Aндижон вилоятининг 2023 йил январь-декабрь ойлари бўйича ташқи иқтисодий фаолияти кўрсаткичлари таҳлили

Aндижон вилоятининг 2023 йил январь-декабрь ойлари бўйича ташқи иқтисодий фаолияти кўрсаткичлари таҳлили

Таҳлил натижаларига кўра, 2023 йилнинг январь-декабрь ойлари мобайнида Aндижон вилоятининг ташқи савдо айланмаси ҳажми $5 030 млн.ни шундан, экспорт ҳажми $1 158 млн. (товарлар - $1 144 млн. , хизматлар - $14 млн.) ни ва импорт ҳажми $3 872 млн. (товарлар - $3 791 млн. , хизматлар - $81 млн.) ни ташкил қилган. Андижон вилоятининг Республика умумий ташқи савдо айланмасидаги улуши 7,9% ни ташкил этиб, Тошкент шаҳри ($24 265 млн.) ва Тошкент вилоятидан ($5 707 млн.) кейин 3-ўринни эгаллаган. Ташқи савдо айланмаси хажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17,5% (экспорт – -7,1%(камайган), импорт – +27,5%(ошган))га ўсган.

Ҳозирги кунда Андижон вилояти жахоннинг 84 та мамлакати билан савдо алоқаларини амалга ошириб келмоқда. Хусусан, 2023 йилда МДҲ давлатлари билан товар ва хизматлар айланмаси $1 193 млн.ни, дунёнинг бошқа давлатлари билан $3 837 млн.ни ташкил қилган. Юқоридаги келтирилган рақамлар шуни кўрсатадики, вилоятнинг савдо айланмаси 2022 йил шу даврига нисбатан, МДҲ давлатлари билан 17,8%га камайган, бошқа давлатлар билан эса 35,5%га ошган.

Мамлакатлар кесимида қаралганда, Aндижон вилоятининг энг юқори экспорт улуши Қозоғистон ($536 млн.), Россия ($224 млн.), Қирғизистон ($177 млн.) ва Хитой ($66 млн.) давлатлари хиссасига, импорт улуши эса Жанубий Корея ($1 417 млн.), Хитой ($1 326 млн.), Бразилия ($222 млн.) ва Мексика ($215 млн.) давлатлари ҳиссасига тўғри келган.

Вилоятда жами экспортёрлар сони 469 тани ташкил қилган бўлиб, маҳсулот экспортида, Aсака тумани($577 млн.), Aндижон шаҳри ($115 млн.) ва Хўжаобод ($115 млн.) туманлари энг юқори кўрсаткичларни қайд этган. Ҳудди шунингдек, Aсака тумани ($2 723 млн.), Aндижон шаҳри ($611 млн.) ва Булоқбоши тумани ($179 млн.) вилоятда энг юқори импорт кўрсаткичларини қайд этган ҳудудлар бўлган.

Вилоятнинг асосий экспорт махсулотлари таркибини машиналар ва транспорт асбоб ускуналари (46,2%), турли хил тайёр буюмлар (25,9%) ва саноат товарлари (20,7%) ташкил этган. Машиналар ва транспорт асбоб ускуналари (65%), саноат товарлари (18,8%) ва кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар (7,8%) вилоят импортининг асосий улушини ташкил қилган.

Баходир Холмирзаев

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар