Америка Қўшма Штатлари Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали 1 июль куни Ўзбекистонга қарийб 400 минг долларлик 131 тонна озиқ-овқат ёрдамини етказиб берди. Бу ҳақда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизматига таяниб Gazeta.uz хабар қилди.
Сабзавот ва дуккакли маҳсулотларнинг озуқавий аралашмасидан иборат бўлган мазкур ёрдам соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя муассасалари ҳамда эҳтиёжманд уй хўжаликлари ўртасида тақсимланади. Ёрдамнинг COVID-19 бўйича карантин хизматларини кўрсатаётган, сил касаллигига чалинган беморлар даволанаётган муассасалар, меҳрибонлик уйлари, руҳий касалликлар шифохоналаридаги 30 минг нафардан ортиқ фуқарони қамраб олиши кутилмоқда.
2021 йилдан буён Американинг Озиқ-овқат ёрдамини кўрсатиш бўйича халқаро шерикчилик дастури доирасида Ўзбекистонга 3,5 млн доллардан зиёдроқ қийматдаги қарийб 1300 тонналик озиқ-овқат ёрдами етказиб берилди. Республиканинг барча ҳудудларида 240 минг нафардан зиёдроқ кишига 65 млн порция тарқатилди.
USAIDнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Микаэла Мередит дастурнинг мақсади «соғлом ва самарали ҳаётни қўллаб-қувватлаш учун мувофиқ, хавфсиз ва тўйимли озуқа» тақдим этиш йўли билан аҳолининг заиф қатламларини янада қўллаб-қувватлашдан иборат эканини таъкидлади.
Етказиб берилган Harvest Lentil Pro (ишлаб чиқарувчи — Американинг Breedlove Dehydrated Foods компанияси) маҳсулоти қуритилган сабзи, пиёз, гуруч ва ясмиқдан таркиб топган. Маҳсулот организмни озуқавий микроэлементларни таъминлаш ҳамда кунлик калория ва оқсиллар истеъмолини ошириш учун махсус ишлаб чиқилган бўлиб, у совутилмаган ҳолда узоқ муддат сақлаш ва турли усулларда осон пишириш хусусиятига эга.
Тақдим этилган ёрдам Американинг Resource and Policy Exchange нотижорат ташкилоти томонидан Sog’lom Avlod Uchun Халқаро хайрия жамғармаси (Ўзбекистон) билан ҳамкорликда тарқатилади.
Америка дипломатик ваколатхонаси маълумотларига кўра, сўнгги 20 йил давомида АҚШ Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимига 122 млн доллардан зиёдроқ миқдорда узоқ муддатлик инвестициялар киритган бўлса, умумий ҳамкорлик ҳажми 1 млрд доллардан ошди.
Изоҳ қолдириш