Жорий йилнинг 8 декабридан бошлаб, АҚШнинг СNBC («Consumer News and Business Channel») телеканали Ўзбекистонга бағишланган олтита фильмни эфирга узатишни бошлади.
Мазкур ҳужжатли фильмларда янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, сўнгги йилларда мамлакатимизда ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳаларда рўй бераётган ўзгаришлар таниқли хорижий журналистлар талқинида намойиш қилинмоқда. Мазкур фильмларда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги муносабатлардаги ижобий ўзгаришлар ҳам ўз аксини топган. Фильмлар америкалик машҳур журналист ва телебошловчи Райан Чилкот томонидан суратга олинган. У ушбу фильмларни яратиш учун Ўзбекистон ва Афғонистонга бир неча бор ташриф буюрган.
Яна учта фильм Буюк Британиянинг Imotus кинокомпанияси томонидан СNBC телекомпанияси буюртмасига асосан суратга олинган.
«Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциацияси ва “Ўзбеккино” Миллий агентлиги билан ҳамкорликда яратилган ушбу фильмлар халқаро ҳамжамиятни Ўзбекистонда юз бераётган янгиланишлар жараёни билан таништиришга, шунингдек Марказий Осиёда кузатилаётган кенг кўламли сиёсий жараёнлар билан яқиндан таништиришда муҳим аҳамиятга эга”, - дейди ижодий ҳамкорлардан бири – Belgrave Europe компанияси халқаро алоқалар бўйича мутахассиси Фред Харрисон.
“Бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишиш мақсадида дунёнинг турли ҳудудларидан хорижий журналистлар, кинематографлар келаётгани қувонарли ҳол, - дейди “Ўзбеккино” Миллий агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқов. – биз ҳар доим бундай ташаббусларни қўллаб-қувватлаймиз ва уларга қўлимиздан келгунича ёрдам берамиз”.
Эслатиб ўтамиз, CNBC телеканалида Ўзбекистон ҳақидаги фильмлар Америка вақти билан шанба ва якшанба кунлари (14,15, 21, 22, 28 декабрь) 21:15 да, душанба кунлари (16, 23 декабрь) 23:30 да намойиш қилинади
Изоҳ қолдириш