Архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш қанчага тушади

Архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш қанчага тушади

Объектларни лойиҳалаштириш учун архитектура-режалаштириш топшириғини (АРТ) ишлаб чиқишнинг базавий қиймати ва тузатиш коэффициентлари тизими тасдиқланди (28.11.2019 йилдаги 961-сон ВМҚга қаранг).

Эслатиб ўтамиз, шаҳарсозлик фаолияти объектлари қурилишини лойиҳалаштириш ёки реконструкция қилиш учун юридик ва жисмоний шахсларга АРТ берилади (якка тартибдаги уй-жойлар қурилиши учун талаб этилмайди).

Аввало АРТни ишлаб чиқиш учун тўлов тўланиши осонлашди. Илгари ҳудудий қурилиш бошқармалари ариза берувчи ўз ЭРИси билан тасдиқлаши учун унга АРТни ишлаб чиқиш шартномасини юборар эдилар (ЯИДХП орқали ёки давлат хизматлари марказига келиб мурожаат қилинганда бевосита топширилар эди). Бундан буён Қурилиш вазирлиги томонидан тасдиқланган шакл бўйича ишлаб чиқиш қиймати кўрсатилган инвойс - ҳисобварақ-фактура бир йўла тақдим этилади.

Ариза берувчи инвойсни олгач, кўрсатилган суммани 10 кун ичида тўлаши лозим. Тўлов тўланганлиги ахборот-коммуникация тизими ёрдамида тасдиқланади. Объектларни лойиҳалаштириш учун АРТни ишлаб чиқиш қиймати ва муддатлари қуйидагича белгиланган:

Қурилаётган объектларнинг турига қараб АРТни ишлаб чиқиш

АРТни ишлаб чиқиш муддати

АРТни ишлаб чиқиш қиймати (БҲМда)

Объект (бино ва иншоот)ларнинг янги қурилиши учун

10 кун

4

Реконструкция қилиш, шунингдек илгари фойдаланиш ёки эгалик қилиш ҳуқуқи рўйхатдан ўтказилган ер участкасида янги объектнинг қурилиши, шунингдек мавжуд объектни қайта ихтисослаштириш, шу жумладан нотурар жойларни турар жой тоифасига ўтказиш ва муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш нуқталарини ўзгартириш

8 кун

3,5

Объектни қайта ихтисослаштириш, шу жумладан муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш нуқталарини ўзгартириш ёки ўзгартирмасдан нотурар жойларни турар жой тоифасига ўтказиш, шунингдек муҳандислик-коммуникация тармоқларини капитал қурилиш объектларидан алоҳида қуриш (АРТ II қисм)

7 кун

3

Турар жойни муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш нуқталарини ўзгартирмасдан, хоналарни реконструкция қилган ҳолда нотурар жой тоифасига ўтказиш

5 кун

1


Бунда тузатиш коэффициентлари (ошириш ёки пасайтириш) тизими амал қилади, шу жумладан:

биринчидан, объектнинг жойлашган жойига кўра (турар жойни реконструкция қилган ҳолда нотурар жой тоифасига ўтказиш):

  • қишлоқ аҳоли пунктларида – 0,7;
  • туманга бўйсунувчи шаҳарларда ва шаҳар посёлкаларида – 0,8;
  • туманлар марказларида ва вилоятга бўйсунувчи шаҳарларда – 0,9;
  • Тошкент шаҳрида, Нукус шаҳрида ва вилоятлар марказларида – 1;

иккинчидан, қурилаётган объектни аҳоли пунктидан ташқарида жойлаштиришда - 0,6 пасайтириш коэффициенти қўлланади;

учинчидан, АРТнинг архитектура-шаҳарсозлик ва муҳандислик коммуникацияларига уланиш қисмларини алоҳида-алоҳида ишлаб чиқишда ҳар бир бўлим учун нархлар 0,6 коэффициенти билан қўлланилади;

тўртинчидан, танловга (аукционга) қўйилаётган ер участкалари учун шаҳарсозлик топшириғини ишлаб чиқиш қиймати 0,7 коэффициентини қўллаган ҳолда янги қурилиш учун белгилангани каби (4 БҲМ) белгиланади (АРТни ишлаб чиқишда архитектура-шаҳарсозлик бўлими сифатида унинг таркибига киритилади) ва танлов (аукцион) ғолиби ҳисобидан тўланади.

АРТнинг амал қилиш муддатларига тузатиш киритиш ва уларни узайтириш учун белгиланган ишлаб чиқиш қийматининг 20%и, АРТ дубликатлари (нусхалари)ни тайёрлаш учун 10%и миқдорида белгиланади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар