2020 йилда ресурс солиқлари ва мол-мулк солиғи бўйича даромадлар ўзгариши қандай бўлган

2020 йилда ресурс солиқлари ва мол-мулк солиғи бўйича даромадлар ўзгариши қандай бўлган

2020 йилда ресурс солиқлари ва мол-мулк солиғи бўйича тушумлар 21,3 трлн. сўмни (ёки ЯИМга нисбатан 3,6%), 2019 йил тушумлари билан солиштирганда 1,6 трлн. сўмга ва 2018 йил билан солиштирганда 8,6 трлн. сўмга кўпроқни ташкил этди. Бу ҳақда Молия вазирлиги эълон қилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети даромадлар қисмининг 2020 йил ижроси бўйича дастлабки натижаларида келтирилган.

Ресурс солиқларидан тушумларнинг асосий қисми ер қаъридан фойдаланганлик учун солиққа (77,2%) тўғри келади. Бунда, 2020 йилда ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ тушумлари 2019 йил билан солиштирганда 1,7 трлн. сўмга кўпайди ва 16,4 трлн. сўмни ташкил этди, 2018 йилги солиқ тушумлари билан солиштирганда эса 1,9 баробарга ошган. Тушумларнинг асосий қисми (деярли 79,5%и) давлат кон қазиш корхоналарига тўғри келади.

Ушбу йилларда (2019-2020 й.) ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ тушумларининг кўпайиши қуйидагилар ҳисобига таъминланди:

– 2019 йилда белгиланган ушбу солиқ ставкаларининг 2020 йилда 15 фоизга индексация қилиниши, 2019 ва 2020 йилларда фойдали қазилмаларнинг айрим турлари учун солиқ солишни белгиланган ставкалардан келиб чиқиб, лекин қатьий белгиланган миқдорлардан кам бўлмаган миқдорда босқичма-босқич ўрнатиш;

– 2020 йилда қимматбаҳо металлар бозорида олтин нархининг 2019 йил билан солиштирганда 22 фоизга ошиши;

– солиқ тўловчилар сонининг охирги 2 йил мобайнида 709 та корхонага ёки 70%га кўпайиши ҳисобига.

2020 йилда мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича тушумлар деярли 2019 йил даражасида сақлаб қолинди ва 4,8 трлн. сўмни ташкил этди, 2018 йил билан солиштирганда эса 0,6 трлн. сўмга кўпайди.

Ушбу давр (2019- 2020 й.) мобайнида бу турдаги солиқлар бўйича тушумлар қуйидагилар ҳисобига таъминланди:

– ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларини (2019 йилда 1,2 ва 2020 йилда 1,15 баробарга) индексация қилиш;

– 2018 йил 1 октябрдан бошлаб саноат корхоналари (3 баробар) ва автотранспорт воситаларини ювишга ихтисослашган корхоналар (10 баробар) ҳамда 2020 йил 1 январдан эса пиво ва винодан ташқари (60 баробар) алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар учун уларни ишлаб чиқариш учун ишлатилган сув ҳажми бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларининг ошиши;

– 2019 йил 1 январдан 1 млрд. сўмгача айланмага эга бўлган барча тадбиркорлик субъектларига, юридик шахсларни инобатга олган ҳолда мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўловининг мажбурий қилиниши ва 2020 йил 1 январдан бозорлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар, шунингдек гастроль-концерт фаолиятини амалга оширувчи юридик шахсларнинг ушбу солиқларни тўловчилар жумласига киритилиши;

– 2020 йил 1 январдан қайта баҳоланган (бозор) қийматидан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқариладиган мол-мулк солиғига буткул амортизация қилинган биноларни солиққа тортишга жалб қилиш;

– 2020 йил 1 апрелдан, аввал солиқ имтиёзлари берилган объектларга нисбатан ер солиғи ставкасига пасайтирувчи коэффициент ва мол-мулк солиғи бўйича камайтирувчи ставка киритилиши. Ушбу турдаги объектларга умумфойдаланишдаги темир йўллар, магистраль қувурлар, алоқа ва электр узатиш линиялари, консервация қилиниши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинган кўчмас мулк ва бошқа объектлар киради.

Юқорида келтирилган чора-тадбирлар табиий ресурслар ва кўчмас мулк объектларидан самарали ва оқилона фойдаланиш, шунингдек, юридик шахсларга тегишли бўлган ер участкаларнинг тўлиқ ҳисобини юритиш мақсадида киритилган.

2019 йил 1 январдан юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи ставкаси 5 фоиздан 2 фоизгача пасайтирилди ва ушбу ставканинг пасайтирилиши тушумнинг деярли 2 баробарга, яъни 1,9 трлн. сўмдан 1 трлн. сўмгача камайиши тахмин қилинган. Мол-мулк солиғини тўловчиларга барча тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш ҳисобига ушбу йилда солиқ базасини ошириш натижасида (солиқ тўловчилар сони 6 баробарга кўпайиб, 58 334 тани ташкил этди) 2019 йилда ушбу солиқ бўйича даромадлар 1,6 трлн. сўмни ташкил этди. Бунда 2019 йилда янги солиқ тўловчилардан (50 минг корхона атрофида) тушумлар деярли 629 млрд. сўм ёки умумий тушумнинг учдан бирини ташкил этди.

Юридик шахслар олинадиган ер солиғи тўловчилар сони 2019 йилда 2018 йилга нисбатан 5,4 баробарга кўпайиб, 70 046 корхонани, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича эса – 16,3 баробарга кўпайиб, 56 024 корхонани ташкил этди. Мос равишда, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи тўловчилар доираси кенгайтирилиши ҳисобига 2019 йилда тушум 298,4 млрд. сўмга (маълумот учун: солиқ солинадиган ер майдонлари 388,6 минг га.га ошди ва 888,6 минг га.ни ташкил этди), сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича эса – 33,5 млрд. сўмга ошди. Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўловчилар 2020 йилда 2019 йилга нисбатан 2,4 баробарга кўпайиб, 136 366 корхонани ташкил этди. Ушбу ўсиш 80 мингдан ортиқ қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларининг йиллик айланмасидан (тушум) қатъий назар, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни ҳисобга олган ҳолда умумбелгиланган тартибда солиқ тўлашга ўтганлиги ва улар учун ягона ер солиғини бекор қилингани (2020 йил 1 январдан) билан боғлиқ. Мос равишда, 2020 йил учун солиқ тўловчилар доираси кенгайтирилиши ҳисобига сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тушуми 123 млрд. сўмга кўпайди. Маълумот учун: 2020 йил 1 январгача қишлоқ хўжалиги корхоналари барча солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ўрнига ягона ер солиғи тўлаганлар. Бунда, 2020 йилда юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи 2019 йилга нисбатан 312,9 млрд. сўмга, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича эса – 103,0 млрд. сўмга қисқарди.

Мол-мулк ва ер солиғининг камайишининг асосий сабаблари Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан коронавирус пандемияси даврида тадбиркорлик субъектларига қатор солиқ имтиёзлари ва преференциялар берилгани ҳисобига тўғри келади:

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сонли ҳамда 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сонли Фармонларида назарда тутилган, тадбиркорлик субъектларига ушбу солиқларни тўлаш бўйича соддалаштирилган тартиб талабларида фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш);

– кичик тадбиркорлик субъектларининг солиқлар бўйича фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) берилган, 2020 йил апрель ва май ойларида тўлаши лозим бўлган ушбу турдаги солиқ суммалари ҳисобдан чиқарилди;

– алоҳида тадбиркорлик субъектларига 2020 йилнинг охирига қадар ушбу турдаги солиқларни тўлашдан озод қилинди.

Жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи бўйича тушум 2020 йилда 73,1 млрд. сўмга қисқариб, 733,4 млрд. сўмни ташкил қилиб, 2018 йил билан солиштирганда эса, 25,1 млрд. сўмга кўпайди. 2018 йилдан бошлаб жисмоний шахсларга тегишли бўлган мулк объектларига кадастр қийматидан (2018 йилдан бошлаб инвентарь қийматдан бекор қилинди) келиб чиқиб солиқ солишга ўтилди. Ушбу чора кўчмас мулк объектларига солиқ базаси сезиларли оширилишига имкон берди. Шунга асосан солиқ солиш мақсадида кўчмас мулк объектлари қиймати 46,6 трлн. сўмдан 293,6 трлн. сўмга кўпайди. Шу билан бирга ушбу даврда солиқ ставкалари 1,7 дан 0,2 фоизгача (8,5 баравар) камайтирилди. Бунда, солиқ юкининг кескин ўсишига йўл қўймаслик мақсадида, 2018 йилда ва ундан кейинги (2019-2020) йилларда чегара белгиланган бўлиб, жорий йил учун 2018 йилда белгиланган кадастр қиймати асосида ҳисобланган солиқ суммаси аввалги йилда ҳисобланган солиқ суммасидан ошмаслиги лозим. Шунга асосан 2018 йилда 2017 йил учун ҳисобланган солиқ суммасидан 1,2 баробардан, 2019 йилда – 1,3 баробардан ва 2020 йилда – 1,3 баробардан кўп ошиши мумкин эмас.

Кўчмас мулк объектларининг кўпайиши ҳисобига солиқ бўйича тушумлар таъминланган. Уларнинг ошишига таъсир этувчи асосий омиллар қуйидагилар ҳисобланади:

– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 29 июндаги 445-сонли қарори доирасида аниқланган кўчмас мулк объектлари;

– охирги 3 йил давомида қурилган янги уйлар; – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 апрелдаги ПФ-5421-сонли Фармонига мувофиқ фуқароларнинг ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини (турар-жой амнистияси) ўтказилиши.

Бу орқали турар жой кўчмас мулк объектларининг сони 2020 йил охирига 7 354 мингтани ташкил этди (2018 йилда – 5 944 та).

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар