“Alibaba Group” компанияси Ўзбекистонга ташриф буюришга тайёр эканликларини билдирди

“Alibaba Group” компанияси Ўзбекистонга ташриф буюришга тайёр эканликларини билдирди

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Котибияти томонидан “Covid-19 пандемияси даврида ШҲТ доирасида рақамли иқтисодиёт ва электрон тижоратнинг ривожланиши” мавзусидаги видеоконференцияда ташкил этилди.

Тадбирда ШҲТ Бош котиби В.Норов, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Ф.Aрзиев, Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари A.Назаров, Хитой Халқ Республикаси Тижорат вазирлиги қошидаги Хитой электрон тижорат марказининг вице-президенти Ху Ёнг, “Aлибаба Гроуп” халқаро департаменти директори Луо Лин ва компания глобал ташаббуслар бўйича катта менежери Дрим Луи, шунингдек, Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва ШҲТ Ёшлар илмий тармоғининг вакиллари иштирок этди.

Видеоконференция муҳокамаси рақамли технологиялар ва электрон тижорат моделларини жорий қилиш билан боғлиқ кўплаб масалаларни қамраб олди. Иштирокчилар таъкидлаганидек, Covid-19 пандемияси туфайли юзага келган инқироз рақамли технологиялар ва инновацион ечимларга асосланган соҳаларни янада фаол ривожланишига олиб келади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Ф.Aрзиев ўз нутқида рақамли иқтисодий кун тартиби Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланиш стратегиясида устувор аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. Ўзбекистон ҳукумати таълим, рақамлаштириш ва инновацияларга мамлакатнинг барқарор ривожланиш стратегиясининг муҳим омили сифатида устувор аҳамият бераётгани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, у республикани рақамли ва инновацион ривожлантиришнинг муҳим вазифаларини амалга оширишда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, жумалдан ШҲТ имкониятларидан фойдаланишнинг муҳимлигини таъкидлади.

Ўз навбатида, Хитой компаниялари рақамли ривожланиш масалаларида ўзбекистонлик шериклар билан ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиш билдирдилар. Хитой электрон тижорат маркази ва электрон тижорат соҳасида дунёнинг етакчиларидан бири бўлган “Alibaba Group” компанияси вакиллари ушбу соҳада аниқ лойиҳавий ҳамкорлик имкониятларини ўрганиш ва муҳокама қилиш учун Ўзбекистонга ташриф буюришга тайёр эканликларини билдиришди.

Видеоконференсия қатнашчилари Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг Ташкилотнинг “рақамли кун тартибини” ишлаб чиқиш бўйича саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳимлигини таъкидладилар ва ушбу масалалар келгуси фаолиятида устувор йўналишларга айланишига умид билдирдилар.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар