2025 йилда Ўзбекистонда бизнес муҳит таҳлили – Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази тадқиқоти

2025 йилда Ўзбекистонда бизнес муҳит таҳлили – Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази тадқиқоти

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази республика бўйлаб тадбиркорлар ўртасида ҳар ой ўтказилган сўровномалар асосида 2025 йил учун бизнес муҳити индекси таҳлили натижаларини тақдим этди. Олинган маълумотлар асосида бизнес муҳитнинг жорий ҳолати ҳамда яқин уч ойга бўлган кутилмаларни ифодаловчи умумлаштирилган бизнес муҳити индикатори шакллантирилди.

Ўзбекистонда умумлаштирилган бизнес муҳити индекси динамикаси

2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда умумлаштирилган бизнес муҳити индекси ўртача 57 бандни ташкил этди (−100 дан +100 гача бўлган шкалада), бу 2024 йил кўрсаткичидан 7%га юқори. Ўсиш асосан жорий ҳолат бўйича баҳоларнинг яхшиланиши ҳисобига таъминланди. Жумладан, бизнеснинг жорий ҳолат индекси ўртача йиллик қиймати 22%га ўсиб, 47 бандга етди.

Шу билан бирга, бизнеснинг истиқболдаги кутилмалари индекси 68 банддан 66 бандгача бироз пасайган бўлса-да, етарлича юқори даражада сақланиб қолди. Бу эса жорий шароитларнинг умумий яхшиланиши фонида корхоналар томонидан келажак истиқболларига нисбатан маълум даражада эҳтиёткорлик мавжуд эканини акс эттиради.

Йил давомида бизнес муҳити жамланма индексининг динамикаси турлича кўринишга эга бўлди. Энг юқори кўрсаткич июнь ойида қайд этилиб, 63 бандни ташкил этган бўлса, энг қуйи кўрсаткич январда кузатилди ва 52 бандга тенг бўлди.

Индикаторнинг йил давомидаги тебранишлари ҳам мавсумий омилларни, ҳам бизнеснинг тез ўзгарувчан иқтисодий шароитларга мослашишини акс эттирди.

Шу билан бирга, йил якунига келиб корхоналар ўртасида юқори даражадаги оптимизм сақланиб қолди. Декабрь ойида бизнес муҳити индекси 58 бандни ташкил этиб, 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 2 бандга ўсиш қайд этилди.

Бизнес-иқлим индексининг тармоқлар ва ҳудудлар бўйича динамикаси

2025 йилда иқтисодиётнинг аксарият тармоқларида бизнес муҳитининг яхшиланиши кузатилди. Хизмат кўрсатиш соҳасида индекс 58 бандни ташкил этиб, 14,7% га ўсди; қурилишда – 57 банд (+14,2%), саноатда эса – 54 банд (+6,8%) қайд этилди.

Қишлоқ хўжалигида индекс кўрсаткичи деярли ўзгаришсиз қолди ва 57 бандни ташкил этди. Бу ушбу секторда бизнес юритиш шароитлари бўйича аввалги баҳолашлар сақланиб қолаётганидан далолат беради.

Ҳудудлар кесимида ўртача йиллик Бизнес муҳити индекси ўтган йилга нисбатан республиканинг 11 та ҳудудида ўсган. Шу билан бирга, 7 та ҳудудда индекснинг ўртача йиллик қиймати 57 бандни ташкил этди.

Йил якунларига кўра, бизнес муҳитининг энг сезиларли даражада яхшиланиши қуйидаги ҳудудларда кузатилди:

Қашқадарё вилоятида — кўрсаткич 27% га ошди;

Жиззах вилоятида — 23% га;

Хоразм вилоятида — 17% га.

Қорақалпоғистон Республикасида ўсиш 19% ни ташкил этди.

Самарқанд вилоятида индекс бироз пасайганига қарамай, бизнес муҳитининг ўртача йиллик қиймати ижобий сақланиб қолди ва 51 бандни ташкил этди. Тошкент вилоятида эса кўрсаткич ўзгаришсиз қолиб, 44 банд даражасида қайд этилди.

Бизнеснинг нархлар динамикаси ва талаб бўйича кутилмалари

2025 йил якунларига кўра, тадбиркорларнинг инфляцион ва бозор конъюнктураси бўйича баҳолашлари мўътадил даражада қолди. Ўртача 23% тадбиркорлар келгусида нархлар ўсишини қайд этган, бу эса 2024 йилдаги кўрсаткичдан 2% бандга паст.

Йил давомида инфляцион кутилмалар 18–27% оралиғида тебраниб турди ва энг юқори кўрсаткич апрель ойида, энг паст кўрсаткичлар эса сентябрь ва декабрь ойларида қайд этилди. Энг юқори нарх кутилмалари қишлоқ хўжалиги ва қурилиш сектори вакиллари орасида кузатилди, бу харажатларнинг ўзига хослиги ҳамда мавсумий ва об-ҳаво омиллари таъсири билан боғлиқдир.

Шу билан бирга, бозор шароитлари бўйича баҳолашлар етарлича юқори даражада сақланиб қолди. Ўртача 66% тадбиркорлар товар ва хизматларга талаб ортишини билдирган бўлса, 57% тадбиркорлар ишчилар сонини кўпайишни билдиришган. Умуман олганда, натижалар нархлар динамикасини мўътадил баҳолаган ҳолда, ишбилармонлик фаоллиги ва бандлик бўйича ижобий кутилмалар сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда.

Талаб ва бандликни баҳолаш

2025 йил учун Бандлик индекси 43 бандни ташкил этди, бу эса 12%лик ўсишга мос келади. Кўрсаткичнинг энг сезиларли ўсиши қуйидаги соҳаларда қайд этилди:

Хизмат кўрсатиш соҳасида — 14%;

Қурилишда — 17%;

Саноатда — 7%;

Қишлоқ хўжалигида — 11%.

Талаб индекси ҳам яхшиланишни кўрсатди. Ўртача йиллик қиймат 48 бандни ташкил этиб, 13% га ўсди. Ўсишга энг катта ҳиссани хизмат кўрсатиш сектори қўшди (кўрсаткич 19%га ошди), қолган тармоқларда — қурилиш, саноат ва қишлоқ хўжалигида эса талаб индекси мос равишда 6%дан ошди.

Тадбиркорлик фаолиятидаги тўсиқлар

Йил давомида бизнес юритишдаги тўсиқларнинг босқичма-босқич камайиши кузатилди. Сўров натижаларига кўра, 60% тадбиркорлар бизнес юритишда қийинчиликларга дуч келмаганликларини билдиришган, бу 2024 йилга нисбатан 6%га юқори.

Саноат соҳасида қуйидаги муаммолар камайди:

Электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар — 4% га;

Юқори солиқ ставкалари — 3% га;

Молиялаштириш — 3% га.

Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги ва қурилишда молиялаштириш билан боғлиқ тўсиқлар мос равишда 7% ва 5% га сезиларли даражада қисқарди. Шикоятларнинг умумий камайишига қарамай, қурилиш ва саноатдаги тадбиркорлар асосий тўсиқ сифатида ҳали ҳам молиялаштиришни (ҳар бир тармоқда 11%дан) кўрсатишмоқда.

Маълумот учун: Бизнес муҳитининг ўзгариши индекатори IFO институти (Германия) методологиясига асосланган. Сўровлар давомида корхона раҳбарлари ишлаб чиқариш динамикаси, талаб, нархлар ва бошқа кўрсаткичлар асосида тадбиркорлик фаолиятидаги жорий ва кутилаётган ўзгаришларни баҳолайдилар.

Иқтисодиёт тармоқлари рақобатбардошлиги ва инвестицион фаолликни ўрганиш шўъбаси: (78) 150 02 02 (441)

Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар шўъбаси: (78) 150 02 02 (417)


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар