Барча меҳнат муносабатларини умумлаштирган йирик мажмуа хусусида айрим фикрлар

Барча меҳнат муносабатларини умумлаштирган йирик мажмуа хусусида айрим фикрлар

Ўзбекистон — юксак марраларни кўзлаган мамлакат. Учинчи Ренессанс пойдеворини қуришга шайланган юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, аввало, инсон манфаатига, шу юрт одамлари тўкис ва фаровон ҳаёт кечиришларини таъминлашга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.

Айтайлик, сўнгги йилларда Ўзбекистонда меҳнат муносабатларига нисбатан янгича ёндашувлар юзага келаётгани қўшимча имкониятларни юзага чиқармоқда. Хусусан, жамиятда мулкдорлар ва иш берувчилар сони кескин ошди. Ҳатто жисмоний шахсларга ҳам иш берувчи мақоми берилди. Буларнинг барчаси меҳнат бозорида янги ислоҳотларни тақоза этди. Президентимиз томонидан жорий йилнинг 28 октябрь куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун ана шундай бўшлиқларни тўлдиришга хизмат қилади.

Таъкидлаш керакки, кейинги йилларда Ўзбекистонда меҳнат муносабатларини тартибга солувчи янги ҳуқуқий асосга эҳтиёж тобора ортиб бораётганди. Ва бу жараён Президентимизнинг доимий эътибори ва назоратидаги масала эди. Жумладан, давлатимиз раҳбари шу йилнинг 25 октябрида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида икки йил давомида пухта ишланиб, янгидан ишлаб чиқилган Меҳнат кодекси лойиҳасига алоҳида тўхталиб ўтганди. Чунки бугунги кунда мамлакатимизда меҳнат ресурслари қарийб 19 миллион кишига етган. Корхоналар сони эса сўнгги уч йилда 2 баравар ошган.

Амалдаги Меҳнат кодекси 1995 йилда қабул қилинган бўлиб, ўшанда хусусий сектор улуши атиги 21 фоиз бўлган, ҳозир 83 фоиздан ошгани туфайли янги кодексда тадбиркорлар учун кенг имкониятлар яратилаётгани, аҳолини иш билан бандлигини ошириш бўйича кўплаб қулай шароитлар кўзда тутилаётгани қайд этилганди.

Қабул қилинган янги кодекс мамлакатимиз меҳнат бозорининг бутун бошли ҳуқуқий мажмуаси, десак бўлади. Нега?

Биринчидан, янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси 1995 йилдагидан тубдан фарқ қилади. Чунки вақт ўтяпти, замон ўзгаряпти, янги-янги меҳнат турлари юзага келяпти. Бугунги талаб ва таклиф бошқача. Буни шу йилнинг март ойида янги Меҳнат кодексини маъқуллаш жараёнида юқори палатамиз аъзолари ҳам айтиб, амалдаги Меҳнат кодекси замонавий воқеликларга мос келмай қолганини таъкидлашганди.

Иккинчидан, янги Меҳнат кодекси устида жуда узоқ вақт иш олиб борилди. Бу кутилган ҳол. Чунки кодекс ҳар томонлама мукаммал бўлиши лозим.

Мамлакатимизда янги иш ўринларини яратиш, аҳоли иш билан бандлигини таъминлаш, фуқароларни тадбиркорликка кенг жалб этиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Меҳнат қонунчилигининг асосий йўналишлари белгиланган янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг ҳажми амалдагига нисбатан 2,5 баравар катта бўлиб, 600 га яқин моддани ўз ичига олган. Унда иш билан бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқишни назарда тутувчи кўплаб меъёрлар ўз аксини топган.

Қолаверса, янги Меҳнат кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилиш жараёнида 10 дан ортиқ халқаро ташкилот, жумладан, Халқаро меҳнат ташкилотининг қатор конвенциялари, 60 дан зиёд давлатлар тажрибаси чуқур таҳлил қилиниб, ўрганилди.

Учинчидан, янги кодекснинг биринчисидан асосий фарқларидан бири, унда мажбурий меҳнатни тақиқлаш асосий принцип этиб белгиланганидир.

Шу ўринда мажбурий меҳнат тушунчасига кенгроқ тўхталиб ўтсак. Зотан, бу омил кўп йиллар тараққиётимизга тушов, халқаро алоқаларга тўсиқ бўлиб келаётган эди. Гап шундаки, 2022 йилнинг 10 март санасида “Cotton Campaign” халқаро каолицияси ўзбек пахтасига қўйилган бойкотни бекор қилди. Бинобарин, байкот қўйилишига сабаб сифатида айнан мажбурий меҳнат кўрсатиларди. Байкот бекор бўлишига Президент Шавкат Мирзиёев муносабат билдириб, “...Сўнгги беш йилда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларимиз самарасини бериб, “Cotton Campaign” куни-кеча Ўзбекистонни “қора рўйхати”дан чиқарди. Бу ҳам биз учун жуда катта имконият, янги бозорлар дегани. Бунинг ҳисобига истеъмол маҳсулотларининг хом-ашёсини олиб келиб, уларни қайта ишлаш орқали қўшимча 1,5 миллиард долларлик маҳсулотни бемалол экспорт қилса бўлади”, — дея таъкидлаганди.

Чиндан ҳам, бу биз учун тарихий воқеа бўлди. Нега деганда, 2009 йилда ўзбек пахтасига бойкот эълон қилганидан бери 331 та бренд ва ритейлер компаниялари ўзбек пахтасига нисбатан каолиция талабига амал қилишга мажбур эди. Яъни улар ўзбек пахтасидан олинган ҳар қандай маҳсулотни ишлата олмасди, демак, маҳсулотимиз дунё бозорига чиқмасди.

Қайд этиш керак, “Cotton Campaign” инсон ва меҳнат ҳуқуқлари бўйича халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлари, мустақил касаба уюшмалари, бренд ва ритейлерлар, масъулиятли инвестор ташкилотлари, таъминот занжири шаффофлиги гуруҳлари ва академик ҳамкорларнинг глобал коалицияси ҳисобланади. Унинг ижобий қарорига эса Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистон 2021 йилги пахта етиштириш ҳамда йиғим-терим мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам берганини маълум қилгани сабаб бўлганди. Энди эса бу каби жиҳатларга, яъни болалар ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик кодекс орқали қонуний ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Янги Меҳнат кодекси шу жиҳатдан алоҳида эътирофга лойиқ. Чунки мана шу биргина омил ҳам Ўзбекистонда охирги беш йилда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан инсон қадри учун тамойили асосида юритилаётган иқтисодий-ижтимоий сиёсат нақадар тўғри ва одилона эканлигини англатади.

Тўртинчи афзаллик — ижтимоийликда. Яъни янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида аҳоли, айниқса, ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларни ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатлар белгиланганлиги, шунингдек, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари ва уларнинг аниқ мезонлари ўрин олган.

“Меҳнат бизнинг замонда буюк ҳуқуқ ва буюк бурчдир”, деган эди таниқли француз адиби Виктор Гюго. Ҳақ гап. Меҳнат ҳамма замонда бўлган ва унинг ўзига хос ҳуқуқ ва мажбуриятлари мавжуд. Шу маънода, айтиш мумкинки, янги таҳрирдаги кодексимизда якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар ва улар билан бевосита боғлиқ ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш каби масалалар асосий мақсадлар сифатида белгилангани диққатга сазовор. Хусусан, унга кўра:

-меҳнат ҳуқуқларининг тенглиги, меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш;

-меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик;

-меҳнат ҳуқуқлари таъминланишининг ва меҳнат мажбуриятлари бажарилишининг кафолатланганлиги;

-ходимнинг ҳуқуқий ҳолати ёмонлашишига йўл қўйилмаслиги.

Булардан кўринадики, Ўзбекистон фуқаролари меҳнат эркинлигига, яъни ҳар ким меҳнат қилишга бўлган ўз қобилиятини тасарруф этиш, уларни қонун билан тақиқланмаган ҳар қандай шаклда амалга ошириш, машғулот турини, касбни ва мутахассисликни, иш жойини ҳамда меҳнат шароитларини эркин танлаш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, кодексда давлат аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатларни ўз зиммасига олган. Мазкур тоифага кирувчилар рўйхати шакллантирилган.

Бундан ташқари, янги кодексда бир қатор тоифа кишиларни ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланмаслиги ҳам белгилаб қўйилди. Улар сирасига ҳомиладор, уч ёшга тўлмаган боласи бор аёл ёки уч ёшга тўлмаган болани ёлғиз ўзи тарбиялаётган ота (васий), давлат грантлари асосида ўқиган ва олий таълим ташкилотини тамомлаган кундан эътиборан уч ой ичида йўлланма бўйича олинган мутахассислигига доир ишга кираётган олий таълим ташкилотлари битирувчилари, тегишли таълим ташкилотини тамомлаган кундан эътиборан бир йил ичида биринчи бор ишга кираётганда олинган мутахассислиги бўйича мустақил равишда ишга жойлашаётган умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим ташкилотларининг битирувчилари, ўзи билан олти ойгача муддатга меҳнат шартномаси тузилаётган ходимлар, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар киради.

Шунингдек, амалдаги Меҳнат кодексига асосан, йиллик асосий таътил муддати ўн беш иш кунини ташкил этади. Янги тартибга биноан, йиллик асосий меҳнат таътили давомийлигининг энг кам муддати йигирма бир календарь куни этиб белгиланди.

Рўйхатни яна давом эттиравериш мумкин. Муҳими, ҳар бир ўзгариш ва тузатишда инсон омилига устуворлик берилганида, кодексда давлатнинг ўз фуқаролари манфаатини кўзлаганида, унинг талаблари халқаро стандартга мослигида.

Бешинчидан, янги Меҳнат кодексида замонавий касбларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Яъни унда масофадан туриб ишлаш тартиби қонунлаштириб қўйилди. Бу давр — бугунги кун, замон талаби.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, бугун биз илғор технологиялар, ақл пулга чақилиб, катта даромад манбаига айланаётган замонда яшаяпмиз. Иш берувчи ахборот-телекоммуникация тармоқларидан хабардор, шу жумладан, интернетни билувчи мутахассислар билан масофавий меҳнат муносабатларига киришиши мумкин. Масофадан туриб ишлаш тўғрисидаги меҳнат шартномаси электрон ҳужжатлар алмашинуви орқали тузилади.

Ақлий меҳнат — инсоннинг тафаккур фаолияти. Бунинг натижасида эришилаётган натижалар эса ана шу фаолият маҳсули. Фан-техника тараққиёти таъсирида меҳнат воситалари ҳам мукаммаллашиб бораверади. Ходимлар кўникмаси, маҳорати ҳам ўсишда давом этади.

Автоматлаштириш, ахборот-технологиялари кенг жорий этилиши ва такомиллаштирилиши натижасида меҳнат мазмунининг мунтазам ўзгариши юз беради. Ишлаб чиқаришда ҳар бир ходимнинг савияси ортиши эса ҳам ижтимоий, ҳам якка тартибдаги меҳнат самарадорлиги узлуксиз ўсиб боришини таъминлайди.

Инсон капитали меҳнат бозорининг таркибий элементи ва иқтисодиётнинг инновацион ривожланишини белгиловчи муҳим омил ҳисобланади. Инсон салоҳиятининг юксалиши эса тараққиёт кафолатидир. Шу боис, ривожланган мамлакатларда болалар таълими ва тарбиясига улар ҳали ёшлигиданоқ сармоя сарфлай бошлайдилар. Чунки улар билишади: ана шу сармоя вақт келиб жамиятга 15-17 баробар кўп фойда келтиради. Ахир, етук мутахассислар, яъни меҳнат бозорининг билимли кадрлари сифатли таълим ва сифатли тарбия ёрдамида шаккланади.

Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар, соҳадаги чора-тадбирлар жамиятимизда олий маълумотга эга, юксак малакали мутахассислар қанча кўп бўлса, ривожланиш шунча тез ва самарали бўлади, деган тушунча асносида такомиллашиб бораётгани таҳсинга лойиқ. Чунки бусиз рақамли иқтисодиётнинг ривожланишини асоси ҳисобланган — янги ва такомиллашган компьютер дастурларини, юқори технологияларни ўзлаштириб ёки яратиб бўлмайди.

Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида мамлакатимизда келгуси беш йилликда рақамли иқтисодиётни асосий “драйвер” соҳага айлантириб, унинг ҳажмини камида 2,5 баравар ошириш мўлжалланган. Бунинг учун рақамли инфратузилмани янада ривожлантириш орқали барча аҳоли масканларини ва ижтимоий объектларни ҳамда магистрал автомобиль йўлларини кенг полосали уланиш тармоқлари билан қамраб олинади.

Иқтисодиётнинг реал секторида ҳамда молия ва банк соҳаларида ишлаб чиқариш ва операцион жараёнларни рақамлаштириш даражаси 2026 йил якунига қадар 70 фоизгача оширилади.

Дастурий маҳсулотлар индустрияси ҳажмини 5 баравар, уларнинг экспортини эса 10 баравар ошириб, 500 миллион АҚШ долларига етказилади. Шунингдек, мактабгача таълимдаги қамров даражасини ҳозирги 67 фоиздан камида 80 фоизга етказиш, 7 мингдан зиёд янги нодавлат мактабгача таълим ташкилотини очиш, 160 мингдан зиёд педагог кадрнинг малакасини ошириш мақсад қилинган.

Бундан ташқари, ҳар бир фуқарога давлат ҳисобидан аниқ касб-ҳунарга ўқиш имкониятини яратиш, касбга ўқитиш кўлами 2 баравар оширилиб, жами 1 миллион нафар ишсиз фуқарони касб-ҳунарларга ўқитиш ва бу жараёнда нодавлат таълим муассасаларининг иштирокини 30 фоизга етказиш, умумтаълим мактабларининг касб ўрганиш истагидаги битирувчиларини давлат томонидан камида бир касбни эгаллашига кўмаклашувчи тизимни жорий этиш вазифалари қўйилгани инсон капитали бугун нечоғлик долзарблик касб этаётганини англатади.

Умуман, Стратегиянинг бир бутун бошли бир бўлими Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш, деб номланиши Ўзбекистонда ушбу масалага жиддий эътибор қаратилаётгани ва давлат сиёсати даражасига кўтарилганидан далолатдир.

Ҳозир дунё янги технологик инқилоб даврига кирган. Иқтисодиётнинг барча жабҳаларида илғор технологиялар кенг қўлланилмоқда. Шу нуқтаи назардан, миллий иқтисодиётимизни янги воқеликларга мослаштириш, унинг истиқболини таъминлаш учун ҳозирда инсон капитали ва унинг ривожланишига эътиборни янада кучайтириш зарур. Биноарин, инсон капитали бозоридаги ўзаро муносабатлар одамларнинг ноёб қобилиятлари, ижодий тафаккури, янгиликлар яратишга йўналган билимлари асосида шаклланади.

Мамлакатимизда айни пайтда ёшларга муносиб таълим-тарбия бериш, уларнинг илм-фанга бўлган интилишларини рўёбга чиқариш мақсадида мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, ўрта ва олий ўқув юртларининг моддий-техник базасини, илмий ҳамда ўқув жараёнлари сифатини тубдан яхшилаш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Яъни жамият ривожланишида инсон омили олий қадрият эканлиги, аллақачон, саъй-ҳаракатларимиз ва қўлга киритаётган натижаларимизда намоён бўлмоқда.

Барча даврлар ва замонларда инсон ва унинг меҳнати жамият бойликларининг асосини ташкил этган. Айнан инсон меҳнати туфайли турли моддий ва маънавий бойликлар яратилади. Улар, ўз навбатида, нафақат ўша инсоннинг, балки бутун жамиятнинг эҳтиёжларини қоплашга ва айни вақтда у яшаётган мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига хизмат қилади.

Меҳнат — инсоннинг мақсадга мувофиқ ижтимоий фойдали фаолияти. У, энг аввало, табиат предметларини ўзгартириб, эҳтиёжга мослаштиришни билдиради. Меҳнат кишилик жамияти ҳаётининг асосий шарти, чунки у туфайли инсониятнинг яшаши учун зарур бўлган моддий ва маънавий неъматлари яратилади.

Меҳнат туфайли инсон табиатдаги нарсаларни ўзгартирибгина қолмайди, балки ўзи ҳам камол топади, ақлий ва жисмоний қобилиятлари ўсади.

Манбаларда жамият тараққий этиши билан меҳнат тақсимоти юзага келади ва борган сари чуқурлашиб боради, дея келтирилади. Меҳнатнинг янги турлари пайдо бўлиб, улар мустақил вазифага айланади. Меҳнат тақсимоти жамиятдаги ишлаб чиқарувчи кучлар қай даражада эканлигини ифодалайди. Меҳнат турлари юзага келиши билан меҳнат фаолияти натижаларини айирбошлаш, уларни бир-бирига мослаштириш эҳтиёжи туғилади. Бу эса меҳнатга ижтимоий тус беради, чунки маҳсулотлар ва хизматлар кўпчилик меҳнатининг наьижасига айланади. Шундай шароитда меҳнатни бошқариш тизими юзага келади на у махсус вазифага эга бўлади. Меҳнат ўзининг мазмуни ва характери жиҳатидан ақлий, жисмоний, малакали (мураккаб) ва малакасиз (оддий) ишга бўлинади.

Меҳнат кодекси эса меҳнат ҳақидаги қонунлар муайян тизимга солинган мажмуи. У меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжати ҳисобланади. Мулкчиликнинг барча шаклидаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда, шунингдек, айрим фуқаролар ихтиёрида меҳнат шартномаси (контракт) бўйича ишлаётган жисмоний шахсларнинг меҳнатга оид муносабатлари меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солинади. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси мамлакатимиз Конституцияси ва халқаро ҳуқуқий нормалар ҳамда стандартларга мувофиқ равишда ишлаб чиқилган. Яъни янги таҳрирдаги Меҳнат кодексини ҳар бир шахснинг меҳнат қилиш билан боғлиқ ҳуқуқларини таъминланишини кафолатловчи қонун ҳужжати сифатида қабул қилинди, десак муболаға бўлмайди.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси ўзида ана шундай янги тартиб-қоидаларни жамлагани билан, бугунги кунга мослаштирилгани, қатор қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардаги нормаларга уйғунлаштирилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.

Қаландар АБДУРАҲМОНОВ,

академик

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар