Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар акселератори 100 кун ичида ҳал қилиниши лозим бўлган муаммоларни белгилаб олди

Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар акселератори 100 кун ичида ҳал қилиниши лозим бўлган муаммоларни белгилаб олди

Жорий йил 17 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар Акселератори (Акселератор) томонидан мутасадди вазирликлар ва идоралар раҳбарларининг (leadership meeting) Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) платформасида ташкил этилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишдан кўзланган мақсад давлат органларининг ўзаро ҳамкорлигини фаоллаштириш, уларнинг ресурсларини сафарбар этиш, шунингдек, Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) Ҳукумат Акселератори методологиясига мувофиқ 100 кунлик муддатда кўрсатиб ўтилган муаммоли масалаларни ечишнинг мақсадли кўрсаткичларини ўзаро келишиб олишдан иборат эди.

Йиғилиш Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори О.Ҳакимов раҳбарлигида, шунингдек, Акселератор координаторлари М.Бабаджанов, А.Халмурзаев ва Т.Ниёзматовлар иштирокида бўлиб ўтди.

Тасдиқланган муаммоларни ҳал этиш учун масъул бўлган вазирликлар ва идоралардан раҳбар ва масъул ижрочилар даражасида 20 нафардан ортиқ иштирокчилар йиғилишда қатнашди.

Тадбир давомида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази раҳбарияти 3 ой ичида ҳал қилиниши керак бўлган қуйидаги муаммоларни иштирокчилар эътиборига ҳавола этди:

1. Ислоҳотларнинг амалга оширилишини баҳолаш ва мониторинг қилиш тизимини шакллантириш.

Сўнгги йилларда республикада аҳолининг ижтимоий-иқтисодий фаровонлигини юксалтиришга қаратилган бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Эндиликда ислоҳотлар натижаларини тизимли ва холис баҳолаш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда ислоҳотлар натижаларининг миқдорий ва сифат жиҳатдан қиёсий таҳлилини (KPI) ўтказиш, электрон маълумотлар базаларини яратиш таклиф этилган бўлиб, бу катта ҳажмдаги статистик ва бошқа маълумотлардан иборат бундай маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва баҳолашга ижобий таъсир кўрсатади.

Шу муносабат билан иштирокчилар республикада амалга оширилаётган ислоҳотларни баҳолаш ва мониторинг қилиш тизимини шакллантириш бўйича қарор қабул қилишди.

2. Қуёш фотоэлектр станциялари, энергия сақлаш қурилмалари ва қуёш иссиқлик коллекторлари ўрнатиш орқали истеъмолчиларни электр ва иссиқлик энергияси билан таъминлашга ўтиш.

Бугунги кунда мамлакатда истеъмолчиларга электр энергияси етказиб беришда узилишлар, анъанавий манбалардан электр энергияси ишлаб чиқариш учун сув ресурслари, газ ва кўмир етишмаслиги билан боғлиқ баъзи ҳолатлар учраб турибди. Шунингдек, ИЭСда электр энергияси ишлаб чиқариш натижасида атмосферага зарарли моддаларнинг чиқарилиши атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатмоқда. Муқобил энергия манбаларини жорий этишнинг аҳамияти кундан-кунга ортиб бормоқда.

Шу муносабат билан иштирокчилар қуёш фотоэлектр станциялари, энергия сақлаш қурилмалари ва қуёш иссиқлик коллекторларини ўрнатиш, шунингдек, “қуёш панеллари учун кредит" кредит линиясини очиш ва юқорида қайд этилган ускуналарни сотиб олиш ҳаражатларини қоплаш муддатини қисқартириш орқали истеъмолчиларни электр энергияси ва иссиқ сув билан таъминлашга босқичма-босқич ўтиш бўйича “пилот” лойиҳасини йўлга қўйишни таклиф қилишди. “Пилот” лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳридаги маҳаллалардан бирига шундай ускуналар ўрнатиш режалаштирилган.

3.Иқтисодиётда ёқилғи нархлари кескин тебранишининг олдини олиш ва унинг барқарорлигини таъминлаш .

2020 йил 1 майдан бошлаб мамлакатимизда барча турдаги бензин ва дизель ёқилғисининг чакана нархлари давлат томонидан тартибга солиниши бекор қилинди ҳамда нефтни қайта ишлаш заводлари уларни фақат биржа савдолари орқали сотиши белгиланди.

Бундай шароитда жаҳон бозорида нефть нархининг ўзгариши ички бозорда ёқилғи нархининг кескин ўзгаришига олиб келади, бу эса ўз навбатида аҳолининг харид қобилиятининг пасайишига, маҳсулот ва хизматлар таннархининг ошишига, шунингдек, республика иқтисодиёти рақобатбардошлигининг пасайишига олиб келади.

Шу муносабат билан жаҳон бозорида ёқилғи нархи кескин ошиб бораётган шароитда ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида ёқилғи нархининг ўзгаришларини барқарорлаштиришнинг аниқ механизмларини жорий этиш таклиф этилмоқда.

_________________________________________________________________________________________________

Таъкидлаб ўтиш жоизки, ҳар бир йўналиш бўйича ушбу масалаларга мутасадди вазирлик ва идораларнинг масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳлари тузилиб, улар оралиқ натижаларни умумлаштиради ва ҳар 25 кунда масъул раҳбарларга (“Leadership” гуруҳи) ҳисобот тақдим этади.

100 кунлик иш натижаларига кўра, якуний босқичда Акселератор раҳбарларининг йиғилиши ташкил этилади ва белгиланган ҳар бир йўналишни ҳал этишда эришилган натижалар билан таништириб ўтилади.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар хизмати


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар