Электр энергияси ва табиий газ тариф нархлари оширилиши режалаштириляпти

Электр энергияси ва табиий газ тариф нархлари оширилиши режалаштириляпти

Ҳисоб палатасининг 2022 йил учун давлат бюджети юзасидан хулосасига кўра, 2022 йилда энергия ресурслари, жумладан, электр энергияси, табиий газ, иссиқ сув ва иссиқлик энергияси, совуқ сув ва канализация тарифлари нархлари индексация қилиниши кўзда тутилмоқда.

Хусусан, энергия ресурсларининг истеъмол нархлари индексини ҳисоблаш базасидаги вазни ва индексга таъсири асосидаги ҳисоб-китобларга таянилса, мазкур ресурслар нархларининг ошиши қуйидагича кўринишда бўлиши мумкин:

  • электр энергияси — 33+ фоиз;
  • табиий газ — 21+ фоиз;
  • иссиқ сув ва иссиқлик энергияси — 20+ фоиз;
  • совуқ сув ва канализация — 34+ фоиз.

Қайд этилишича, 2020−2021 йилларда энергия ресурслари, жумладан, электр энергияси ва табиий газни ички истеъмолчиларга сотиш нархлари деярли ўзгармаган.

Истеъмол нархлари индексини ҳисоблаш базасида юқори вазнни эгалловчи ушбу товар ва хизматлар нархининг ошиши, умумий индекс миқдорининг ошишига олиб келади.

Шу нуқтаи назардан, энергия ресурслари тариф нархларининг кескин оширилишини ҳисобга олган ҳолда, 2022 йилда инфляция даражасининг ўтган йилга нисбатан пасайишини таъминлаш учун бошқа истеъмол товар ва хизматлар нархлари ўсиш суръатларини сезиларли даражада пасайтириш юзасидан тавсиялар берилган.

Хусусан, тегишли давлат мутасадди ташкилотларига асосий истеъмол товарлари ҳисобланган «озиқ-овқат (гўшт, ун маҳсулотлари, мева-сабзавотлар), ноозиқ-овқат товарлари (кийим-кечак, қурилиш моллари) ва бошқа хизматлар (транспорт ва алоқа)га бўлган талабни тўлақонли таъминлаш» орқали,мазкур товарлар нархлари барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирларини кўриш тавсия қилинган.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар