Атом энергетикаси соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар

Атом энергетикаси соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар

Аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг ўсиб бораётган эҳтиёжини таъминлаш учун мамлакатимизда энергетиканинг барча манбалари ишга солинмоқда. Анъанавий генерациядан ташқари, сўнгги йилларда қарийб 4 гигаваттли муқобил қувватлар ишга туширилди ва “яшил” энергия улуши 16 фоизга етди.

Келгуси беш йилда яна 25 гигаваттли қайта тикланувчи энергия манбалари барпо этилади. Буларнинг ҳисобига йилига 64 миллиард киловатт соат “яшил” энергия олинади. Умуман, 2030 йилга бориб, юртимизда жами генерацияда “яшил энергия” улушини 50 фоиздан ошириш мақсад қилинган.

Айни пайтда рақамли технологиялар, электромобиллар, электр жиҳозлар, сунъий интеллект, майнинг каби тармоқларнинг ривожланиши энергияга бўлган талабни кескин оширмоқда. Шу боис кўплаб давлатлар янги турдаги энергия қувватларига ўтиш йўлларини излаяпти. Ер қаъридан қазиб олинадиган ёқилғилар ўз ўрнини қайта тикланувчи манбаларга бўшатиб бераяпти. Бугунга келиб, дунёдаги жами генерациянинг 42 фоизи муқобил энергиядир.

Узоқ йиллик қувватларни барпо этишда атом энергетикаси мақбул ҳисобланади. Ҳозирги кунда дунёда 375 гигаваттли 417 та атом реакторлари ишлатилмоқда. Яна янги станциялар қурилаяпти, кўп давлатлар атом энергетикасини ўзининг ривожланиш стратегиясига киритаяпти.

Мамлакатимизда уран захираси борлигидан фойдаланиб, узоқ муддатга мўлжалланган қувват ташкил этиш режалаштирилган. Хусусан, кичик қувватли реакторлар барпо этиш лойиҳаси ишлаб чиқилди. 2024 йил 5 декабрда Самарқанд шаҳрида атом энергиясидан фойдаланиш масалалари бўйича халқаро конференция ўтказилди.

Йиғилишда мутасаддилар атом энергетикасини ривожлантириш бўйича қилинаётган ишлар бўйича ахборот берди.

Давлатимиз раҳбари бўлажак станция ва тизимда ишлайдиган мутахассисларни ҳозирдан тайёрлаш, хавфсизликни Халқаро атом энергияси агентлиги талаблари даражасида таъминлаш бўйича топшириқлар берди. Бундай технологиялар иқтисодиёт рақобатдошлигини ошириб, узоқ муддатли ўсиш суръатлари учун муносиб замин яратиши таъкидланди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар