Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан баҳоланаётган Ўзбекистон бизнес муҳити: динамика ва асосий омиллар

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан баҳоланаётган Ўзбекистон бизнес муҳити: динамика ва асосий омиллар

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) республика бўйлаб тадбиркорлар ўртасида ўтказилган сўровлари асосида 2025 йил февраль ойидаги бизнес муҳитини таҳлил қилиш натижаларини тақдим этди. Олинган маълумотлар асосида бизнеснинг жорий ҳолатлари ва уларнинг тахминларини тавсифловчи бизнес муҳити кўрсаткичи шакллантирилди.

Бизнес муҳитининг ўзгариши индекатори IFO институти (Германия) методологиясига асосланган. Сўровлар давомида корхона раҳбарлари ишлаб чиқариш динамикаси, талаб, нархлар ва бошқа кўрсаткичлар асосида тадбиркорлик фаолиятидаги жорий ва кутилаётган ўзгаришларни баҳолайдилар

Бизнес муҳити индекси

Февраль ойида умумий бизнес муҳити индекси 2 бандга ошиб, 54 бандни (-100 дан +100 гача бўлган шаклда) ташкил этди ва бу Ўзбекистондаги бизнес муҳитининг ҳолатини ижобий деб баҳолаган.

Сўровнома натижаларига кўра, респондентларнинг 48% бизнеснинг жорий ҳолатини “қониқарли” деб баҳолаган, бу январь ойига нисбатан 5% юқори бўлиб, ишбилармонлик фаолиятини идрок этиш яхшиланганлигини кўрсатмоқда.

Бундан ташқари, сўров иштирокчиларининг 49%и сўнгги уч ой давомида товарлар ва хизматларга бўлган талаб барқарор бўлиб қолганлигини, бу ўтган ойга нисбатан 7%га юқори эканлигини қайд этди.

Ишбилармонлик ишончининг ўсиши тўғрисида ижобий сигнал бизнес муҳитининг яхшиланишини кутаётган тадбиркорлар сонининг кўпайиши бўлди. Умуман олганда, 73% тадбиркорлар ўзларининг бизнес шароитлари ҳақида оптимистик фикрда эканлигини билдирмоқда.

Шу билан бирга, респондентларнинг 6%и нархларнинг пасайишини кутмоқдалар, бу январь ойига нисбатан 2% паст, бу иқтисодий муҳитда барқарорликни кўрсатмоқда.

Февраль ойида, шунингдек, тармоқларда иқтисодий вазият кўрсаткичларининг ўсиши кузатилди. Бизнес муҳити саноатда 8 бандга ўсди ва 65 бандни, қурилишда 7 бандга ўсиб 61 бандни ва хизмат кўрсатиш соҳасида 1 бандга ўсиб, 53 бандни ташкил этди.

Бизнеснинг ҳозирги ҳолати

Жорий бизнес ҳолати индекси бир ой давомида 1 бандга яхшиланди ва 40 бандни ташкил этди. Соҳалар таҳлили саноатда, шунингдек, қурилишда ижобий ўзгаришларни кўрсатмоқда, бунда индекс мос равишда 7 ва 5 бандга кўтарилиб, 51 ва 45 бандга етди.

Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги сектори икки поғонага бир оз пасайиб, 25 бандга етди, хизмат кўрсатиш соҳаси эса 44 бандда сақланиб қолди, бу эса сезиларли ўзгаришларсиз барқарорликдан далолат берган.

Бизнеснинг истиқболдаги кутилмалари

Тадбиркорларнинг бизнес муҳитига нисбатан оптимистик баҳолари анча юқори даражада қолмоқда ва 3 бандга ошиб, 68 бандни ташкил этган.

Индекснинг ўсиши иқтисодиётнинг асосий тармоқларидаги ижобий ўзгаришлар билан боғлиқ. Хусусан, бизнес кутилмалари саноатда 8 бандга, қурилишда 9 бандга ва хизматлар соҳасида 2 бандга ўсиши кузатилган.

Қишлоқ хўжалигида индекснинг бироз пасайишига қарамай, ушбу сектор бўйича кутилмалар анча юқори даражада қолмоқда ва 66 бандни ташкил этган.

Ҳозирги бизнес муаммолари

Февраль ойида бизнесни юритишдаги тўсиқларни камайтириш бўйича ижобий тенденция кузатилди. Сўровнома шуни кўрсатадики, илгари долзарб бўлган кўплаб муаммолар ҳозирги кунда аҳамияти бироз пасайганлиги кузатилмоқда.

Молиялаштириш масаласи асосий муаммо бўлиб қолганига қарамай, уни асосий қийинчилик деб билдирган респондентларнинг улуши январдаги 9%дан февралда 8%гача тушган. Шу билан бирга, юқори солиқ ставкалари ҳақидаги хавотирлар 4%дан 6%га кўтарилган бўлса, солиқ маъмуриятчилиги билан боғлиқ муаммолар эса 5%дан 4%гача қисқарган.

Электр таъминоти билан боғлиқ вазият барқарор ва респондентларнинг 4 фоизини ташвишга солмоқда. Шунингдек, респондентларнинг 9% бизнесдаги бошқа муаммоларни асосий тўсиқлар сифатида кўрсатишган. Хусусан, маҳаллий ҳокимиятдаги бюрократия, рухсатнома ёки лицензия беришдаги кечикишлар, рақобат ҳамда монополиялар, кредит фоизларининг юқорилиги ва ноқонуний бузишлар каби муаммоларни таъкидлашган.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Банк-молия ва капитал бозорлари фаолиятини ўрганиш шўбаси,

тел.: (78) 150 02 02 (411)


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар