Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлиши таъсирини баҳолаш учун тадқиқот ўтказмоқда

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлиши таъсирини баҳолаш учун тадқиқот ўтказмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказида "Умумий мувозанатнинг амалий моделлари ва Ўзбекистоннинг ЖСТга ва ЕОИИ аъзо бўлиши таъсирини баҳолаш" мавзусида семинар ташкил этилди.

Семинарда Berlin Economics мустақил консалтинг компанияси эксперти ва Ўзбекистондаги Германия иқтисодий гуруҳи аъзоси (GET Uzbekistan) Вероника Мовчан иштирок этди.

Мазкур семинар Ўзбекистондаги Германия иқтисодий гуруҳи ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ўртасидаги иқтисодий фаолиятни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси ҳукуматига кўмаклашиш бўйича қўшма декларацияга мувофиқ ташкил этилган. Германия Федератив Республикаси Ҳукумати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида 2019 йил 21 январда имзоланган меморандум бўйича ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири бу: қўшма тадқиқотлар ўтказиш, экспертлар фикрлари ва қўшма семинарларни ташкил этишдир.

Семинар давомида Вероника Мовчан Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази экспертларига Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлишининг иқтисодий соҳаларга таъсирини баҳолаш учун Ўзбекистон шароитида яратилган умумий мувозанат моделининг дастлабки натижаларига тўхталиб ўтди.

Умумий мувозанат моделининг ҳусусиятлари ва ташқи кучларнинг иқтисодиётга таъсирини баҳолаш учун уни қўллаш имкониятларини муҳокама қилиш билан биргаликда семинар қатнашчилари Евросиё интеграцияси тенденциялари тўғрисидаги чуқур билимлари билан ўртоқлашдилар.

Ўз навбатида, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази экспертлари Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилиш оқибатларини баҳолашнинг муқобил моделлари асосида ўз эксперт баҳоларини тақдим этдилар. Муҳокамалар давомида экспертлар Ўзбекистон учун умумий мувозанат моделини ишлаб чиқиш бўйича ўз фикр ва таклифларини билдирганини таъкидлаш жоиз.

Муҳокама натижаларига кўра иқтисодиёт тармоқлари бўйича Ўзбекистон учун моделни кенгайтириш ва тўлдириш бўйича таклифлар билдирилди. Айтилган фикр ва таклифлар, шубҳасиз, юқори сифатли моделлаштириш натижаларини олишга хизмат қилади ва келажакда иқтисодий сиёсатнинг тўғри йўналишларини ишлаб чиқишга ёрдам беради.

Томонлар иқтисодий сиёсатнинг асосий йўналишларини белгилаб олдилар.

Учрашув якунида томонлар ўртасида келгусида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш тўғрисида келишувга эришилди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар хизмати

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар