Ҳисоб палатаси 2022 йил учун «Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ва бюджетнома бўйича ўз хулосасини эълон қилди.
Бюджетномага мувофиқ, 2021 йилда Давлат бюджетининг умумий даромадлари 173,2 трлн сўмни (ЯИМга нисбатан 24%), шу жумладан:
- давлат солиқ идоралари бўйича 128,8 трлн сўмни (17,9%);
- давлат божхона идоралари бўйича 33,0 трлн сўмни (4,6%);
- Молия вазирлиги тушумлари 11,4 трлн сўмни (1,6%) ташкил қилиши кутилмоқда.
2021 йилда тасдиқланган 147,2 трлн сўмлик параметр 26,0 трлн сўмга ортиғи билан бажарилиши кўрсатилган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра тасдиқланган параметрлар қўшилган қиймат солиғи бўйича 6 661,0 млрд сўмга, айланмадан олинадиган солиқ 402,0 млрд сўмга бажарилмаслик эҳтимоли мавжуд. Шунингдек, тасдиқланган параметрлар юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича 10,9 трлн сўмга ва бошқа даромадлар бўйича 9,4 трлн сўмга ортиқча бажарилиши кутилмоқда.
Молия вазирлиги билан ҳамкорликда солиқ солиш базасидаги ўзгаришларни қайта кўриб чиқиш, ишлаб чиқариш ҳажмларидаги ўсиш кўрсаткичларини, солиқ маъмурчилигидаги ўзгаришларни ва солиқ имтиёзлари таркибини таҳлил қилиб, умумий ҳисобда давлат бюджети даромадлари прогнози дастлабки Қонун лойиҳасига нисбатан 3,0 трлн сўмга оширилган ҳолда 193,0 трлн сўм қилиб белгиланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 октябрдаги 02/5-100-сонли хати билан қайта киритилган Қонун лойиҳасига мувофиқ, 2022 йил учун Давлат бюджети даромадлари (бюджетлараро трансфертлар билан биргаликда) жами 193,0 трлн сўм (ЯИМга нисбатан 23%) миқдорида прогноз қилинмоқда, 2023 йилга мўлжал – 210,7 трлн сўмни (21,7%), 2024 йилга мўлжал – 246,7 трлн сўмни (22%) ташкил қилмоқда.
2022 йил учун Давлат бюджети даромадлари:
- давлат солиқ идоралари бўйича 145,7 трлн сўмни (ЯИМга нисбатан 17,3%);
- давлат божхона идоралари бўйича 39,8 трлн сўмни (4,8%);
- Молия вазирлиги тушумлари бўйича 7,5 трлн сўмни (0,9%) ташкил қилмоқда.
2022 йил учун давлат бюджети даромадларини прогнози бюджет даромадларига сезиларли таъсир кўрсатувчи нарх ва валюта курсларининг ўртача миқдорлари асосида ҳисоб-китоб қилинган.
Жумладан, прогнозларда валюта курсидаги (1 АҚШ долларининг ўртача йиллик суммаси – 11 321 сўм), стратегик маҳсулотларнинг нархлари (1 троя унция олтин нархи - 1 700 АҚШ доллар, кумушнинг нархи - 25 АҚШ доллар, миснинг 1 тоннасига 8 500 АҚШ доллар, 1000 м 3 табиий газнинг экспорт нархи – 100 АҚШ доллар) кутилаётган ўзгаришлар инобатга олинган.
Шунингдек, 2022 йилда импорт ҳажмининг, айниқса акциз солиғининг бекор қилиниши натижасида халқ истеъмол товарлари импорт ҳажмини кичик даражада ошиши, даромадларнинг салмоқли қисмини ташкил қилувчи асосий маҳсулотлар ва акциз солиғига тортиладиган товарларнинг ишлаб чиқариш ҳажмларининг ошиши, иш ҳақи миқдорларининг ялпи ички маҳсулоти номинал 32 ўсишига мос равишда ўсиши ҳамда табиий газ экспортининг ошиши ва экспорт нархларининг сақланиб қолиши каби кўрсаткичлар инобатга олинган.
Изоҳ қолдириш