Абдулла Арипов яқин ва узоқ муддатга мўлжалланган ҳаракатлар дастури лойиҳасини тақдим этди

Абдулла Арипов яқин ва узоқ муддатга мўлжалланган ҳаракатлар дастури лойиҳасини тақдим этди

21 январ куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида Бош вазири Абдулла Арипов Вазирлар Маҳкамасининг яқин ва узоқ муддатга мўлжалланган ҳаракатлар дастури лойиҳасини тақдим этди.

Ҳудудлар ривожлантирилади

Абдулла Арипов Президент томонидан белгилаб берилган Ўзбекистон Республикасини 2030 йилга қадар ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиб, яқин кунларда тасдиқлаш учун тақдим этилишини маълум қилди. У ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда ислоҳотларни амалга ошириш, муҳандислик коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, ҳудудларни мутаносиб ривожлантиришни қамраб олади.

Кейинги 5 йилда ялпи ички маҳсулот 6 фоизга ўсади

Макроиқтисодий барқарорлик, иқтисодиётни янада ислоҳ этиш, миллий иқтисодиётни диверсификация қилиш ҳамда рақобатбардошлигини ошириш чоралари кўрилади. Бунда, ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 2020 йилда 5,5 фоиздан кам бўлмаслиги ва кейинги 5 йилда эса унинг ўсиш суръатлари ўртача 6 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.

2025 йилда хизматлар кўрсатиш ошади

Ҳукумат 2025 йилга бориб саноатнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 30 фоиздан 33 фоизгача, хизматлар кўрсатишни эса 35 фоиздан 37 фоизгача ошириш чораларини кўради.

Иқтисодиётни ривожлантириш учун стратегиялар ишлаб чиқилади

Абдулла Арипов Сенат қўшма мажлисида “Иқтисодиётни бошқаришда бозор механизмларини кенг жорий этиш ва иқтисодиётнинг муҳим тармоқларини ривожлантириш бўйича стратегиялар ишлаб чиқилади ва амалга оширилади”, деди.

2021–2022 йилларда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш диверсификация қилинади

Хусусан, биржа савдоларида юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларни сотишнинг ягона тартибини жорий этиш режалаштирилган. 2021–2022 йилларда савдо корхоналари ва логистика марказларини ривожлантириш стратегияси ва қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилади ва амалга оширилади.

Юқори технологияли қайта ишлаш тармоқларини ривожлантириш давом этади

Шунингдек, саноатни модернизация ва диверсификация қилиш, юқори технологияли қайта ишлаш тармоқларини жадал ривожлантириш, энергия тежамкор технологияларни ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш давом эттирилади.

Минерал хом ашё базасини ривожлантириш дастури ишлаб чиқилади

Бунинг учун 2020 – 2025 йилларга мўлжалланган саноатни ривожлантириш концепцияси, 2020–2021 йилларда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда Минерал хом ашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш дастурлари ишлаб чиқилади.

2030 йилга бориб Электротехника саноатида ишлаб чиқариш ҳажмини 5 баробарга ошириш кўзда тутиляпти

“Бундан ташқари, яқин йилларда импорт ўрнини босувчи ва маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб қувватловчи соҳа – электротехника саноатига иқтисодий ўсишнинг “драйвери” сифатида қараймиз”, деди Бош вазир.

Жорий йилда 2020 – 2030 йилларда Электротехника саноатини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилади.

2030 йилга бориб ушбу соҳада ишлаб чиқариш ҳажми 5 баробарга (4 млрд. долл.), экспорт ҳажми 6 баробарга (1,5 млрд.долл.), мазкур соҳада ишловчилар сони 3 баробарга (50 мингдан ортиқ) кўпайиши, мамлакат аҳолисининг электротехника ва маиший техника маҳсулотларига бўлган талабини 80-90 фоизга маҳаллий маҳсулотлар билан таъминлаш ҳисоб-китоб қилинмоқда.

7,6 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилади

2025 йилга келиб ёқилғи-энегетика соҳасида умумий қиймати 7,6 миллиард долларга тенг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Шу мақсадда электр энергияси ишлаб чиқаришни 1,4 баробарга, табиий газ қазиб чиқаришни 1,2 баробарга, нефть маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 2,1 баробарга ошириш кутилмоқда. Шунингдек, табиий газни мамлакатимизда қайта ишлаб, қўшимча қийматли ва бозорбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватлари кенгайтирилиши режалаштирилмоқда.

Жорий йилдан давлат корхоналарига эгалик қилиш Стратегияси ишлаб чиқилади

Энергия сарфини камайтириш ва нореал тўловларни олдини олиш учун 2020 йил охирига қадар истеъмолчиларга электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш бўйича электрон ҳисоблагичларни тўлиқ ўрнатилади.

Кимё саноатини ривожлантириш дастури доирасида 12 миллиард долларлик 31 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, 50 та янги турдаги маҳсулотлар ўзлаштирилади.

Мавжуд 21 та эркин иқтисодий ҳамда 156 та кичик саноат зоналари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар белгиланади. Уларнинг сонини 2 баробарга ошириш кутилмоқда.

Корпоратив бошқарувнинг замонавий принциплари ва усулларини амалга ошириш учун 2020-2030 йилларда давлат корхоналарига эгалик қилиш, бошқариш ва ислоҳ қилиш Стратегияси ишлаб чиқилади.

Норасмий иш ўринлари легаллаштирилади

Абдулла Ариповнинг таъкидлашича, тадбиркорликни жадал ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини мунтазам яхшилаб бориш, “хуфиёна иқтисодиёт” улушини қисқартириш, иқтисодиётда давлат иштирокини мақбуллаштириш учун шарт-шароитлар яратилади.

Кўриладиган чоралар натижасида кичик бизнеснинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 2020 йил якунида 62 фоиздан оширишга эришилиши керак. Солиқ соҳасида ислоҳотларни амалга ошириш ҳисобига жорий йилда норасмий иш ўринларининг 500 мингтасини легаллаштириш режалаштирилган.

Бош вазир қабулхонаси табдиркорлар муаммосини ўрганади

2030 йилга келиб, Жаҳон банкининг бизнесни юритиш индексида Ўзбекистоннинг ҳозирги 69 ўрнидан 20 ўринга кўтариш вазифаси қўйилди.

Бош вазирнинг қабулхоналарида тадбиркорлар, шу жумладан, чет эллик инвесторларнинг муаммоларини ҳал этилади, деди Бош вазир.

Кам таъминланганлар учун субсидия ажратилади

Абдулла Арипов урбанизация жараёнларини давлат томонидан тартибга солиш ва давлат уй-жой сиёсатини амалга ошириш таъминланишини таъкидлади. Шу мақсадда 2030 йилгача урбанизацияни ривожлантириш Концепцияси, шунингдек, кам таъминланган оилаларга ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ёки фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун Давлат бюджети ҳисобидан субсидиялар ажратилади.

"Уй-жойлар қурилишида янги турдаги энергиятежамкор қурилиш материалларидан кенг фойдаланилади. Қишлоқ массивларида 5-7 қаватли, шаҳарларда эса 12-16-18 ҳатто 30 қаватгача бўлган уйлар қурилади".

Янги "натижага йўналтирилган" бюджет тизими жорий қилинади

Ўзбекистонда бюджет, молия ва пул-кредит соҳасидаги ислоҳатлар давом этади. Биринчидан, бюджет-молия ва пул кредит мувофиқлаштириш яхшиланади.

Давлат қарзини халқаро стандартларга мувофиқ самарали бошқариш, уни макроиқтисодий барқарорлик учун хавфсиз даражада ушлаб туриш ва давлат кафолатлари механизмини такомиллаштириш учун "Давлат қарзи тўғрисида"ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Бундан ташқари, 2020–2024 йилларга мўлжалланган давлат молия менежменти тизимини такомиллаштириш стратегияси ишлаб чиқилади, жумладан, янги "натижага йўналтирилган" бюджет тизими жорий қилинади, бюджет тўғрисидаги маълумотларнинг ошкоралигини таъминланади ва бюджет жараёни устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтиради. Давлат бюджети харажатларининг ижтимоий йўналтирилганлиги сақланиб қолади, маҳаллий бюджетларнинг мустақиллиги ва маҳаллий ҳокимият органларининг жавобгарлиги оширилади.

"Адолатли" солиқ тизими яратилади

Қабул қилинган "Солиқ кодекси"ни янги таҳрирда амалиётга татбиқ этиш ва "адолатли" солиқ тизимини яратиш мақсадида мамлакатда солиқ маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш давом эттирилади.

Солиқ тизимини янада соддалаштириш ва самарали солиқ-бюджет сиёсатини юритиш бўйича чоралар кўрилади. Ушбу мақсадларга эришиш учун 2021–2023 йилларга мўлжалланган Фискал стратегия ишлаб чиқилади. Умумий фискал балансини (жамланган давлат бюджети ва давлат қарзи) ЯИМнинг ҳозирги 2,7 фоизидан 2022 йилда 1,5 фоизгача камайтириш режалаштирилган. Шу билан бирга, валюта бозорини ривожлантириш стратегияси ва "Капитал бозори тўғрисида" ги қонун лойиҳаси, шунингдек, валютани тартибга солишнинг замонавий механизмларини жорий этиш ва миллий валюта барқарорлигини таъминлаш учун қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилади.

Банк соҳасига оид янги қонун ишлаб чиқилади

Банк тизимининг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш, суғурта ва лизинг тизимини ривожлантириш чоралари кўрилмоқда. Яқин кунларда "Нобанк кредит ташкилотлари тўғрисида" ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади. Президент топшириғига кўра, АҚШнинг Америка Бостон Консалтинг Гуруп (BCG) экспертлари иштирокида ишлаб чиқилган Қишлоқ хўжалиги соҳасини диверсификация қилиш бўйича концепцияси амалга оширилади. Шу билан бирга, аграр секторни модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чоралари кўрилади.

"Бизнинг асосий вазифамиз пахта ва ғалла саноатида бозор тамойилларини жорий этиш, ер эгасига бўлган муносабатни кучайтириш, селекция ва уруғчиликни ривожлантириш, ўсимликларни ҳимоя қилиш ва кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш", деди Абдулла Арипов.

Ижтимоий соҳаларда "Инсон капитали" яхшиланади

Ижтимоий соҳада асосий вазифалар тиббиёт, таълим, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, ушбу соҳалардаги инфратузилмани яхшилаш, бир сўз билан айтганда, "Инсон капитали"ни яхшилаш билан белгиланади. Хусусан, узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш соҳасида "Таълим тўғрисида" ги қонуннинг янги таҳрири қабул қилинади. "Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида" янги қонун амалиётга татбиқ этилади. Мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, давлат-хусусий шерикликнинг самарали тизимини (ДХҲ) ривожлантириш чоралари белгиланган.

Мактабгача таълимнинг альтернатив шакли жорий этилади

2020–2022 йилларда мактабгача таълимнинг альтернатив шакллари жорий этилади. 2021 йилда 6 ёшга тўлган 692 минг нафар бола мактаблардаги мажбурий бир йиллик бепул тайёрлов гуруҳлари билан тўлиқ қамраб олинади, 2022 йилда 3-7 ёшдаги 2 миллион бола (70%) мактабгача таълим ташкилотлари томонидан қамраб олинади.

Ёшлар орасида олий маълумот олиш даражаси 2025 йилга келиб 20% дан 35% га оширилади. Бундан ташқари, беш йил ичида хорижий хусусий университетлар сони камида 30 тага кўпаяди.

Олий ўқув юртларида ўқув жараёнини босқичма-босқич кредит-модул тизимига ўтказиш ва олий таълимнинг илғор стандартларини жорий этиш чоралари кўрилади.

2022 йилда ҳудудлар реанимация машиналари билан тўлиқ таъминланади

Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, мажбурий тиббий суғуртага ўтиш, давлат ташкилотларини молиялаштириш тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади ва амалга оширилади.

2022 йилга келиб, ҳудудларга замонавий ускуналар билан жиҳозланган ва ягона call-марказга уланган 1500 та Форд реанимацияси етказиб берилади.

2030 йилгача жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш консепсияси ишлаб чиқилади.

Ўзбекистонга 2025 йилда 12 млн туристлар келиши кутилмоқда

Туризм индустриясини ривожлантириш ва туризм инфратузилмасини кенгайтириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш чоралари кўрилади. 2019-2025 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш концепциясида белгиланган устувор вазифаларнинг амалга оширилиши натижасида мамлакатимизга 2020 йил якуни билан 7 млн нафар ҳамда 2025 йилга қадар 12 млн нафар хорижий туристлар келиши кутилмоқда.

Ёшлар учун 400 млрд сўмлик кредит ажратилади

Ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида "Ўзбекистон ёшлари – 2030" концепцияси ишлаб чиқилади. “Yoshlar – kelajagimiz” давлат дастури доирасида ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун 400 миллиард сўмдан ортиқ имтиёзли кредитлар ажратилади. Ёшларнинг илмий ва бадиий китобларни, шу жумладан, электрон китобларни ўқишга бўлган қизиқишини кучайтириш ва уларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида 2020–2030 йилларга мўлжалланган "Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича миллий дастур" қабул қилинади ҳамда мактабларда "тарбия" фани жорий этилади.

2020 йилда 7 та музей қурилади

Маданий-гуманитар соҳада 2020-2024 йилларда маданият ва санъат муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади. Жумладан, 7 та музей қурилиб, 56 та музей ва 20 та театр таъмирланди.

2030 йилгача "Рақамли қишлоқ хўжалиги" ташкил этилади

2020-2022 йилларда рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукумат тизимларини "кенг ва фаол" жорий этиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади.

2030 йилгача Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Унда 11 мингта ижтимоий соҳа муассасаларини кенг полосали Интернет тармоғига уланишни таъминловчи шахсий гувоҳномаларни (ID-карталар) жорий этиш, "Ақлли қишлоқ хўжалиги", "Рақамли қишлоқ хўжалиги", "Электрон тиббиёт", "Электрон таълим", “Ягона интеллектуал транспорт” ва бошқа дастурлар жорий этилади. 2020-2022 йилларда Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро, Самарқанд, Наманган вилоятлари ва Тошкентда IT-Parkларни, шунингдек, туманларда 150 та рақамли технологиялар бўйича ўқув марказларини қуриш режалаштирилган.

Транспорт тизимини ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилади

Ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, 2020-2030 йилларда Автомобил йўллари ва Транспорт тизимини ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилади. Транспортни бошқаришга хусусий ва хорижий капитал жалб қилинади.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида "Чиқиндилар тўғрисида" янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш стратегияси

Санитария хизматларини 2025 йилга қадар қамраб олиш мамлакат аҳолисининг 100 фоизини ташкил этади ва 2028 йилга келиб чиқиндиларни қайта ишлашни 45 фоизга етказадиган қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш стратегияси амалга оширилади. Тошкент шаҳри учун 2020-2024 йилларга мўлжалланган қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш концепциясини қабул қилинади.

Ижроия органлари устидан жамоатчилик назорати кучайтирилади

Абдулла Ориповнинг сўзларига кўра, 2020 йилда ва кейинги йилларда маъмурий ислоҳотлар концепциясини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Ижроия органларининг фаолиятини такомиллаштириш, улар устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш ва давлат бошқаруви тизимида стратегик режалаштиришнинг замонавий шаклларини жорий этиш режалаштирилган.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар