Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан 2023 йил I чорак учун “Банклар фаоллик индекси” ҳисобланди ва ушбу индексга асосан банкларнинг рейтинги янгиланди. Мазкур индекс мамлакатимиздаги 29 та тижорат банклари учун, банкларнинг ҳажмига қараб катта (17 та) ва кичик (12 та) банкларга гуруҳланган ҳолда ҳисобланди.
Индексни ҳисоблашда 21 та кўрсаткич бўйича 7 та йўналиш баҳоланди: молиявий воситачилик, молиявий оммабоплик, капиталнинг етарлилиги, активлар сифати, бошқарув самарадорлиги, рентабеллик ва ликвидлилик.
Тадқиқот ҳар чоракда хусусий секторнинг банк активларидаги улуши ўзгаришини мониторинг қилиш, шунингдек, мамлакат банк секторидаги ислоҳотлар ва трансформация жараёнларининг самарадорлигини баҳолаш мақсадида олиб борилмоқда.
Банкларнинг асосий кўрсаткичлари
2023 йил 1 март ҳолатига кўра республика банк тизими активлари 561,8 трлн. сўм, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 28,6 фоизга ўсган, мажбуриятлари 480 трлн. сўм (ўсиш 31,6%), кредитлар қолдиғи — 398 трлн. сўм (21,5%) ҳамда депозитлар — 211 трлн. сўм (42%).
Банк тизими активларининг 78%, кредит портфелининг 82,5%, ҳамда депозитларнинг 62,1% 11 та давлат улуши мавжуд банклар ҳиссасига, қолган қисми хусусий банклар ҳиссасига тўғри келган. Шунингдек, кредит қўйилмаларининг депозитларга нисбати давлат банкларида 251 фоизни, бошқа банкларда ушбу кўрсаткич 87 фоизни ташкил қилган.
Банклар рентабеллик даражасида ҳам ўсиш кузатилди. Фоизли даромадлар 26,3 фоизга, фоизсиз даромадлар 59,6 фоизга, соф фойда 53,4 фоизга ошган.
Жисмоний шахсларнинг банк тизимидан фойдаланишда фаоллиги ошган. Кредит портфелининг 26,5 фоиз жисмоний (2022 йилнинг мос даврида – 21,7 фоиз), 73,5 фоиз юридик шахслар (78,3 фоиз) ҳиссасига тўғри келган бўлса, депозитлар қолдиғи салмоғи, мос равишда, 30 фоиз (25,3 фоиз) ва 70 фоиз (74,7 фоиз)ни ташкил қилган.
Муаммоли кредитларнинг салмоғи камайган. Ҳисобот даврида муаммоли кредитларнинг (90 кундан ортиқ муддатга кечиктирилган кредитлар, Non-performing loan – NPL) жами кредитлардаги улуши ўртача 3,8 фоизни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 фоиз бандга пасайган.
Банклар фаолиятига оид мурожаатларни таҳлил қилиш
Тадқиқот давомида 2023 йил I чораги давомида Халқ қабулхонасига келиб тушган фуқароларнинг мурожаатлари ўрганилди. Хусусан, банклар фаолияти бўйича қарийб 8 мингта мурожаат келиб тушган.
Мурожаатларнинг энг катта қисми, яъни 29%дан ортиғи «Халқ банки», 15,1% «Агробанк», 6,3% «Микрокредитбанк» ва 2,9% «Ипотека банк» фаолияти билан боғлиқ.
2023 йилнинг 1-чорагидаги йирик банклар фаолияти рейтинги
Йирик банклар рейтингида «Капитал банк» етакчиликни сақлаб қолган бўлса, «Азия Алянс» банк 1 поғонага кўтарилиб, рейтингнинг 3 поғонасига тушган «Ҳамкор банк» билан ўрин алмашди.
«Траст банк» кетма-кет учинчи чорак учун рейтингда ўз мавқеини йўқотмоқда. Ушбу банк яна 1 поғонага пастлади ва 5-ўринни эгаллаб, «Ипак йўли банк»ка ўз ўрнини бўшатиб берди. Шу билан бирга, «Ипотека банк» ва «Миллий банк» 2 поғонага, «Халқ банк», «Ориент Финанс банк» ва «Асака Банк» 1 поғонага кўтарилган бўлса, «Инвест Финанс банк» ва «Агробанк» бир йўла 3 поғонага, «Турон Банк» 1 поғонага пастлаган, қолган банклар ўз ўринларини сақлаб қолишган.
Давлат улуши мавжуд йирик банклардан фақат «Агробанк» ва «Турон банк» пастлади ва мутаносиб равишда 14-ўринни ҳамда 17-ўринни эгаллади.
Шу билан бирга «Агробанк» мазкур чоракда фақат капитал етарлилик ва ликвидлилик кўрсаткичи бўйича пастлаган бўлса, «Турон банк» даромад олиш салоҳияти кўрсаткичи сезиларли пасайган.
Давлат улуши мавжуд йирик банклардан «Ипотека банк» 2 поғонага кўтарилиб, 7-ўринни эгаллади. Банк мазкур чоракда активлари сифати кўрсаткичи бўйича пастлаган бўлса, капитал етарлилиги, ликвидлилик ҳамда бошқарув самарадорлиги кўрсаткичлари ўсган. Бироқ, Молия вазирлигидан олинган депозитлар ва кредитлар миқдорини ўз мажбуриятларига нисбати юқорилигича қолмоқда.
2023 йилнинг 1-чораги учун кичик банклар фаолияти рейтинги
Кичик банклар рейтингида «Давр банк», «Универсал банк» ва «Зираат банк» етакчи ўринларни сақлаб қолган бўлса, «Тибиси банк» 2 поғонага кўтарилиб 4-ўринни эгаллаган
«Тибиси банк» капитал етарлилиги бўйича кўрсаткичи сезиларли пасайган бўлсада, даромад олиш салоҳияти ҳамда бошқарув самарадорлиги кўрсаткичларининг яхшиланиши рейтингдаги ўрни кўтарилишига сабаб бўлди.
«Тенге банк», «Анор банк», «Пойтахт банк» ва «Ўзагроэкспорт банк» 1 поғонага пасайди. Шу билан бир вақтда, «Мадад инвест банк» ва «Гарант банк» 1 поғонадан кўтарилди.
«Равнақ банк» ва «ЎзКДБ» банк ўтган даврга нисбатан ўз мавқеларини сақлаб қолдилар.
Тўлиқ ҳисобот, методология ва тадқиқот ҳақидаги батафсил маълумотни Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказига мурожаат қилиш орқали олишингиз мумкин.
Банк-молия соҳаси ва капитал бозори фаолиятини ўрганиш сектори | тел: (78) 150 02 02 (441)
ОАВ ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими |тел: (78) 150 02 02 (417)
Изоҳ қолдириш