2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимининг сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилишига асос бўлди, деб ёзади Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази бош илмий ходими Муҳаммаджон Бабаджанов.
Аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш соҳаси ривожланишини шартли равишда 2 босқичга бўлиш мумкин, бунда биринчи босқич 1991 йилдан 2017 йилгача бўлган даврни, иккинчи босқич эса 2017 йилдан ҳозирги кунгача даврни ўз ичига олади.
Биринчи босқичда давлат хизматларини кўрсатиш даражаси кўп жиҳатдан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг талабларига жавоб бермас эди, соҳада юқори даражадаги бюрократия сақланиб турди ва умуман олганда мазкур ҳолатлар аҳолининг давлат бошқаруви тизимига бўлган ишончининг ошишига ҳисса қўшмади.
Давлат хизматларини кўрсатиш соҳаси ривожланишининг иккинчи босқичида эса амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли улкан ўзгаришлар юз берди, давлат хизматларини кўрсатишнинг бутун тизими такомиллаштирилди, идоралараро электрон ҳамкорлик изчил йўлга қўйилди, ортиқча бюрократик таомиллар ва ҳужжатлар талаб қилиш ҳолатлари кескин камайтирилди.
2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги (республика бўйлаб 205 та давлат хизматлари марказлари ва 115 та чекка ҳудудлардаги филиаллар) фаолият кўрсата бошлади, бунга қадар эса давлат хизматларини кўрсатиш тизимини ривожлантириш бўйича ягона давлат органи ташкил қилинмаган эди.
Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилган кундан бошлаб жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш, ортиқча маъмурий тартиб-таомилларга барҳам бериш, идоралараро электрон ҳамкорликни ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишга киришди.
Хусусан, агар 1991 йилдан 2016 йилгача бўлган даврда 16 турдаги давлат хизматлари фақат тадбиркорлик субъектлари учун кўрсатилган бўлса, 2017 йилдан 2020 йилгача даврда юридик ва жисмоний шахсларнинг 157 турдаги давлат хизматларидан фойдаланишлари учун шарт-шароитлар яратилди, яъни “ягона дарча” тамойили бўйича кўрсатиладиган давлат хизматлари турлари 10 баробарга оширилди, бу эса “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатилаётган давлат хизматлари сони жадал суръатлар билан ошиб бораётганлигини билдиради.
1991 йилдан 2016 йилгача бўлган давр билан таққослаганда, мазкур даврда давлат хизматларидан фойдаланиш учун зарур бўлган ҳужжатлар сони 167 тани ташкил этган бўлса, 2017 йилдан 2020 йилгача бўлган даврда улар икки марта камайтирилди ва уларнинг сони 79 тани ташкил этди.
Фойдаланувчиларнинг давлат хизматларидан қониқишига таъсир кўрсатадиган муҳим омиллардан бири бу хизматни кўрсатишга кетадиган вақт ҳисобланади. 2017 йилдан 2020 йилгача бўлган даврни олдинги давр билан таққослаганда, давлат хизматларини кўрсатиш муддатлари 45 фоизга қисқартирилганини кўришимиз мумкин.
Шу билан бирга, айни пайтда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 279 турдаги электрон давлат хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилган (шундан 70 таси автоматик режимда, 209 таси эса ярим автоматик режимда). 2021 йилнинг биринчи ярмида Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 2,3 миллиондан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилиб, фойдаланувчиларнинг 18 миллиард сўмдан ортиқ маблағлари иқтисод қилишга эришилди.
Шу билан бирга, давлат хизматларидан фойдаланиш учун давлат идораларига мурожаат қилаётган аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари сонининг ошиб бориши давлат хизматлари сифатини мониторинг қилиш ва баҳолашнинг самарали тизимини, шу жумладан реал вақт режимида масофавий мониторинг орқали ҳамда жамоатчилик фикрини ўрганиш орқали жорий этишни талаб қилмоқда.
Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг фармойишига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг Акселераторига аҳолининг давлат хизматларидан қониқиш даражасини ўлчаш бўйича тизимни шакллантириш вазифаси юклатилди.
Топшириқни ўз вақтида ва самарали бажарилишини таъминлаш мақсадида Акселератор томонидан вазирлик ва идораларнинг мутахассисларидан иборат гуруҳ тузилиб, хорижий давлатлар – Канада, Россия, Қозоғистон ва Бирлашган Араб Амирликлари тажрибасини ўрганилди.
Ўрганилган хорижий тажриба асосида Акcелератор томонидан кўрсатилаётган давлат хизматлари сифатини баҳолаш имконини берадиган интерактив портал ишлаб чиқилди ва ишга туширилди. Фуқаролар www.baho.gov.uz портали орқали кўрсатилган давлат хизматига ўз баҳосини қолдиришлари мумкин.
Фуқаролар ушбу портал орқали баҳоланаётган давлат органи жойлашган ҳудудда ўрнатилган махсус QR-коддан фойдаланган ҳолда 5 та мезон асосида давлат хизмати сифати ҳақида ўз баҳоларини (1 дан 5 гача бўлган шкала бўйича) қолдиришлари мумкин:
- муддатларга амал қилиш;
- ходимларнинг малакаси;
- одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш;
- адолатли ёндашув;
- мурожаат қилиш учун шарт-шароитларнинг мавжудлиги.
Фуқаролар томонидан берилган баҳо баҳоланаётган давлат органининг умумий рейтингига таъсир қилади. Давлат идорасига берилган баҳолар қанчалик кўп бўлса, уни баҳолаш натижалари шунчалик объектив бўлади.
Фойдаланувчилар томонидан берилаётган баҳолар платформада онлайн тарзда акс этади. Исталган шахс маълум бир давлат органи рейтингини кузатиши мумкин.
Бу эса мазкур платформа учун жамоатчилик назоратининг самарали воситаси бўлиб шаклланишига хизмат қилади. Рейтингнинг пасайиши - баҳоланётган давлат идораси ходимлари ва раҳбарияти учун салбий огохлантириш бўлиб ҳисобланади.
Ўз навбатида, рейтинги пасаётган давлат идоралари мазкур идорадаги мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун тегишли чораларни кўриши керак бўлади.
Бугунги кунга келиб, Тошкент шаҳрида 223 та муассасага махсус QR-кодлар ўрнатилган ва тест режимида порталга уланган. Хусусан, фуқаролар давлат хизматлари сифати ҳақида баҳоларни қуйидаги манзилларда қолдиришлари мумкин:
- Ички ишлар вазирлигининг 44 та муассасалари;
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги 167 та муассасалар (республика даражасидаги илмий-амалий тиббиёт марказлари, оилавий поликлиникалар ва шифохоналар);
- “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ нинг 12 та филиаллари.
Жорий йилнинг 19 октябр ҳолатига кўра, порталдаги баҳоларнинг умумий сони 3910 тани ташкил этди, шундан 3205 таси ижобий, 705 таси салбий, ўртача рейтинг эса - 4,3.
Айни пайтда портал фаолиятини аҳоли ва жамоатчилик ўртасида оммалаштириш, кўрсатилаётган давлат хизматлари сифатини баҳолаш жараёнига аҳолини янада кенгроқ жалб этиш, шунингдек, портал фаолиятини республиканинг бошқа барча вазирликлари ва идоралари фаолиятида жорий қилиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Умид қиламизки, мазкур платформа давлат хизматлари кўрсатиш тизимини баҳолаш соҳасида жамоатчилик мониторинги учун самарали воситага айланади.
Муҳаммад Бобожонов,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Изоҳ қолдириш