2021 йилда Давлат бюджетидан таълим, фан ва соғлиқни сақлаш соҳаларига қанча маблағ ажратилиши кутилмоқда

2021 йилда Давлат бюджетидан таълим, фан ва соғлиқни сақлаш соҳаларига қанча маблағ ажратилиши кутилмоқда

2020 йил 7 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари ҳамда хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмиталарининг “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг дастлабки тарздаги муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди.

Унда сенаторлар, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Қайд этилганидек, 2021 йилда ялпи ички маҳсулот ўсиш суръати 5,1 фоизни ташкил этиши назарда тутилиб, бунда саноат ишлаб чиқариш ҳажми 5,8 фоиз, қурилиш 6,5 фоиз, қишлоқ хўжалиги 2,7 фоиз, хизматлар 6,4 фоиз, чакана савдо айланмаси 5,6 фоиз, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар 17,9 фоиз, товарлар ва хизматлар экспорти 8,4 фоиз, импорт 8,6 фоиз ошиши кутилмоқда. Бунда ташқи савдо айланмасининг 8,1 фоизга ошиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, мажлисда 2021 йилги Давлат бюджетининг 2021 йилги даромадлари 147,0 трлн. сўмни ёки ялпи ички маҳсулотнинг 21,3 фоиз миқдорида, харажатлари эса 165,6 трлн. сўмни, ялпи ички маҳсулотга нисбатан 24,0 фоизни ташкил этиши прогноз қилинганлиги қайд этилди.

Давлат бюджетининг 2021 йилги прогнозида таълим, соғлиқни сақлаш ва фанни янада ривожлантириш учун 55,4 трлн. сўм маблағ йўналтирилиши режалаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумат қарорларига мувофиқ иқтисодиёт, ижтимоий соҳа, транспорт-коммуникация, техник-муҳандислик, энергетика ва бошқа тармоқларни ривожлантириш бўйича қабул қилинган Давлат дастурлари ва тадбирларни амалга ошириш учун Давлат бюджетидан 2021 йилда 44,5 трлн. сўм маблағ ажратилиши назарда тутилган.

Жумладан, 2021 йилда Давлат дастурларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, хусусан, узлуксиз таълим тизимини ва фанни ривожлантириш дастурларини амалга ошириш ҳамда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида Давлат бюджетидан таълим соҳасига 2197 млрд. сўм, фанга 168 млрд. сўм, соғлиқни сақлашга 3952 млрд. сўм миқдорида маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар