Жорий йилнинг май ойи учинчи ўн кунлигилда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (CERR) томонидан ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар Акселератори (Акселератор) «leadership meeting» (раҳбарларининг учрашуви) видеоконференция шаклида бўлиб ўтди.
Йиғилишдан кўзланган мақсад, давлат органлари ва ташкилотлари ресурсларини сафарбар этиш, шунингдек, белгиланган муаммоларни 100 кунлик муддатда Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) Ҳукумат Акселератори методологиясига мувофиқ тезкор ва самарали ҳал этиш эди.
Йиғилишда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори О.Ҳакимов ва Акселератор координаторлари М.Бабаджанов, A.Холмурзаев ва Т.Ниязматов иштирок этишди.
Видеоконференцияда вазирлик ва идоралардан жами 50 нафардан ортиқ раҳбар ва мутасадди ходимлар иштирок этишди.
Тадбир давомида иштирокчиларга Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори О. Ҳакимов томонидан 100 кун ичида ўрганилиши керак бўлган устувор масалаларни баён қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Aдминистрациясининг фармойиши билан қуйидаги муаммолар тасдиқланди:
- Фуқароларнинг давлат ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган хизматлардан қониқиш даражасини баҳолаш мезонларини шакллантириш.
Бугунги кунга келиб фуқаролар билан ишлайдиган вазирлик ва идоралар томонидан кўрсатиладиган хизматлардан фуқароларнинг қониқиш даражасини баҳолаш мезонлари мавжуд эмас.
Бу масалани ижобий ҳал этиш учун Бирлашган Араб Амирликлари тажрибасидан фойдаланган ҳолда «Happiness Metrics» тизимини жорий этиш таклиф этилмоқда. Ушбу тизимга мувофиқ барча фуқаролар ўзларига кўрсатиладиган давлат хизматларини эмотиконлар (аъло, қониқарли ва ёмон) орқали баҳолашлари мумкин. Йил охирида учта энг яхши ва учта самарасиз фаолият кўрсатадиган вазирлик ва идоралар аниқланади, паст рейтингни кўрсатган вазирлик ёки идоралардаги ишларнинг ҳолати чуқур ўрганилади ва уларни келтириб чиқарган сабабларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади. Шунингдек, ушбу тизим орқали тегишли вазирлик ва идоралар фаолиятининг якуний натижаларига эришиш учун ходимлар масъулияти оширилиб, иш самарадорлигини яхшилаш мақсадида давлат органлари орасида рақобат муҳити яратилади.
- Ўзбекистон Республикасининг энергетика статистикасини БМТ стандартларига мувофиқ шакллантириш.
Республикада БМТнинг Статистика ташкилоти ва Халқаро энергетика агентлиги стандартлари асосида ёқилғи-энергетика манбаларидан оқилона фойдаланиш ва самарадорлигини таъминлаш имкониятини берувчи ягона ёқилғи-энергетика баланси мавжуд эмас.
Шу муносабат билан республикада шаклланаётган энергетика статистикаси маълумотларни инвентаризация қилиш ва етишмаётган маълумотларни қамраб олиш учун мавжуд статистик ҳисоботларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, натижада киритилган ўзгаришлар асосида энергия балансини ишлаб чиқиш таклиф этилади.
- Тадбиркорлик субъектлари фаолияти йўналишлари учун рейтинг юритиш тизимини жорий этиш.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 сентябрдаги ПФ-5817-сонли “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг вазифаларидан бири истеъмолчиларга товар (ишлар), хизматлар, уларнинг ишлаб чиқарувчилари, пудратчилари ва сотувчилари тўғрисида, шу жумладан ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш тўғрисида ишончли ва тўлиқ маълумот олиш имкониятини беришдир.
Шу муносабат билан республикада истеъмолчиларнинг товар ва хизматлар тўғрисида хабардорлигини ошириш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолияти бўйича рейтинг баҳоларини ўтказиш тизимини яратиш ҳамда уларнинг сифатини ошириш таклиф этилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, уч йўналишнинг ҳар бир соҳа учун жалб этилган вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари билан ишчи гуруҳлари ташкил этилади, улар Акселератор координаторлари билан ҳар 25 кунда амалга оширилган ишлар натижадорлигини кўриб чиқишади.
100 кунлик иш якунларига кўра, якуний босқичда Акселератор раҳбарларининг йиғилиши бўлиб ўтади, унда ҳар бир муаммони ҳал қилишда эришилган якуний натижаларни кўриб чиқилади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Мавзуга оид материаллар:
Изоҳ қолдириш