Божхона юк декларациясига ўзгартириш киритиш тартиби соддалашди

Божхона юк декларациясига ўзгартириш киритиш тартиби соддалашди

“Божхона юк декларациясини ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ва бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарор Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.

Низомга мувофиқ, эндиликда божхона юк декларациясига (БЮД) ўзгартириш ва қўшимча киритиш нисбатан соддароқ тўлдириладиган божхона юк декларациясини тузатишнинг алоҳида электрон шакли орқали амалга оширилади.

Бу эса ўз навбатида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини БЮДнинг биргина графасига ўзгартириш киритиш учун янгидан тўлиқ БЮД тўлдириб тақдим этиш мажбуриятидан озод қилади.

Бундан ташқари, декларацияловчи шахс ва божхона органлари ўртасида электрон хабарларни алмашиш ва бу орқали қўшимча ҳужжатларни тақдим этиш ва қабул қилиб олиш воситаси – ахборот алмашиш тизими жорий этилади.

Қарор билан, шунингдек, божхона қиймати декларациясига ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш, божхона юк декларациясини тузатиш шаклини тўлдириш, уни божхона органларига тақдим этиш, расмийлаштириш унга ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш тартиби белгилаб берилмоқда.

Қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ойдан кейин кучга киради.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар