Тадбиркорлар йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини қайд этувчи махсус автоматлаштирилган воситалар ўрнатилишини ташкил этиши мумкин

Тадбиркорлар йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини қайд этувчи махсус автоматлаштирилган воситалар ўрнатилишини ташкил этиши мумкин

“Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорига кўра, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида 2021 йил 1 мартдан тадбиркорларга автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини қайд этувчи махсус автоматлаштирилган фото ва видео дастурий-техник воситалари ўрнатилишини ташкил этиш ҳуқуқи берилади.

Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ўрнатиладиган жойларни тадбиркорларга бириктириш электрон аукцион савдолари орқали амалга оширилади.

Электрон аукцион савдоларида ғолиб бўлган тадбиркорларга бундай жойлар чекланмаган муддатга ва бошқа тадбиркорга ўтказиш ҳуқуқи билан бириктирилади.

Шунга кўра, 2021-2022 йилларда республика бўйича жами 3 356 та интеллектуал видеокамералар ҳамда 763 та стационар радарлар ўрнатилади.

2021 йил 1 апрелдан автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолияти учун лицензияга эга тадбиркорлар барча тоифадаги автомототранспорт воситаларини (троллейбус ва трамвайдан ташқари) бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонлар ўтказиш ҳуқуқига эга бўлади.

Бунда:

  • ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ва баҳолаш инсон омилисиз, тўлиқ автоматлаштирилган ҳолда амалга оширилади;
  • имтиҳонлар Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати вакилининг бевосита ёки онлайн назорати остида ўтказилади;
  • имтиҳонларни ўтказиш бўйича хизматлар учун тўловлар миқдори тадбиркорлар томонидан мустақил равишда белгиланади ҳамда келиб тушадиган маблағлар тўлиқ ҳажмда унинг тасарруфида қолади;
  • назарий ва амалий имтиҳонларни муваффақиятли топширган шахсларга ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун асос бўладиган махсус ҳимояланган сертификатлар берилади;
  • махсус ҳимояланган сертификатларнинг барча зарур реквизитлари тадбиркор томонидан давлат хизматлари марказлари ва ички ишлар органларига автоматлаштирилган ҳолда тақдим этилади.
Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар