Депутатлар Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлик масаласи ҳақида фикрларини билдирди

Депутатлар Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлик масаласи ҳақида фикрларини билдирди

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 2 мартдаги Фармони билан тасдиқланган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги масаласини атрофлича ўрганиш вазифаси белгиланган.

Ҳозирги вақтда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталари ва сиёсий партиялар фракцияларида тегишли ўрганиш ишлари олиб борилмокда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлик масаласи ҳақида фикр-мулоҳзаларини билдирди.

Дилором ФАЙЗИЕВА, Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси:

— ЕОИИ 2015 йилдан буён фаолият юритиб келаётган интеграцион бирлашма бўлиб, унга ҳозирги кунга қадар Россия, Беларусь, Қозоғистон, Арманистон ва Қирғизистон мамлакатлари аъзо бўлиб киришган. 2018 йилдан эътиборан Молдова кузатувчи мақомига эга. ЕОИИнинг асосий мақсади — аъзо давлатлар аҳолисининг турмуш даражасини ошириш борасида барқарор ривожланиш учун шароитлар яратиш, ЕОИИ доирасида товарлар, хизматлар, капитал ва иш ресурсларининг ягона бозорини шакллантиришга ҳаракат қилиш, глобал иқтисодиёт шароитида миллий иқтисодиётларнинг рақобатбардошлигини ошириш, ҳар томонлама модернизациялаш ва ўзаро кооперацияни ривожлантиришдир.

Айни кунда ЕОИИга аъзо мамлакатлар жойлашган ҳудуд майдони жиҳатидан дунёда биринчи ўринда бўлса, аҳоли сони бўйича саккизинчи (ҳозирги кунда 184 млн. кишидан иборат) ва ЯИМ ҳажми бўйича эса ўнинчи ўринда қайд этилмоқда.

ЕОИИ таркибига тўлақонли аъзо бўлиб кириш ёки кузатувчи мақомига эга бўлишдан олдин ҳар бир мамлакат, энг аввало, ЕОИИга оид ташкилий-ҳуқуқий муносабатларни, институционал органлар ва уларнинг фаолиятини, ўзаро ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини, умуман, ЕОИИ билан ҳамкорлик мамлакат учун қандай наф беришини ёки қандай салбий оқибатларга олиб келишини чуқур таҳлил қилиши табиий ҳолдир.

Шу нуқтаи назардан, қўмитамизда ушбу масала бўйича махсус ишчи гуруҳи тузилган бўлиб, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда ЕОИИ билан ҳамкорлик Ўзбекистоннинг бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотлар ҳамда асосий стратегик ҳамкорлари бўлмиш хорижий мамлакатлар билан муносабатларига таъсири ҳар томонлама кўриб чиқилмоқда.

Акмал БУРҲОНОВ, Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси:

— Тан олиш керакки, бугунги дунёда бирон бир давлат жаҳон иқтисодиётидан ажралган ҳолда ривожлана олмайди. Замонавий дунёда интеграция имтиёз сифатида эмас, балки зарурат сифатида қаралмоқда. Шу нуқтаи назарда, мамлакатимизнинг ЕОИИ билан келгусидаги ҳамкорлигини чуқур таҳлил қилиш биз учун муҳим аҳамият касб этади.

ЕОИИ билан ҳамкорлик қилиш биз учун қиймати 1 триллион 587 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган бозорга кириш имконини беради. Ўзбекистон бу бозорга ўзининг нисбатан арзон маҳсулотларини экспорт қилиб, катта миқёсда фойда кўриши мумкин.

Ўзбекистон ЕОИИ билан ҳамкорлик қиладиган бўлса, ўз қоидаларини иттифоқ стандартлари билан мувофиқлаштириб боради ва тадбиркорларимиз учун катта имкониятлар вужудга келади. Бунинг натижасида, ЕОИИ бозорини кўзлаган хорижий инвестициялар оқими юзага келиши мумкин. Зеро, шу пайтгача 34 миллионлик бозор учун ишлаб келинган бўлса, ЕОИИ билан ҳамкорлик ўрнатилиши натижасида салкам 200 миллион кишилик бозорга ҳеч қандай божларсиз кириш имкони пайдо бўлади. Бу эса Ўзбекистоннинг инвестициялар учун жозибадорлигини янада оширади.

Зуҳра ШОДИЕВА, Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси:

— Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги қайси шаклда бўлиши тўғрисида сўз борганда, бир қатор сиёсий-иқтисодий омиллар, албатта, инобатга олиниши керак, деб ҳисоблайман. Биринчи омил — бу Ўзбекистоннинг ЕОИИга кирувчи мамлакатлар билан чегаравий пунктларни очиш масаласи. Масалан, мамлакатимизнинг Қирғизистон ва Қозоғистон билан бир нечта чегаравий пунктлари мавжуд бўлишига қарамай, Қирғизистон ва Қозоғистон ЕОИИга аъзо сифатида бошқа савдо режими асосида фаолият олиб борганлиги боис, ушбу пунктларни тўлиқ очишда муайян қийинчиликлар юзага келмоқда.

Иккинчи омил — Ўзбекистон фуқароларининг Россияга ва Қозоғистонга бўлган меҳнат миграцияси бўлиб, мамлакатимиз ушбу масалада ЕОИИ билан ўз миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ҳамкорлик ўрнатиши мақсадга мувофиқдир.

Жаҳонгир МАМАЖОНОВ, Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси:

— Маълумки, Ўзбекистон жуғрофий жиҳатдан қуруқликда “қамалиб” қолган давлат бўлиб, денгизга тўғридан-тўғри чиқа олмайди. Шу боис, транспорт-коммуникация тармоқларини ривожлантириш, айниқса, денгизга чиқиш йўлларига эга бўлиш Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга бўлган масала ҳисобланади. Денгизга чиқишнинг энг асосий йўналишларидан бири эса бу Қозоғистон ва Россия орқали чиқишдир. Бу эса, хоҳлаймизми-йўқми, мамлакатимизнинг ЕОИИ билан ҳисоблашишга мажбурлигини англатади.

Феруза НИГМАТОВА, Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси:

— Аввало, иқтисодиётимизни ривожлантириш ва унинг рақобатбардошлигини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш даражасини яхшилаш, таълим, спорт, туризм соҳаларини юксалтиришда халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан интеграциялашув улкан аҳамиятга эга эканлигини эътироф этиш лозим.

Шу нуқтаи назардан, ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасида ЕОИИ давлатларининг улуши 30 фоиздан ошиши мамлакатимизни ЕОИИ билан муносабатларни янада мустаҳкамлашга ундайди. Боз устига, Россия ва Қозоғистон билан бир қатор инвестицион лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга келишиб олинган. ЕОИИга кирувчи бошқа мамлакатлар билан ҳам ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинган. Шундан келиб чиқсак, мамлакатимизнинг ЕОИИ билан ҳамкорлигини янада чуқурлаштириш, ўзаро келишилган инвестицион лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш имконини беради.

Нодир ЖУМАЕВ, Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси:

— Таъкидлаш жоизки, ЕОИИ иқтисодий ташкилот бўлиб, унинг асосий мақсади савдо-иқтисодий муносабатларда ўзаро манфаатдорликни таъминлашдан иборат.

Истиқболда мамлакатимизнинг ЕОИИ билан ўзаро ҳамкорлигининг ижобий жиҳатларига тўхталиб, шуни айтмоқчиманки, Ўзбекистонда аҳолининг 16 ёшдан 25 ёшгача бўлган қатлами зичлиги бошқа аъзо мамлакатларга нисбатан юқори эканлиги сабабли, меҳнат миграцияси масаласида самарали натижаларга эришиш мумкин.

Маълумки, ЕОИИга аъзо мамлакатлар меҳнат мигрантлари учун лицензия ва рухсат олиш талабларини ўзаро жиддий енгиллаштиришган. Шу нуқтаи назардан, бугун 2-2,5 миллиондан ортиқ фуқароларимиз ЕОИИ давлатларида меҳнат қилаётганлигини ҳисобга олсак, Иттифоқ билан ҳамкорлик ўрнатиладиган бўлса, фуқароларимиз ушбу давлатларда патент олмасдан ишлаш имкониятига эга бўладилар ва пул жўнатмалари ҳозирги 4-5 млрддан 7-8 млрд. АҚШ долларига етиши кутилмоқда.

Қолаверса, Ўзбекистон аҳолисига хос бўлган меҳнатсеварлик ва тадбиркорликни тўла амалга ошириш ҳудуди кенгаяди. Мамлакатда ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш учун зарур бўлган инвестиция манбалари вужудга келади. Шу билан бирга, ЕОИИга аъзо давлатлар иқтисодий тизимлари уйғунлиги ривожланиш учун асос бўла олади.

Тўғри, ҳозирда мамлакатимиз ЕОИИга аъзо мамлакатларнинг барчаси билан икки томонлама ўзаро манфаатли келишув ва битимларга эга. Бироқ аслида ЕОИИга аъзо мамлакатлар ўзаро икки томонлама муносабатларда камдан кам ҳолларда ички талаблар доирасида ташқарига чиқишади. ЕОИИ манфаатлари ҳамиша устувордир. Чунки асосий устуворлик аъзо мамлакатлар маҳсулотларига нисбатан қўлланилиши ўз-ўзидан маълум. Шу нуқтаи назардан, ҳозирча бизнинг маҳсулотларимизга, афсуски, эътибор даражаси нисбатан пастлигича қолмоқда.

Муқаддас ТИРКАШЕВА, Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси:

— Мамлакатимизнинг ЕОИИ билан яқин ҳамкорлиги нафақат савдо-иқтисодий, балки комплекс экологик масалаларни ечишда ҳам қўл келиши мумкин. Зеро, иштирокчи мамлакатларнинг табиий бойликларини сақлаш, қайта тиклаш ва улардан оқилона фойдаланиш бўйича тажрибасидан ҳам унумли фойдаланиш имкониятига эга бўламиз.

Кези келганда шуни таъкидлаб ўтмоқчиманки, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва унга иқтисодий фаолиятнинг салбий таъсирини олдини олиш борасида шу пайтга қадар ЕОИИ доирасида бирорта кўп томонлама шартнома тузилмаган. Ушбу масалаларга янада кенг қамровли ва мувозанатли ёндашув зарурлигини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон ва ЕОИИ ўртасидаги ҳамкорлик дастлаб Ўзбекистон учун кузатувчи мақомини олишдан бошланиши мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.

Дилбар УСМАНОВА, Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси:

— Парламент қуйи палатаси депутати сифатида Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлигини, энг аввало, халқимиз, хусусан, бизнес юритувчи субъектларнинг манфаатлари нуқтаи назаридан кўриб чиқиш зарур, деб ҳисоблайман. Бир муҳим саволни ўзимизга ўзимиз беришимиз зарур: оддий фуқароларимиз, тадбиркорларимиз ЕОИИ билан ҳамкорликдан қандай наф кўради? Зеро, ҳозирда мамлакатимиздан четга олиб чиқилаётган юкларнинг 80 фоизи ЕОИИ аъзолари бўлмиш Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон орқали транзит ташиб кетилади, тайёр маҳсулотларимиз экспортининг 50 фоизи, баъзи маҳсулотлар бўйича эса ҳатто 80 фоиздан зиёди ана шу мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади.

Шу боис, ЕОИИ билан ҳамкорликни янада кучайтириш Ўзбекистоннинг узоқ муддатли стратегик мақсадларига, хусусан, ўрта қатлам негизини ташкил қилувчи тадбиркорлик субъектларининг манфаатларига тўлиқ мос тушади.

Зулайҳо АКРАМОВА, Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси:

— ЕОИИ билан ҳамкорлик мамлакатимизнинг бундан кейинги ташқи савдо алоқаларининг ривожланишида муҳим аҳамият касб этади. Энг асосийси, туризм соҳасида, халқаро юк ҳамда пассажир ташувлари соддалаштирилади ва бу борадаги имкониятларимиз янада кенгаяди.

Бироқ Ўзбекистон ЕОИИ билан ҳамкорлик ўрнатишидан олдин тегишли инфратузилмани барпо этиши ва миллий қонунчиликни ЕОИИ доирасида қабул қилинган стандартларга мослаштириб бориши лозим бўлади. Хусусан, божхона постлари инфратузилмасини тамомила қайтадан кўриб чиқиши керак. Бунинг учун эса 1 млрд. АҚШ долларига яқин маблағ талаб этилади.

Ўктамжон ИСЛОМОВ, Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси:

— ЕОИИ билан ҳамкорлик ўрнатилиши Ўзбекистондаги истеъмолчиларнинг минтақа бозоридаги иқтисодий рақобат натижасида нисбатан арзон ва сифатли маҳсулотларни харид қилиш имкониятини янада оширади. Бундан ташқари, ЕОИИ аъзо мамлакатларида импорт тўловларининг камайиши, транспорт логистика тизимининг қулайлашиши натижасида Ўзбекистондан бугунги кунда ишлаб чиқаришда нисбий афзалликка эга бўлган мева-сабзавот, текстил, чарм-пойабзал сингари маҳсулотлар экспорти ҳажми ошади. Ўзбекистондаги монополия ва олигополия тоифасидаги ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчилар интеграциялашган рақобат муҳити натижасида коррупцияни бартараф қилишга, таннархни камайтиришга, маҳсулот ва хизматлар сифатини оширишга мажбур бўлади. Интеграция натижасида ишлаб чиқаришда кооперацион алоқалар ривожланади. ЕОИИда товар ва хизматларга қўйиладиган стантдартлар талабларининг юқорилиги ҳисобидан уларнинг сифат даражаси ҳам ошади.

Шу билан бирга, қатор салбий омиллар ҳам борки, етарли даражада тайёргарлик кўришимизни тақозо этади. Хусусан, ЕОИИга аъзо давлатлардаги ишлаб чиқарувчилар билан рақобатга бардошли бўлмаган маҳаллий ишлаб чиқарувчилар банкрот бўлиши мутаносиб равишда иш ўринлари ҳамда ЯИМ ҳажмининг камайишига олиб келиши мумкин. Ўзбекистонда ҳали ривожланиб улгурмаган ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш сегментлари Иттифоқнинг бошқа аъзо давлатлари корхоналари томонидан эгаллаб олиниши хавфи ҳам сақланиб қолади.

Абдулло АСЛОНОВ, Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси:

— Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги қатор ижобий натижалар билан бирга, айрим зиддиятли масалаларни ҳам келтириб чиқариши мумкин. Биринчидан, импорт қилинувчи маҳсулотлар нархининг тушиши натижасида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг бозордаги ўрнини сақлаб қолиши қийинлашади. Айниқса, монопол хусусиятга эга бўлган тармоқларнинг бозордаги ўрни хавф остида қолади. Шу билан бирга, ЕОИИ доирасида умумий божхона тарифларининг ўрнатилиши ортидан баъзи товарларнинг қимматлашиши юзага келиши мумкин.

Иккинчидан, Ўзбекистон ва ЕОИИнинг йирик иқтисодиётлари ўртасида иш ҳақи ҳажми бўйича сезиларли тафовутлар борлиги сабабли мамлакатимизда ишчи кучининг оммавий тарзда хорижга кўчиши юз бериши мумкин. Бу эса, қишлоқ хўжалиги соҳасида хизмат қилувчиларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг қимматлашувига олиб келиши мумкин.

Бироқ нима бўлганда ҳам, ўйлайманки, агар ЕОИИ билан яқин ҳамкорлик ўрнатадиган бўлсак, бу ҳаётимизда ижобий ўзгаришларга олиб келади. Биз учун ушбу ўзгаришларда миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиб, ҳалқимиз фаровонлиги ва тинчлик-хотиржамлигини таъминлаш ўта муҳимдир.

Қодир ЖЎРАЕВ, Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси:

— ЕОИИ билан ҳамкорликнинг ижобий жиҳатлари билан бирга, айрим салбий томонлари ҳам борлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Масалан, ЕОИИга аъзо давлатларнинг бирортасига хорижий давлатлар ёки халқаро ташкилотлар томонидан санкциялар қўлланиладиган бўлса, бу ҳолат Ўзбекистонга ҳам таъсир ўтказмасдан қолмайди.

Ҳозирда ЕОИИга аъзо бўлган энг асосий мамлакат бўлмиш Россия Федерациясининг халқаро санкциялар ва босим остида қолаётганлиги ва келгусида ушбу санкцияларнинг янада кучайтирилиши мумкинлиги бизни ҳамиша сергак бўлишга даъват этади. Россия Федерацияси Иттифоқ иқтисодий потенциалининг салкам 85 фоизини ташкил этувчи мамлакат бўлиб, келгусида унга нисбатан санкциялар янада кучайтириладиган бўлса, бу ЕОИИнинг бошқа аъзо ва ҳамкор давлатларининг иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатади.

Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда айнан шунга ўхшаш ҳолат юзага келган бўлиб, дунёда коронавирус пандемияси оқибатида энергия ресурслари, хусусан, нефть нархининг тушиб кетиши Россия Федерацияси рублининг кескин қадрсизланишига олиб келмоқда. Бу эса, ўз навбатида, Иттифоқнинг бошқа аъзолари миллий иқтисодиётига ҳам зарар келтирмоқда.

Умуман айтганда, Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлик қилиш истиқболларини кенг қамровли таҳлиллар асосида ўрганиш, бунда эса нафақат миллий, балки нуфузли хорижий ҳамда халқаро экспертлар ва консалтинг компаниялар билан муҳокамалар ўтказиш талаб этилади. Шундан кейингина Ўзбекистон ЕОИИ билан ҳамкорлиги қай шаклда бўлиши тўғрисида якуний хулосага келиш мумкин.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар