Акмал Бурхонов: “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг энг муҳим ўзгаришларни санаб ўтмоқчиман

Акмал Бурхонов: “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг энг муҳим ўзгаришларни санаб ўтмоқчиман

Қонунчилик палатаси томонидан “Таълим тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурхонов ўзининг Telegram’даги каналида ушбу қонундаги энг муҳим ўзгаришларни келтирди.

  • Қонунга таълим ва тарбияга миллий ҳамда умуминсоний қадриятларнинг сингдирилганлиги принципи киритилмоқда;
  • 11 йиллик таълимнинг ҳамда 6 ёшдан 7 ёшгача бўлган болаларни бир йил давомида умумий ўрта таълимга тайёрлашнинг мажбурийлиги ўрнатилмоқда;
  • Нодавлат таълим ташкилотлари томонидан умумий ўрта ва ўрта махсус таълимнинг амалга оширилиши мумкинлиги мустаҳкамланмоқда;

Таълим олишнинг қуйидаги шакллари белгиланмоқда:

  • ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таълим олиш (кундузги);
  • ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим олиш (сиртқи, кечки, масофавий, дуал);
  • оилада таълим олиш ва мустақил таълим олиш;
  • катта ёшдагиларни ўқитиш ва уларга таълим бериш;
  • мудофаа, хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти соҳасида кадрлар тайёрлаш;
  • инклюзив таълим;
  • экстернат тартибида таълим олиш.
  • Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотларининг синфларида таълим олувчилар сони 35 нафардан ошмаслиги белгиланмоқда;
  • Бакалавриат йўналишида таълим олиш давомийлиги камида 3 йил, магистратурада эса камида 1 йил этиб белгиланмоқда;
  • Оилада таълим олган ва мустақил таълим олган шахсларга давлат томонидан тасдиқланган намунадаги таълим тўғрисидаги ҳужжат берилиши мумкинлиги белгиланмоқда;
  • Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг таълим сифати ва даражасига, шунингдек педагог ходимларнинг касб фаолиятига бўлган давлат талабларига риоя этилишига доир ваколатлари бекор қилинмоқда;
  • Таълим ташкилотларида сиёсий партияларнинг ташкилий тузилмаларини ташкил этиш тақиқланмоқда;
  • Чет давлатлари ва Ўзбекистон олий таълим ташкилотлари ўртасида тузилган шартнома асосида уларнинг битирувчиларига икки томонлама диплом (Double Diploma) берилиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Шунингдек, қонун билан таълим ташкилотларида таълим олувчиларнинг кийим-бошига доир талаблар қўйилиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар