Абдулла Арипов Қозондаги ЕОИИ саммитида сўзга чиқиб, ҳамкорлик меморандумини имзолади

Абдулла Арипов Қозондаги ЕОИИ саммитида сўзга чиқиб, ҳамкорлик меморандумини имзолади

30 апрел куни Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Евроосиё Иқтисодий Комиссияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ҳужжат бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Россия Федерацияси Қозон шаҳрига, Евроосиё ҳукуматлараро кенгашининг навбатдаги йиғилишида кузатувчи давлат сифатида иштирок этиш учун амалга оширган ташрифи доирасида имзоланди.

Ҳужжат кузатувчи давлат сифатида Ўзбекистон ва ЕОИК ўртасида савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантиришга қаратилган.

Меморандум, шунингдек, божхона ва техник жиҳатдан тартибга солиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, дори воситалари ва тиббиёт буюмлари айланмаси, транспорт, энергетика, саноат ва агросаноат мажмуаси, интеллектуал мулк ва бошқа иқтисодиёт тармоқлари каби соҳаларда ахборот алмашинувини ўз ичига олади.

«Меморандум халқаро шартнома ҳисобланмайди ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва ЙEКга молиявий ва ҳуқуқий мажбуриятларни юкламайди», – дейилади ТИВ ахборотида.

Томонлар маслаҳатлашувлар ва делегациялар алмашинувини ташкил этишнинг аниқ саналарини ўз ичига олган 2021-2023-йилларга мўлжалланган қўшма тадбирлар режасини ҳам қабул қилди.

Аввалроқ, март ойида президент Шавкат Мирзиёев Россия билан ҳамкорликни ривожлантиришга доир қарор имзолаган эди.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар