“Amirsoy” замонавий тоғ-чанғи курорти очилишига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди

“Amirsoy” замонавий тоғ-чанғи курорти очилишига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди

“Amirsoy” замонавий тоғ-чанғи курорти очилишига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, “PGI management” компанияси (Андорра) директори Томас Тор-Йенсен ва “Amirsoy” МЧЖ ҚК бош директори ўринбосари Валерий Ким иштирок этишди.

Тадбир доирасида Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида “Amirsoy” тоғ-чанғи комплекси лойиҳаси амалга оширилиши бўйича батафсил маълумот берилди. Томас Тор-Йенсен ўз навбатида тоғ-чанғи трассалари ва дор йўллари қурилишида энг илғор ва инновацион технологиялар қўлланилганини таъкидлади. “Amirsoy” Қўшма корхонаси бош директори ўринбосари В.Ким эса жорий йилнинг 21 декабрида бўлиб ўтадиган очилиш маросимига тайёргарлик ишлари тўғрисида сўзлаб берди. Матбуот анжуманида маълум қилинишича лойиҳа икки босқичда амалга оширилади.

Шу ўринда, Ҳукуматнинг 2017 йил 14 сентябрдаги Фармойишига мувофиқ Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Чимён” курорт-дам олиш зонасининг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва янада ривожлантириш, маҳаллий ва хорижий туристларни ҳудуднинг ноёб табиати ва тоғ ландшафти билан кенг таништириш, шунингдек, халқаро даражадаги тоғ-чанғи курортини қуриш лойиҳасини амалга ошириш белгиланганини алоҳида таъкидлаш жоиз. “Amirsoy” тоғ-чанғи курорти 892 гектар майдонда жойлашган бўлиб, 580 ўринга мўлжалланган. Лойиҳа бўйича 300 янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Унинг умумий қиймати 100,0 млн. АҚШ долларини ташкил қилади. Лойиҳанинг биринчи босқичи 2019 йилнинг IV чорагида, иккинчи босқичи эса 2022 йилнинг III чорагида тугалланиши режалаштирилган. “Amirsoy” тоғ-чанғи курорти – Ўзбекистонда қурилаётдаги энг йирик ва кутилган туристик объектлардан бири. Лойиҳа мамлакатимиздаги биринчи замонавий тоғ-чанғи курорти бўлиб, унда мижозларга қулай, хавфсиз ва сифатли, жаҳон талаблари даражасида хизмат кўрсатилади.

Қишки дам олиш маскани умумий ҳисобда узунлиги 3 км. дан ортиқ 2 та осма дор йўли ва жами 10 км. бўлган турли мураккабликдаги 8 та тоғ-чанғи трассаларига эга. Бундан ташқари, тоғ-чанғи курортида қиш мавсуми учун умумий узунлиги 21,93 км.бўлган дор йўли мавжуд бўлиб, унинг ўтказувчанлик қобилияти соатига 2400 кишини ташкил қилади. Дор йўли Aвстриянинг “Doppelmayr Seibahnen GmbH” компанияси томонидан қурилган бўлиб, унда турли мураккабликдаги 28 та релефли трасса мавжуд. Курортда замон талабларига тўла мос келадиган инфратузилма ҳамда сервис хизмати йўлга қўйилади. Ушбу ҳудудда Аргентина, Испания ва Дания мутахассислари назорати остида турли мураккабликдаги 15 км. узунликдан иборат тоғ-чанғи йўллари қурилди. Уларнинг 4 таси курортнинг энг юқори нуқтасидан бошланади, энг узун трасса эса 3550 метрни ташкил қилади. Бошланғич чанғи учувчилар учун махсус ҳудуд қурилган бўлиб, унда 5 та конвейер типидаги юқорига ҳаракатланувчи лифтлар мавжуд. Шунингдек, “шале” услубидаги 40 та ёғоч уй, 3 та ресторан, спорт мактаби, тоғ чанғиси ва бошқа ускуналарни ижарага олиш нуқталарини ўз ичига олган кўп тармоқли марказ ҳамда вертолет майдончаси қурилди. Ушбу ҳудуд яқинида тюбинг, пиёда саёҳатлар, қорда юриш учун махсус турлар, чана ва квадроциклда учишни ўз ичига олган кўнгилочар зона ва махсус болалар майдончаси ташкил этилган. “Биз ушбу курорт қурилишига энг сўнгги замонавий технологияларни жалб қилганмиз, қолаверса, қурилиш ишлари ҳам барча хавфсизлик қоидаларига мувофиқ равишда олиб борилмоқда. Дам олиш маскани Европа талаблари даражасидаги курортлардан бирига айланишига ишончим комил. Курортнинг яна бир қулайлиги шундаки, у Тошкент шаҳри ҳамда халқаро аэропортига яқин ҳудудда жойлашган”, - дейди Томас Тор-Йенсен.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар