Банклар берган кредит таътили автокредитлар учун ҳам амал қиладими?

Банклар берган кредит таътили автокредитлар учун ҳам амал қиладими?

11 апрель куни АОКАда Марказий банк департамент директори ўринбосари Акмал Назаров иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Брифингда фуқароларнинг бир қанча саволларига жавоб берилди.

Савол: - Банкдан автокредит олганман. Банклар кредит таътили бериши тўғрисида эълонлар чиқмоқда. Ушбу таътил менга ҳам тегишлими? Фоизлар тўловлари ҳам кечиктириладими? Агар кечиктирилса, уларни кейин йиғилган фоизлар билан қайтаришим керак бўладими?

Жавоб: Кредит тўловларини кечиктириш бўйича амалга оширилаётган чоралар коронавирус пандемияси натижасида молиявий қийинчиликка учраган ҳам жисмоний шахслар, ҳам тадбиркорлик субъектлари учун кўзланган.

Бир масалага ойдинлик киритмоқчиман, тижорат банклари томонидан кредитлар бўйича тўловларни кечиктириш икки форматда амалга оширилмоқда.

Биринчиси: Президентимизнинг жорий йил 3 апрелдаги фармони асосида, молиявий қийинчиликка дуч келган юридик ва жисмоний шахслар, якка тартибдаги тадбиркорларнинг кредитлари бўйича тўловларга 2020 йил 1 октябрга қадар кечиктирилиши ҳамда якуний тўловлар муддатларини берилган имтиёзли даврга мос равишда узайтирилиши белгиланган.

Ушбу фармон билан берилган имтиёзлар аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг қарз юкини кескин ошишига йўл қўймасликка ва натижада уларнинг кредит юкини камайтиришга имкон яратди.

Бундан ташқари, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари пул оқимлари фоиз тўловларини қоплаш учун етмаган тақдирда фоиз тўловларини ҳам кечиктириш бўйича Марказий банк томонидан тижорат банкларига тавсиялар берилди.

Бироқ, бу дегани 6 ойдан (2020 йил 1 октябрдан) кейин имтиёзли даврда йиғилган фоизлар биланбирга тўланади дегани эмас. Яъни, имтиёзли даврда ҳисобланган фоиз тўловлари якуний тўловлар муддатларини узайтирилганини ҳисобга олган ҳолда, тўлов жадвалининг қолган даврига тенг равишда тақсимланади.

Иккинчиси. Хабарингиз бор, деярли аксарият (24 та) тижорат банклари ўз ташаббусига кўра жисмоний шахслар кредитлари бўйича тўлов муддатларини бир томонлама кейинги 2-3 ой муддатга автоматик тарзда кечиктириш (кредит таътили бериш) ҳақида маълум қилди.

Бу нима учун қилинди? Карантин режимига тўлиқ риоя қилиш мақсадида мавжуд 2,4 млн. қарздор-жисмоний шахслардан аризаларни қабул қилиб олишга ҳамда улар банкка ташриф буюришига жисмонан имконият бўлмагани сабабли жисмоний шахсларнинг кредитлари бўйича тўловлар 2-3 ойга автоматик тарзда кечиктирилиб берилди.

Албатта, "ушбу берилган 2-3 ойлик имтиёзли давр якуни бўйича ҳам қарздор-жисмоний шахснинг молиявий ҳолати ва пул оқимлари тикланмаса, унда нима қилиш керак?" деган табий савол туғилиши мумкин.

Шу ўринда, бир масалага аҳамият бериш муҳим — бу дегани қарздор-жисмоний шахслар 6 ойлик имтиёзга мурожаат қила олмайди дегани эмас.

Яъни, ушбу берилган 2-3 ойлик имтиёзли давр якунланганидан сўнг қарздор-жисмоний шахснинг молиявий ҳолати ва пул оқимлари тикланмаган тақдирда, тижорат банклари ўз ички сиёсати, молиявий имкониятларидан келиб чиқиб кредитлар бўйича тўловларни яна қўшимча даврга (2020 йил 1 октябрга қадар) кечиктириш масаласини кўриб чиқишлари ҳам мумкин.

Юқорида қайд этилганидек, бу дегани 2-3 ойдан кейин (автоматик равишда кредит таътили берган давр якунланганидан сўнг) имтиёзли даврда йиғилган фоизлар билан бирга тўланади дегани эмас. Ушбу фоиз тўловлари пропорционал равишда тўлов жадвалининг қолган даврига тақсимланади.

Кредит бўйича тўлов муддатлари кечиктирилган даврда ҳам кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар ҳисобланиши давом этади ва ушбу фоизлар кечиктирилган муддат тугаганидан сўнг тўланиши лозим.

Шунинг учун, келгусида қарз миқдорининг ошиб кетишини олдини олиш мақсадида жорий давр учун кредит бўйича тўловни амалга оширишга молиявий имконияти бўлган қарздорлар ўз кредитларини кредит шартномаларида белгиланган муддатларда сўндиришни давом эттиришлари мумкин.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар