорий йилда Европанинг энг йирик IPOʹлари қаторидан жой олди.
Ўзбекистон юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолмоқда. «Fitch» прогнозларига кўра, 2026 йилда Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиши қарийб 6 фоизни ташкил этади, 2027–2028 йилларда эса 6,4 фоизгача тезлашади. Шу билан бирга, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, 2026 йилнинг 1-чорагида Ўзбекистон иқтисодиётининг реал ўсиши 8,7 фоизга етди. Бу ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан 1,9 фоиз пунктга юқори бўлиб, аввал кутилган мақсадли кўрсаткичлардан ошиб кетди ва охирги бир йилдаги энг яхши чораклик натижа бўлди. Қайд этилишича, ҳатто жаҳон иқтисодиётидаги ноаниқлик ва геосиёсий кескинлик сақланиб қолаётган бир шароитда Ўзбекистоннинг кутилаётган ўсиш суръатлари “ВВ” рейтинг тоифасидаги аксарият мамлакатларнинг ўртача кўрсаткичларидан сезиларли даражада юқорилигича қолмоқда.
Бюджет интизоми мустаҳкамланмоқда. Бюджет сиёсатининг юқори самарадорлиги прогноз кўрсаткичи оширишининг асосий омилларидан бири бўлди. “Fitch” маълумотларига кўра, 2025 йилда консолидациялашган бюджет тақчиллиги ЯИМнинг 2,1 фоизини ташкил этди, бу эса ЯИМнинг белгиланган 3 фоизлик чегарасидан пастдир. Бюджет даромадларининг ўсиши солиқ тушумларининг кўпайиши ҳамда хомашё секторидан олинган юқори даромадлар ҳисобига таъминланди. Тўғридан-тўғри ва эгри солиқлардан тушумлар режадан 11 фоизга, бошқа солиқ ва носолиқ даромадлар эса 35 фоизга ошди. Агентлик ўрта муддатли истиқболда бюджет тақчиллиги ЯИМнинг 3 фоизи доирасида сақланиб қолишини кутмоқда.
Давлат қарзи қиёсланаётган мамлакатлар орасида энг пастларидан бири бўлиб қолмоқда. “Fitch” давлат қарзи ЯИМнинг 32 фоизидан 2027-2028 йилларга бориб ЯИМнинг қарийб 28 фоизигача босқичма-босқич камайишини прогноз қилмоқда. Бу кўрсаткич “ВВ” рейтингига эга мамлакатларнинг ўртача даражасидан (ЯИМнинг қарийб 53 фоизи) деярли икки баравар пастдир. Қарз юкининг паст даражада экани Ўзбекистоннинг асосий устуворликларидан бири ва макроиқтисодий барқарорликнинг муҳим омили бўлиб қолаётгани қайд этилган.
Захиралар рекорд даражага етди. Агентлик мамлакатнинг ташқи мавқеи мустаҳкамланаётганига алоҳида эътибор қаратган. “Fitch” прогнозларига кўра, Ўзбекистоннинг халқаро захиралари 2024 йил якунидаги 42 млрд. доллар ва 2025 йилдаги 66 млрд. долларга нисбатан 71 млрд. долларгача кўпаяди. Қайд этилишича, захираларнинг жорий ҳажми ташқи тўловларни тахминан 11 ой давомида қоплашни таъминлайди, бу эса “ВВ” рейтинг тоифасидаги мамлакатлар учун ўртача кўрсаткичдан икки баравар кўпдир.
Молия тизими янада барқарорлашмоқда. “Fitch” иқтисодиётда долларлашув даражаси пасайишда давом этаётганини қайд этади. Валютадаги депозитлар улуши 2020 йилдаги 40 фоизга нисбатан қарийб 23 фоизгача камайди. Банк сектори юқори даражадаги барқарорликни сақлаб қолмоқда. Капиталнинг етарлилик коэффициенти 18,3 фоизга етди, валютадаги кредитлар улуши эса 39,2 фоизгача камайди (2023 йил якуни бўйича 45 фоиз). Имтиёзли кредитлаш кўлами қисқаришда давом этаётгани ҳамда иқтисодиётни молиялаштиришнинг бозор механизмлари мустаҳкамланаётгани таъкидланади.
Инфляция пасайишда давом этмоқда. Агентлик баҳолашича, 2026 йилнинг апрель ойида инфляция 7 фоизни ташкил этиб, Марказий банкнинг 5 фоизлик ўрта муддатли мақсади сари ҳаракатланишда давом этмоқда. Қайд этилишича, долларлашув даражасининг пасайиши ва инфляцион таргетлаш режимининг изчил жорий этилиши пул-кредит сиёсати самарадорлигини ошириш учун қўшимча шароитлар яратмоқда.
Хулоса. “Fitch”нинг Ўзбекистон суверен рейтинги бўйича прогнозини “Ижобий” даражасига кўтариш тўғрисидаги қарори халқаро инвесторларнинг олиб борилаётган ислоҳотларга ҳамда мамлакат иқтисодиётининг барқарорлигига бўлган ишончи ортиб бораётганидан далолат беради. Рейтингнинг “ВВ” даражасида тасдиқланиши ва айни пайтда унинг прогнози яхшиланиши макроиқтисодий барқарорлик, давлат молиясини бошқариш, бозор институтларини ривожлантириш ҳамда мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш соҳаларида эришилган ютуқларни акс эттиради.
Ўзбекистонда шамол энергетикаси
Шамол энергетикаси глобал кенгаши (Global Wind Energy Council) томонидан “Бутунжаҳон шамол энергетикаси ҳисоботи 2026” маърузаси чоп этилди. Маърузада глобал миқёсда ўрнатилган қувватлар динамикаси, таннарх борасидаги тенденциялар, энергия тизимларига интеграциялашув, энергетик хавфсизлик ҳамда шамол энергетикаси лойиҳаларининг иқтисодий самарадорлигига баҳо берилган. Ҳисобот хулосаларига кўра, Ўзбекистон шамол энергетикаси бўйича минтақавий етакчига ва энергия экспорт қилувчи давлатга айланиш имкониятига эга. Тадқиқотлар мамлакатнинг шамол энергетикаси салоҳиятини тахминан 520 ГВт даражасида баҳоламоқда.
Умумий қуввати 1,5 ГВт бўлган “Бош”, “Жонкелди” ва “Зарафшон” шамол электр станциялари етакчи лойиҳалар ҳисобланади. 2025 йилда мамлакатда умумий қуввати 4647 МВт бўлган 42 та янги лойиҳа ишга туширилди: 5 та қуёш электр станцияси, 4 та шамол электр станцияси, 10 та энергия тўплаш тизими, 1 та ИЭС ва 2 та когенерация блоки. 2025 йилда электр энергияси ишлаб чиқариш 6 фоизга ошди. 2026 йил якунига қадар қўшимча 3 ГВт қувватга эга шамол электр станциялари фойдаланишга топширилиши кутилмоқда. Халқаро энергетика агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда электр энергияси ишлаб чиқариш 2024 йилда тахминан 5 фоизга, 2025 йилда эса 4 фоизга ўсди.
Ўзбекистон 2030 йилга бориб умумий электр энергияси ишлаб чиқаришда қайта тикланувчи манбалар улушини қарийб 54 фоизга етказишни мақсад қилган. Маъруза муаллифларининг фикрича, мамлакат дунёдаги энг юқори шамол энергетикаси салоҳиятларидан бирига (520 ГВт) эга бўлишига қарамай, реал ўрнатилган қувват ҳали ҳам паст даражада қолмоқда. Улар ушбу номутаносибликни, асосан, тармоқ инфратузилмасининг заифлиги, малакали кадрлар етишмаслиги ва бозорни тартибга солишнинг мураккаблиги билан изоҳлашади.
CASA-1000 (Central Asia – South Asia, яъни Марказий Осиё – Жанубий Осиё) – Қирғизистон ва Тожикистондан ортиқча экологик тоза электроэнергияни унга муҳтож Афғонистон ва Покистонга узатиш ва сотиш бўйича халқаро лойиҳа) ва TUTAP (Туркманистон, Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ўртасида энергетика ҳалқасини ташкил этиш бўйича халқаро энергетика лойиҳаси) энергетика коридорлари орқали Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистон каби жанубий йўналишдаги мамлакатлар бозорларига чиқиш имконияти мавжуд. CASA-1000 лойиҳасини 2026 йилнинг декабрь ойига қадар якунлаш, 2027 йилнинг январидан бошлаб эса Покистонга 1 000 МВт энергия узатиш режалаштирилган. Энергиянинг минтақавий экспорти (CASA-1000, TUTAP) – Ўзбекистон учун жозибадор стратегик йўналишдир. Бироқ ушбу лойиҳаларни амалга ошириш муддатларининг доимий равишда сурилиши экспорт даромадларига таяниш билан боғлиқ хавфларни оширади. Маъруза муаллифларининг фикрига кўра, бундай вазиятда ички бозорни ривожлантириш ва жанубий йўналишдаги экспортни бир вақтда йўлга қўйиш мақсадга мувофиқдир.
"Иқтисодий шарҳ" журнали №5/2026
Изоҳ қолдириш