Дастлаб Хитойда аниқланган COVID-19 коронавируси билан зарарланган беморлар сонининг ўсиш суръатлари кескин камайди, аммо Хитойдан ташқарида – дунёнинг бошқа мамлакатларида ушбу вируснинг тарқалиш географияси кун сайин кенгаймоқда, коронавирусга чалинган беморлар сони эса юқори суръатларда ўсмоқда. Жумладан, Италияда аниқланган ҳолатлар сони 12 мингдан ошди, Эронда – 10 мингга, Жанубий Кореяда эса 8 мингга яқин киши зарарланган. Бугунги кунга келиб янги турдаги коронавирус дунёнинг 114 та давлатларида аниқланди.
Сўнгги бир неча ҳафтада янги турдаги коронавируснинг мамлакатлар иқтисодиётига таъсири дунёнинг барча етакчи ОАВларида фаол муҳокама қилинаётган бўлса, глобал молиявий бозорларда актив ва индексларнинг кескин – драматик тарзда пасайиши кузатилмоқда. Бошқача айтганда, COVID-19 коронавируси нафақат инсонлар организмига, балки уларнинг иқтисодий ҳаётига ва глобал молиявий бозорларга ҳам “кириб келди”.
Uzanalytics.com сайтининг ёзишича, молиявий активлар, глобал бозорлар ва мамлакатлар иқтисодиёти таҳлили бўйича етакчи таҳлилий компаниялардан бири ҳисобланадиган FocusEconomics жорий йил февраль ойининг ўрталаридан бошлаб коронавируснинг жаҳон иқтисодиётига таъсири ва унинг иқтисодий оқибатлари бўйича етакчи экспертлар орасида сўров ўтказиб келмоқда. Куни кеча, ушбу компания 11 март куни якунланган сўнгги сўров натижаларини эълон қилди. Мазкур сўровномада бутун дунё бўйлаб 54 та етакчи иқтисодчи ва молиявий таҳлилчилар иштирок этган.
Сўровномада экспертларга қуйидаги саволлар билан мурожаат қилинган:
- Коронавируснинг 2020 йилда глобал ЯИМ ўсишига таъсири қандай?
- Коронавируснинг жаҳон иқтисодиётига 2020 йилдан кейин ҳам таъсири бўладими?
- Келгуси 12 ой ичида глобал иқтисодий инқирознинг эҳтимоли қандай?
- Коронавируснинг 2020 йилда Хитой, Жанубий Корея, Италия ва Эрон давлатлари ЯИМининг ўсишига таъсири қандай?
Сўровнома натижалари шуни кўрсатдики, аввалги (3 мартда эълон қилинган) сўров натижаларига нисбатан, экспертлар коронавируснинг глобал иқтисодиётга таъсирини янада юқори даражада баҳоламоқдалар.
Бундан ташқари:
- 54 та экспертнинг ярмидан кўпи, яъни 57 фоизи, бу йил глобал ЯИМнинг ўсишини 0,5 фоизли пунктга камайишини, уларнинг 20 фоизи эса бу кўрсаткични 1,0 фоизли пунктга камайишини прогноз қилишди.
- Коронавирус кенг даражада тарқалган мамлакатларда, яъни Хитой, Эрон, Италия ва Жанубий Корея давлатлари иқтисодиётида ушбу вируснинг таъсири кучли бўлиши, Эронда эса соғлиқни сақлаш тизимининг заифлиги ва ҳукуматнинг вирусга қарши анча кечиккан чора-тадбирлари туфайли унинг “иқтисодий зарбаси” энг кучли даражада бўлиши кутилмоқда.
- Коронавирус глобал иқтисодий инқироз хавфини вужудга келтирди. Сўровда қатнашган экспертларнинг консенсус фикрига кўра, келгуси 12 ой ичида глобал иқтисодий инқирозни вужудга келиши эҳтимоли 43 фоизга тенг.
Жулио Ромеро, Corficolombiana компаниясининг бош иқтисодчиси:
“Коронавирусни глобал иқтисодиётга таъсирини “ҳақиқий бўрон” билан қиёслаш мумкин. Ҳозирги кунда туризм ва товарлар таъминоти занжирларига етказилган зарар шунчалик жиддийки, ўз навбатида, буни молиявий тизимига зарар етказмаслиги учун ҳукумат томонидан муҳим чоралар кўришни тақозо қилади. COVID-19 коронавирусининг хавфи ва кўлами кун сайин ошиб бормоқда, унинг таъсирини АҚШ каби йирик иқтисодиётларда кузатишимиз мумкин. Ҳозирги кундаги ноаниқликлар камида 6 ҳафта сақланиб қолади”
Аннабел Бишоп, Investec Ltd компаниясининг бош иқтисодчиси:
“Яқин орада молия бозорларида ўзгарувчанлик (волатил ҳолат) сақланиб қолади, шунингдек, ушбу бозор иштирокчилари йирик Марказий банклар томонидан бу вазиятда қандай чоралар кўрилишини ҳам кутмоқдалар. Бундан ташқари, бу вазиятда глобал иқтисодий ўсишни таъминлаш мақсадида фискал рағбатлантириш имкониятларини кўриб чиқиш ҳам муҳимдир”
Луис Сузиган, LCA Consultores компаниясининг катта маслаҳатчиси:
“Бизнинг асосий сценарийимиз молиявий ва глобал инқироз вужудга келмайди, деган тахмин асосида қурилган. Сўнгги пайтда Хитойда мазкур эпидемияга қарши курашда кузатилаётган ижобий тенденциялар ва эришилган натижалар юқоридаги тахминимизни тасдиқлайди. Хусусан, Хитойда COVID-19 билан зарарланиш ҳолатлари сони кун сайин тобора камайиб бормоқда (кунлик қўшимча зарарланиш ҳолатлари). Бу мазкур эпидемияга қарши курашни самаралилигини ва бу жараён қаттиқ назорат остида эканлигидан далолат беради. Агар Хитой тажрибаси бошқа давлатларда ҳам қўлланилса, уйлайманки, молиявий бозорлар тез орада барқарорлашади, товарлар таъминоти занжирлари ва глобал талаб аста-секин тикланади”.
Изоҳ қолдириш