Президент Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятига етиб борди. У ерда қуёш фотоэлектр станцияси ва кимё саноати корхоналари ишга туширилади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар қилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятига сафарини Кармана туманидан бошлади. Давлатимиз раҳбари бу ерда барпо этилган янги қуёш электр станциясини ишга тушириш маросимида нутқ сўзламоқда.
“Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллик байрами арафасида сизлар билан бирга муҳим бир тадбирда йиғилиб турибмиз.
Бугун Кармана туманида “яшил энергетика”га ўтиш йўлидаги биринчи қадам бўлмиш қуввати 100 мегаВатт бўлган замонавий қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилмоқда.
Барчангизни ана шу қувончли воқеа билан чин қалбимдан табриклайман.
Аввало, ушбу лойиҳа доирасида қисқа муддатда – бир ярим йил ичида катта ҳажмдаги ишлар бажарилганини таъкидлаш лозим.
Хусусан, 110 миллион доллар инвестициялар ўзлаштирилиб, 300 мингта қуёш панеллари ўрнатилгани чиндан ҳам саноатимиз тарихида жуда катта воқеадир.
Бу ерда йилига 252 миллион килоВатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бунинг ҳисобидан 80 миллион куб метр табиий газ тежалиб, атмосферага 160 минг тонна буғланувчи газлар чиқишининг олди олинади”, деди Президент.
Президент Шавкат Мирзиёев ушбу станция Янги Ўзбекистон энергетика тизимидаги биринчи мана шундай улкан қадам, таъбир жоиз бўлса, “биринчи қалдирғоч” бўлиб, соҳа ривожида мутлақо янги даврни бошлаб бераётганини таъкидлади.
"Маълумки, юртимизда бир йилда ўртача 320 қуёшли кун кузатилади. Ўлкамизни бежиз “Серқуёш Ўзбекистон” деб аташмайди.
Лекин шу пайтга қадар ана шундай улкан салоҳиятдан фойдаланиш масаласи эътиборимиздан четда қолиб келаётган эди", деди давлатимиз раҳбари.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда қуёш станцияларини қуриш орқали жами 600 миллиард килоВатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. Бу республикамизнинг бугунги кунда энергияга бўлган жами эҳтиёжидан 8 баробар кўп.
2030 йилга бориб қуёш электр станциялари қувватини камида 5 минг, шамол электр станциялари бўйича эса 3 минг мегаВаттга етказиш режа қилинган.
Жумладан қуйидаги қувватлар фойдаланишга топширилади:
- жорий йил якунига қадар Самарқандда қуввати 100 мегаВатт бўлган яна битта қуёш станцияси;
- келгуси икки йилда Бухоро, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Хоразм, Сурхондарё ва Қашқадарёда умумий қуввати 2 минг 100 мегаВатт бўлган 9 та қуёш станцияси, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Навоий вилоятларида эса 1 минг 600 мегаВатт қувватга эга бўлган 4 та шамол электр станцияси.
Изоҳ қолдириш