Президент Шавкат Мирзиёев 15 февраль куни Жиззах вилоятининг инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди. Давлат раҳбарига мазкур вилоятда жорий йилда амалга ошириладиган 515 та лойиҳа ҳақида маълумот берилди. Лойиҳаларнинг умумий қиймати 35 триллион 500 миллиард сўм. Уларнинг натижасида йилига 25 триллион сўмлик маҳсулот тайёрлаш қувватига эга янги корхоналар, қарийб 23 минг иш ўрни ташкил этилади. 264 миллион долларлик импорт ўрнини босиш ҳамда 311 миллион долларлик экспорт имконияти яратилади.
Жиззах вилоятида қурилиш материаллари, автомобилсозлик ва тўқимачилик саноати ҳамда қишлоқ хўжалиги тармоқлари катта салоҳиятга эга. Лойиҳаларни шакллантиришда ушбу соҳалар “драйвер” сифатида белгилаб олинган.
Масалан, қурилиш материаллари саноатида 8 та лойиҳа режалаштирилган. Улардан бири – базальт толаси ва ундан турли материаллар ишлаб чиқаришга қаратилган. 723 миллиард сўмлик мазкур лойиҳа учун бугунги кунда ер ажратилган. Корхона шу йил учинчи чоракда ишга туширилиб, 205 та иш ўрни очилиши мўлжалланган.
Шунингдек, юқори маркали цемент, бетон плиталар, арматуралар, геосеткалар ишлаб чиқариш бўйича ҳам истиқболли лойиҳалар бор.
Автомобиль саноатида ҳам лойиҳалар кўзда тутилган. Масалан, микроавтобус, тижорат ва юк автомобиллари ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа ички бозор учун ғоят зарур. Бу корхона жорий йил якунида фойдаланишга топширилиб, 500 киши иш билан таъминланиши режалаштирилган.
Жиззах шаҳрида ташкил этиладиган тўқувчилик мажмуаси маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш, хотин-қизлар бандлигини оширишда муҳим ўрин тутади. 39 миллион долларлик мазкур корхона қурилиши бу йил ёзда бошланиб, келгуси йил ишга туширилади.
Изоҳ қолдириш