– Ботир Комилович, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2021 йил 21-22 январь кунлари Бухоро вилоятига ташрифлари давомида бир қатор туманларда бўлиб, ўзгаришлар ва ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишди. Иқтисодий соҳадаги барча чора-тадбирлардан кўзланган асосий мақсад – халқимизни рози қилиш, аҳолини иш билан таъминлаш эканини алоҳида таъкидлади. Ана шу эзгу ишларни амалга ошириш учун бугун Бухорода қандай ишлар олиб борилмоқда?
– Давлатимиз раҳбарининг Бухоро вилоятига бу галги сафари, айтиш мумкинки, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан равнақ топаётган ҳудуд тараққиётига янада жўшқинлик бағишлади. Сабаби, мазкур ташриф давомида тақдимотлари бўлган лойиҳаларнинг ҳар бири иқтисодиётни юксалтириш, ҳудудлар ободлигини таъминлаш орқали аҳоли турмуш фаровонлигини янги босқичга кўтариш, пировардида халқнинг розилигига эришишдек олижаноб мақсадга қаратилган. Президентнинг вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида берилган топшириқ ва вазифалари ижросини таъминлашга ташриф кунининг эртасиданоқ киришилган. Шу билан бирга, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури” ҳокимлик фаолияти учун асосий дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
– Ботир Комилович, ўтган йил давомида Ўзбекистон иқтисодиёти юксалишида Бухоро вилоятининг ҳиссаси қандай бўлди? Аниқроқ айтганда, вилоят 2021 йилни қандай натижалар билан якунлади?
– Ижозат берсангиз, аниқ рақамларга эътибор қаратмоқчиман. Ўтган йилда вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти 106,2 фоизни, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш 100,1 фоизни, хизмат кўрсатиш 119,4 фоизни, чакана савдо 107,6 фоизни, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш 103,7 фоизни, пудрат ишлари 111,4 фоизни ташкил қилиб, барча йўналишларда ўсиш таъминланди.
Саноат йўналиши бўйича Шофиркон (121,6%), Когон (117,3%), Жондор (115,7%) туманларида юқори ўсиш суръатлари кузатилган бўлса, хизмат кўрсатиш соҳасида Вобкент (164,7%), Когон (128,4%) туманлари ва Когон шаҳрида (119,5%) юқори кўрсаткичлар қайд этилди.
2021 йилда инвестиция дастурлари доирасида вилоятда умумий қиймати 6 201 млрд сўмлик 1 381 та ҳудудий ҳамда 186,5 млн АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ҳисобига 18 та йирик лойиҳа тўлиқ қувватда ишга туширилди. Жами ишга туширилган лойиҳалар ҳисобига вилоятда 10 минг 708 та янги иш ўринлари ташкил этилиб, 110 млрд сўмлик қўшимча солиқ базаси яратилди.
Шу билан бирга, 298,9 млн долларга тенг тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ўзлаштирилиб, 2020 йилга нисбатан 118,0% ўсиши таъминланди. Хорижий инвестициялар ва кредитлар ўзлаштирилиши доирасида қиймати 144,4 млн долларлик 2 та лойиҳа ишга туширилиши натижасида 150 нафардан янги иш ўринлари яратилди.
Масалан, Бухоро туманида “Aksa Enerji Bukhara” МЧЖ хорижий корхонаси негизида 140 млн долларга тенг бўлган қуввати 270 МВт бўлган газ-поршенли иссиқлик электр станциясини қуриш лойиҳасини йўлга қўйиш ҳисобига 100 та иш ўрни яратилиши таъминланди ҳамда 400–500 та ишлаб чиқариш корхоналари узлуксиз электр энергияси билан таъминланди.
– Бухоро вилоятида қайси саноат тармоқларини янада ривожлантириш учун салоҳият мавжуд? Жорий йилда вилоятда саноат соҳасида қандай лойиҳалар амалга оширилади?
– 2022 йил 1 январь ҳолатига кўра, вилоятда саноат корхоналари ва ташкилотлари сони 4 874 тани ташкил этиб, уларнинг сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 111,3 фоизга ошди. Саноатни ривожлантириш бўйича жорий йилда вилоятда 2,9 трлн сўм бўлган 213 та лойиҳа ишга туширилиб, 3 631 та янги иш ўрни яратилади.
Хусусан, Ғиждувон туманида "Хўжаи Жаҳон Файз барака" МЧЖ томонидан қиймати 462,8 млрд сўмлик, йилига 10 минг метр ҳар хил шаклдаги темир профиллар ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган лойиҳа жорий йилда ишга туширилади.
2022 йилда вилоятда қиймати 2 804 млрд сўм бўлган 189 та саноат лойиҳаларини ишга тушириш орқали 7 794 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган. Жумладан:
- Озиқ-овқат саноатида қиймати 196,3 млрд сўм бўлган 28 та лойиҳа ишга туширилиб, 365 та янги иш ўрни;
- Кимё ва нефткимё саноатида қиймати 220,2 млрд сўм бўлган 17 та лойиҳа ишга туширилиб, 298 та янги иш ўрни;
- Текстиль ва тўқимачилик саноатида қиймати 727,4 млрд. сўм бўлган 33 та лойиҳа ишга туширилиб, 1 594 та янги иш ўрни;
- Қурилиш материаллари саноатида қиймати 1 019,8 млрд. сўм бўлган 46 та лойиҳа ишга туширилиб, 1 036 та янги иш ўрни;
- Металлургия саноатида қиймати 225,2 млрд сўм бўлган 3 та лойиҳа ишга туширилиб, 75 та янги иш ўринлари;
- Чарм саноатида, қиймати 54,4 млрд сўм бўлган 6 та лойиҳа ишга туширилиб, 66 та янги иш ўрнилари яратилади. Бошқа саноат тармоқларида, қиймати 32,5 млрд сўм бўлган 6 та лойиҳа ишга туширилиб, 153 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган. Натижада саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 1,8 трлн сўм бўлиши кутилмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимиз, шу жумладан, вилоятимизда олиб борилаётган кенг кўламли қурилиш ва таъмирлаш ишларида асқотадиган хом ашёларни маҳаллийлаштиришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Мисол учун, Бухоро шаҳридаги “City building group” хусусий корхонаси томонидан юқори сифатли ва импорт ўрнини босувчи лак бўёқ маҳсулотлари, қуруқ қоришмалар, пеноблок маҳсулотлари ишлаб чиқарилишининг йўлга қўйилганлиги фикримиз исботи бўлиши мумкин.
“Ғиждувон” ЭИЗ иштирокчиси “YORQIN XURSHID TEKSTIL” ХК томонидан “Автомобиль ўриндиқлари учун комбинацияланган авто газламалар ишлаб чиқариш” лойиҳаси амалга оширилиб, автосаноат тармоғи учун кооперация асосида мазкур газламаларни етказиб бериш йўлга қўйилди.
Бухоро шаҳридаги “Тиб техника” МЧЖ негизида фармацевтика саноати йўналишида инновацион технологиялар асосида Марказий Осиёда ягона бўлган тиббиёт жиҳозлари, яъни, коронар стент, баллон ва коронар ўтказгич, диагностик катетер, диагностик ўтказгич, интродюсер каби тиббий буюмлар ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилиб, 30 дан ортиқ соҳа мутахассислари бандлиги таъминланди.
Вилоят саноат ишлаб чиқарилишини ривожлантириш мақсадида мавжуд 28 та кичик саноат зонасидаги 42,1 гектар майдонга жойлаштирилган 165 та лойиҳадан 88 таси ишга туширилди ва 80,5 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилиб, 688 та янги иш ўрни яратилди. Ҳудудий дастур доирасида 2021 йилда 1 752,4 млрд сўмлик 385 та саноат лойиҳалари ишга туширилди ва 4 164 та янги иш ўринлари ташкил этилди.
Бюджет маблағлари ҳисобидан 1 083 млрд сўм, давлат кафолати остидаги чет эл кредитлари 951 млрд сўм, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари 113 млрд сўм ҳамда Сув таъминоти ва канализация тармоқларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 429 млрд сўм маблағлар ўзлаштирилди.
Корхона ва ташкилотлар томонидан 2 947 млрд сўм, тижорат банк кредитлари 591 млрд сўм, тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар 8 127 млрд сўм ва маҳаллий инвесторлар сармоялари ҳисобидан 1 984 млрд сўм инвестициялар ўзлаштирилди.
2021 йил январь–декабрь ойларида вилоятнинг асосий капиталини кўпайтиришга 18 995,6 млрд сўм (доллар эквивалентида 1,79 млрд AҚШ долл.) миқдорида инвестициялар киритилди ва ўсиш суръати ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 136,4 фоизни ташкил қилди.
Aсосий капиталга инвестициялар йиллар бўйича динамикасини кузатадиган бўлсак, 2016 йилда – 5,9 трлн сўм ёки 120,8 фоиз ўсишни, 2017 йилда – 11,6 трлн сўм ёки 154,7 фоиз ўсишни, 2018 йилда – 9,6 трлн сўм ёки 60,6 фоиз, 2019 йилда – 10,4 трлн сўм ёки 95,9 фоиз, 2020 йилда – 12,2 трлн сўм ёки 104,7 фоизни ташкил этган.
– Аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш орқали янги иш ўринларини яратиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади. Вилоятда ишсизлик муаммосини ҳал қилиш учун нималарга аҳамият берилмоқда? Умуман, вилоятда камбағалликка қарши курашиш йўналишида қандай ишлар қилинмоқда? Шунингдек, Бухоро вилоятида меҳнат мигрантлари бошқа ҳудудларга қараганда нисбатан кўп. Бу кўрсаткични камайтириш учун қандай чоралар кўрилади?
– Вилоятда ижтимоий ҳимоя ва ёрдамга муҳтож 44 235 та оила (аъзоси 170 898 нафар, меҳнатга лаёқатли ишсиз 49 284 нафар) “Темир дафтар”га киритилган.
Булар 17 705 та кам таъминланган, 5 403 та ногиронлиги бўлган оилалар, 2 232 та боқувчисини йўқотган оилалар, 442 та якка ёлғизлар, 18 453 та карантин сабаб вақтинчалик даромад манбаидан маҳрум бўлган оилалардир.
Шундан, 42 910 та оила 49 149 нафар аъзосининг бандлиги таъминланган(меҳнатга лаёқатлиларнинг 99,7фоизи).
Барқарор даромад манбаларига эга бўлган 42 790 та ёки 96,7 фоиз оила Халқ депутатлари туман (шаҳар)лар кенгашининг қарорларига кўра “Темир дафтар”дан чиқарилди.
2021 йилда чет давлатлардан қайтиб келган 23,2 минг нафар мигрантларнинг бандлиги таъминланди. 12,2 минг нафари доимий ва вақтинчалик иш ўринларига жойлаштирилди, 1,9 минг нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 1,1 минг нафарига субсидия ажратилди ва 8,0 нафари ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлади.
Бундан ташқари, хатлов қилиниб, хонадонма-хонадон юриш орқали четда юрган 75,4 минг нафар мигрантларнинг оила аъзоларидан хабар олинди.
Режаларга кўра, жорий йилда 405 мингдан ортиқ аҳоли бандлиги таъминланади.
Албатта, бу ишларнинг асосий қисми 2022 йил 1 январдан бошлаб ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича иш бошлаган 544 нафар ҳоким ёрдамчилари орқали амалга оширилади.
Ҳоким ёрдамчилари ўз бюджети доирасида жойларда субсидиялар бериш, жамоат ишларини ташкил этиш ҳамда касбга ўқитишга маблағ ажратиш ваколатидан фойдаланиб, маҳаллаларда оилавий тадбиркорлик учун кредитлар бериш орқали 98 минг 991 нафар аҳолини банд қилишади.
Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда инвестиция лойиҳалари ҳисобига 22 минг 336 нафар аҳоли банд бўлади. Қишлоқ хўжалиги соҳасида 272,2 мингдан зиёд фуқароларнинг бандлиги таъминланади. Туризм ва спорт соҳасида 11 минг 900 нафари банд қилинади.
Вилоятда ишсизлар ва ёшларни касб-ҳунарга ўқитишнинг мутлақо янги тизими жорий этилади. Бунинг учун 53 та маҳаллаларда касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ташкил этилади.
Шунингдек, вилоятда жорий йилда 5 034 гектар сувли ер майдонларида 10 сотихдан 1 гектаргача деҳқон хўжалиги ташкил қилиш орқали 34,6 минг нафарга яқин аҳоли бандлиги таъминланади.
– Вилоятда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласи долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Айни пайтда бу борада нима ишлар қилинди ва нималар режалаштирилган?
- 2022 йил 1 январь ҳолатида вилоят аҳолисининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 69 фоизни (1 363,5 минг нафар) ташкил қилади. Вилоятнинг 31 фоиз (613,4 минг нафар) аҳолисига ичимлик суви махсус транспорт воситаларида етказиб берилади.
Биргина жорий йилнинг ўзида аҳолини марказлаштирилган ичимлик суви билан таъминлаш борасида бир қатор йирик лойиҳалар якунига етказилди. Хусусан, қиймати 139 млн доллар бўлган “Олот ва Қоракўл туманлари ичимлик сув таъминотини яхшилаш” лойиҳаси тўлиқ якунланди. Натижада Олот ва Қоракўл туманларида яшовчи 200 мингдан ортиқ аҳоли илк бор марказлашган сифатли ичимлик суви билан таъминланди.
2022 йилда 30 та (шундан 4 таси инвестиция ва 26 таси “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла”) объект учун 142,4 млрд сўм ажратилган бўлиб, 21 та сув иншоотлари ва 594,7 км сув тармоқлари қурилади ва реконструкция қилинади.
“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида 26 та объектда 81,3 млрд сўмлик 322,2 км ичимлик сув тармоқлари ва 13 та сув иншоотларини қуриш ва реконструкция қилиш натижасида 2022 йил якунига келиб аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 71 фоизга етказилади.
– Расмий статистикага кўра, 2021 йилда вилоятнинг ташқи савдо айланмаси 1068,9 млн долларни ташкил қилиб, 2020 йилга нисбатан 30,8 фоизга ошган. Ҳудудда қайси тармоқлар ҳисобига бу натижани янада яхшилаш учун салоҳият бор?
– Экспорт прогноз кўрсаткичларига мувофиқ, 2022 йил якунига қадар 270 млн долларлик маҳсулотлар экспортга чиқарилади ва белгиланган режа (2022 йилга режа 235,8 млн доллар) кўрсаткичи 115 фоизга бажарилиши таъминланади.
Хусусан, йил якуни билан 157,3 млн доллар тўқимачилик, 35,8 млн доллар мева-сабзавот, 3,6 млн долларга чарм, 12,9 млн долларга ипак, 8,3 млн доллар қурилиш материаллари ва 53,68 млн доллар бошқа саноат маҳсулотлари экспорт қилинади.
Экспорт фаолиятига 45 дан ортиқ янги корхона жалб этилиб, 10 дан ортиқ янги давлатларнинг (Малайзия, Сингапур, Италия, Испания, Португалия, БАА, Саудия Арабистони) бозорларига маҳсулотларни экспорт қилиш бўйича шартномавий муносабатларни йўлга қўйиш ишлари давом эттирилмоқда.
Жорий йилнинг 1-чорагида вилоят бўйича жами экспорт ҳажми 53,2 млн долларни ташкил этиб, белгиланган 42,5 млн долларлик прогноз ижроси 125,3 фоизга бажарилди.
Экспорт ҳажмларининг ўсиши вилоятимиз учун драйвер бўлган соҳалар, хусусан, тўқимачилик (27,2 млн доллар, ўсиш 136%), мева-сабзавот (7,3 млн доллар, 145%), ипакчилик маҳсулотлари (1,6 млн доллар, 66%), қурилиш материаллари (1,6 минг доллар, 160%) ҳудудий саноат корхоналари (15,5 млн доллар, ўсиш 296%) экспорти ҳисобига таъминланди.
Шунингдек, экспортёр корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ишлари доимий давом эттирилади. Хусусан, ўтган давр давомида 68 та ҳолатда экспортёр корхоналарга 28,7 млрд сўмлик қўшимча қиймат солиқлари Давлат солиқ қўмитаси томонидан қайтариб берилган бўлса, 9 та корхонанинг 2 млрд сўмлик қўшимча қиймат солиқлари қайтарилиши бўйича солиқ идораларига тегишли кўрсатма берилди. Экспорт фаолиятини кенгайтириш учун 16 та корхонага 8,8 млн АҚШ доллари миқдорида кам фоизли айланма маблағлар берилди.
Бундан ташқари табиий газ ва электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш ва узилишларнинг олдини олиш, уларнинг фаолияти давомида юзага келадиган турли даражадаги муаммоларни ўз вақтида бартараф этиб бориш масаласида экспортёр корхоналарга тегишли ташкилотлар томонидан доимий амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.
– Ҳозирги пайтда вилоятда қанча тадбиркорлик субъектлари фаолият юритмоқда? Ҳудудда тадбиркорликни янада ривожлантириш учун яна қандай имкониятлар бор?
– Вилоятда жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига 62 981 та тадбиркорлик субъектлари рўйхатга олинган. Шулардан 33 917 таси юридик шахслар ва 29 064 таси якка тартибдаги тадбиркорлардир. Юридик корхоналарининг 15 140 таси (45%) сўнгги 3 йилда ташкил этилган.
Жорий йилнинг 1-чорагида 4 484 та янги субъектлар ташкил этилди, шундан 1 228 таси юридик корхоналар, 3 259 таси якка тартибдаги тадбиркорларни ташкил этмоқда. Натижада қўшимча 5 121 та иш ўринлари яратилди.
Жорий йил 2-чоракда 4 500 та (шундан 1 300 та юридик ва 3 200 та ЯТТ) янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиши режалаштирилган. Хусусан, жорий йилнинг 1-чорагида 1 136 та кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларига 729,7 млрд сўм кредитлар ажратилди.
Шундан, 657 та тадбиркорлик субъектларга 344,9 млрд сўм айланма маблағни тўлдириш учун, 11 та экспортёр корхоналарга 69,2 млрд сўм экспорт олди кредитлар ажратилди.
Жорий йилда 10 мингта янги тадбиркорлик субъектларини ташкил этишни мақсад қилганмиз. Бунда оилавий корхона ташкил этишга устуворлик қаратилади.
Вилоятда ҳоким ёрдамчилари ва тегишли ташкилотлар томонидан маҳалла ихтисослашуви ҳамда ушбу ҳудудларда фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектлари таклифларига асосан, вилоятдаги 13 та маҳалладаги жами 48,5 гектар ер майдонида 13 та янги кичик саноат зоналарини ташкил этиш орқали ушбу ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини янада ошириш режалаштирилди.
Бухорода хизмат кўрсатиш соҳасида замонавий хизмат кўрсатиш марказлари ҳамда савдо, кўнгилочар, гастрономик, туризм ва санъат йўналишларига ихтисослашган 13 та махсус савдо ва кўнгилочар кўчаларнинг ташкил этилиши бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, вилоятнинг барча ҳудудларида аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда 80 та хизмат кўрсатиш марказларини ташкил этиш орқали умумий қиймати 1533,3 млрд сўмлик, шундан банк кредити 528,3 млрд сўм бўлган 858 та лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида 4 367 та янги иш ўринлари яратиш белгилаб олинди. Мисол учун: Ғиждувон туманидаги “Обод” маҳалласида 80 га яқин хонадонлар мебель ишлаб чиқариш, “Буктарой” маҳалласида 40 яқин хонадонлар эшик-ром ишлаб чиқариш ҳамда “Чагдари” маҳалласида 70 га яқин хонадонлар ипдан арқон ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келмоқда.
Тумандаги 3 та маҳалла ўртасида жойлашган 4,8 гектар ер майдонида “Кичик саноат зонаси”ни ташкил этиб, аукцион орқали 2 қаватли ишлаб чиқариш биноларини қуриш билан маҳаллалардаги 500 дан ортиқ аҳолини доимий ишли қилиш режалаштирилган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, янги кичик саноат зоналарида лойиҳаларнинг ишга туширилиши 300 дан зиёд янги тадбиркорлик субъектларининг ташкил қилиниши ҳамда 4 400 дан ортиқ доимий иш ўринларини яратиш имконини беради. Шунингдек, маҳаллалардаги 2 000 дан ортиқ кам даромадли оилалар доимий даромадга эга бўлади.
Кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 5,3 трлн сўм миқдорида кредитлар ажратилади. Шундан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 915 млрд сўм миқдорида кредитлар ўзлаштирилади.
– Маълумки, Бухоро вилояти ўзининг қадим ва бой тарихи, осори-атиқалари ҳамда тарихий обидалари билан бутун дунёга машҳур. Бу ресурсдан қанчалик самарали фойдаланилмоқда? Бугунда вилоятда туризмни ривожлантириш йўналишида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Ҳақиқатан ҳам қадим Бухоро улкан туристик салоҳиятга эга ва биз бундан фодаланишимиз зарур. 2021 йилда пандемия шароитига қарамасдан туризм соҳасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, 78 та янги катта-кичик меҳмонхоналар (724 та хона, 1 919 та ўрин) ишга тушиши ҳисобига уларнинг умумий сони 415 тага (4463 та хона, 10323 та ўрин) етди. Ўтган йил давомида Бухорога келган сайёҳларнинг жами сони 2 млн 265 минг 389 нафарни ташкил этди. Бундан маҳаллий сайёҳлар сони – 2 млн 216 минг 465, хорижий сайёҳлар сони – 48 минг 924 нафарни ташкил этиб, бу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан ички туризмда қарийб 9,3 бараварга, хорижий саёҳлар сонига нисбатан эса 3,6 бараварга ортгани кузатилди.
Маҳаллий ва хорижий сайёҳларни кенг жалб қилиш мақсадида Туризм йўналишида 20 дан ортиқ (“Насриддин Афанди”, “Шарқ таомлари”, “Ипак ва зираворлар”, “Қовун сайли” ва бошқ.) маданий тадбир ва фестиваллар ўтказилди.
2021 йилнинг март ойида Ҳиндистондан тўғридан-тўғри хорижий инвестиция асосида барпо этилиб, қиймати 14 млн долларга тенг меҳмонхона билан Бухородаги илк 5 юлдузли (Hyatt Regency бренди остида) меҳмонхона фаолиятини йўлга қўйиш бўйича шартнома имзоланди.
Хорижий авикомпаниялар билан олиб борилган музокаралар натижасида Бухоро халқаро аэропортига маҳаллий ва тўғридан-тўғри авиақатновлардан ташқари Россия, Европа, Туркия, Қозоғистон каби мамлакатлардан жами 871 та чартер рейслари амалга оширилди.
Таҳлилларимиз бўйича туризм хизматлари ҳисобига вилоят иқтисодиётига жами 478,9 млрд сўм (шундан хорижий сайёҳлардан 138,4 млрд сўм) тушум жалб қилинди. Бу рақам 2020 йилга нисбатан 9,7 бараварга ошиб, туризм тармоғида 500 нафарга яқин янги иш ўринлари яратилди.
2022 йида туризм соҳасини ривожлантириш бўйича вилоятда қуйидаги вазифалар белгиланган:
- Бухорода туризмни жадал ривожлантириш бўйича алоҳида дастурни амалга ошириш орқали маҳаллий сайёҳлар оқимини 2,4 млн нафарга, хорижий сайёҳлар оқимини 450 минг нафарга етказиш чоралари кўрилади ва Бухоро аэропорти орқали халқаро авиақатновлар сони 2022 йилда 1 бараварга (871 та рейс) оширилади;
- Хизмат кўрсатиш, жумладан туризм соҳасига хизмат кўрсатиш йўналишларида 1,1 мингта янги иш ўрни яратишни кўзда тутувчи чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади.
- Туризм инфратузилмасини кенгайтириш мақсадида 8 та янги туризм маршрутлари ишлаб чиқилиб, Бухоро вилоятининг туман (шаҳар)лар кесимида катта-кичик ҳажмдаги 40 та меҳмонхоналар, 55 та оилавий меҳмон уйлари ва 17 та ҳостеллар ташкил этилади.
- Абу Али ибн Сино туғилиб ўсган “Афшона” қишлоғини туризм шаҳарчасига айлантириш юзасидан музейга туташ ҳудуддан 2,7 гектар ер участкасини қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер майдонлари ҳисобига ўтказиш ва белгиланган тартибда инвестор ва ташаббускорларни жалб қилган ҳолда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида қурилиш ишлари бошланади.
- Бухоро шаҳар И.Каримов кўчасида “Гастро Базар” ва “Street Food” гастрономик кўчасини ташкил этиш ишлари амалга оширилади. 2022 йилда 9 та туман (шаҳар)да жами 18 та туризм ахборот марказлари ҳамда зиёрат обектларида 9 та туристик йўл кўрсаткичлар ўрнатилади.
- Ғиждувон туманида “Қўрғон”, “Туризм маҳалласи”, Вобкент туманида “Ширин этнотуризм қишлоғи” ва Аҳмад Дониш кўчасида “Туризм кўчаси”ни ташкил этиш ишлари якунланади.
– Бухоро вилоятида қишлоқ хўжалиги соҳасида қандай долзарб масалалар кун тартибида турибди? Унинг салоҳиятидан етарлича фойдаланиляптими? Тармоқни ривожлантириш борасида қандай ишларни амалга ошириш мўлжалланган?
– 2021 йилда вилоят бўйича 345 минг тоннадан ортиқ пахта тайёрланиб, ўтган йилга нисбатан 50 минг тонна кўп ҳосил олинди, ўртача ҳосилдорлик 35,2 центнерни ташкил этди. Пахтадан жами 2,4 трлн сўм даромад олиниб, бир гектар майдондан 24,2 млн сўм даромад қилинди. Пахта хомашёсини қайта ишлашдан олинган даромад 4,8 трлн сўмни, соф фойда 2,3 трлн сўмни, рентабеллик даражаси 96 фоизни ташкил қилмоқда.
Ўтган йилда қишлоқ хўжалиги экинларидан аҳолимиз даромадлари жами 1,8 трлн сўмни ташкил қилмоқда. Жумладан,
- пахта йиғим теримидан 576,7 млрд сўм;
- ғалла ҳосилидан 228,3 млрд сўм (натура шаклида);
- ипак қурти боқиш ҳисобига 59,6 млрд сўм;
- такрорий экинлардан эса 918,1 млрд сўм даромад олинди.
Ушбу кўрсаткични жорий йилда 1,5 бараварга ошириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Чорвачилик соҳаси Бухоро вилояти учун драйвер ҳисобланади. Соҳани ривожлантириш учун катта имкониятлар бор. Шундан келиб чиқиб, вилоятда ўтган йили 549 млрд сўмлик чорвачилик лойиҳалари амалга оширилган бўлса, бу йил 701 млрд сўмлик 113 та лойиҳаларни амалга оширишни олдимизга вазифа қилиб олдик.
Бундан ташқари, вилоятдаги чорва молларининг 93 фоизи аҳоли хонадонларида бўлганлиги сабабли, аҳолига чорва озуқасини етказиб бериш ҳисобига, ветеринария хизматини кўрсатиш, сут ва гўшт маҳсулотларини сотиб олиш ва қайта ишлаш, қисқа қилиб айтганда, кооперация тизимини йўлга қўйиш олдимизда турган асосий вазифалардан биридир.
Ҳисоб-китобларга кўра, аҳоли эҳтиёжи учун ўтган йилги ишлаб чиқариш бўйича 501 млн дона тухум (90 млн дона ортиқча) ҳамда 1,1 минг тонна парранда гўшти етишмайди. Шундан келиб чиқиб, бу йил паррандачилик йўналишида 191,3 млрд сўмлик 23 та лойиҳа амалга оширилиб, шундан 14 та (145,5 млрд сўм) тухум йўналишидаги лойиҳалар ҳисобидан 32 млн дона қўшимча тухум етиштирилади, 9 та (49 млрд сўм) гўшт йўналишидаги паррандачилик корхоналари ҳисобига қўшимча 2,56 минг тонна парранда гўшти етиштирилади.
Бундан ташқари, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан 8,4 минг та хонадонга 100 бошдан парранда тарқатилади.
Ҳаммамизга маълумки, Бухоро вилоятида сув таъминоти жуда мураккаб бўлиб, таҳлилларга кўра, қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун суғориш мавсумида 2755,0 млн м3 талаб этилиб, бу йилги сув тақчиллиги 624,0 млн м3 ёки талабга нисбатан сув таъминоти фоизи кам бўлиши кутилмоқда.
Томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш борасида 2021 йилда 17,840 минг гектар майдонларда жумладан, 17,44 минг гектар томчилатиб, 400 гектар дискрет суғориш технологияси жорий этилди. Жорий йилда вилоятда 21,839 минг гектар, жумладан 19,227 минг гектар томчилатиб суғориш (13,250 минг гектар пахта, 3,1 минг гектар боғ, 2,4 минг гектар ток, 477 гектар бошқалар) ва 2,612 минг гектар ёмғирлатиб суғориш (2,612 минг гектар ғалла) технологияларини жорий қилиш ҳамда 14,9 минг гектар лазерли текислаш тадбирларини амалга оширишимиз лозим.
Бундан ташқари, вилоятдаги ишсиз аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида 4,3 мингта хонадонга 430 минг бош парранда тарқатилиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда 1,9 мингта хонадонга 235,2 минг бош парранда тарқатилди.
– Жорий йилдан бошлаб мамлакатимизнинг барча туманларида туман ҳокимларининг маҳалладаги ёрдамчилари иш бошлади. Уларнинг иши қандай баҳоланмоқда? Қайси ҳоким ёрдамчиларини бошқаларга ўрнак сифатида келтирса бўлади? “Маҳаллабай” иш тизимининг Бухоро вилоятидаги илк натижалари қандай?
– Ҳозирги кунда вилоятдаги 544 та маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари фаолият олиб бормоқда. Улар томонидан жорий йил бошидан 403,8 мингдан ортиқ (100%) хонадонлар хатловдан ўтказилиб, ижтимоий-иқтисодий ҳолатидан келиб чиқиб, 4 та асосий тоифага ажратиб олинди.
Хусусан:
- биринчи тоифа – даромади кам, бироқ даромад топишга ҳаракат қилаётган хонадонлар 17,5 фоиз (70,5 минг);
- иккинчи тоифа – доимий даромадга эга, қўшимча даромад топиш истагидаги хонадонлар 26,9 фоиз (108,5 минг);
- учинчи тоифа – ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган хонадонлар 6,2 фоиз (25,0 минг);
- тўртинчи тоифа – иқтисодий аҳволи яхши ва ўзига тўқ хонадонлар 49,5 фоизни (199,9 минг) ташкил этди.
Шу билан биргаликда, ҳоким ёрдамчилари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида фуқароларнинг бандлигини таъминлаш ва даромад манбаларини ошириш бўйича бир қатор ишлар бажарилди. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида ишсиз бўлган 12,6 минг нафар фуқаролар ҳоким ёрдамчилари томонидан даромадли иш билан таъминланди.
Касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқиш истаги мавжуд 6 572 нафар фуқаролар касбга ўқитилди.
Бугунги кунда ҳоким ёрдамчилари хулосалари асосида 9 303 нафар фуқарога 220 млрд сўмлик кредит маблағлари, 3 467 нафар фуқароларга 7 млрд 30 млн сўм субсидиялар ажратилди.
“Бир ҳудуд – бир маҳсулот” тамойили бўйича 4 870 гектар ер майдонларида ҳоким ёрдамчилари таклифи ва ёрдами билан кооперацияларга бириктирилган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экилди. Шундан, 587 гектарга картошка, 2 747 гектарга сабзавот экинлари, 1 392 гектарга полиз, 526 гектарга дуккакли, 728 гектарга мойли экинлар экилди.
Вилоятдаги барча маҳаллаларнинг ихтисослашувидан келиб чиқиб, у ердаги аҳолининг камида 60-70 фоизи шуғулланадиган ва кўникмалари бўйича “ўсиш нуқталари” белгилаб олинди.
Бухородаги 544 та маҳалланинг 120 таси чорвачилик, 124 таси деҳқончилик, 72 таси боғдорчиликка, 96 таси савдо ва хизмат кўрсатиш, 19 таси иссиқхона ҳамда 15 таси паррандачилик йўналишларига ҳамда 98 та маҳаллалар бошқа соҳаларга ихтисослаштирилди.
Вилоятда ижтимоий ҳимоя ва ёрдамга муҳтож 44 235 та оила (аъзоси 170 898 нафар, меҳнатга лаёқатли ишсиз 49 284 нафар) “Темир дафтар”га киритилган. Булар:
- 17 705 та кам таъминланган, 5 403 та ногиронлиги бўлган оилалар, 2 232 та боқувчисини йўқотган оилалар, 442 та якка ёлғизлар;
- 18 453 та карантин сабаб вақтинчалик даромад манбаидан маҳрум бўлган оилалардир.
Шундан, 42 910 та оиланинг 49 149 нафар аъзоси бандлиги таъминланган (меҳнатга лаёқатлиларнинг 99,7 фоизи).
Барқарор даромад манбаларига эга бўлган 42 790 та ёки 96,7 фоиз оила Халқ депутатлари туман (шаҳар)лар кенгашининг қарорларига кўра “Темир дафтар”дан чиқарилди. Бугунги кунда “Темир дафтар”да 1 445 та оила (аъзоси 4 618 нафар) мавжуд.
– 2022–2026 йилларда Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси доирасида мамлакатимизда илк маротаба ҳудудлар даражасида тараққиёт стратегиялари ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Яқин 5 йилда Бухоро вилоятида қандай ўзгаришлар амалга оширилиши кўзда кутилмоқда?
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ−60-сонли “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармони, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 27 апрелдаги 215-сонли “2022–2026 йилларда Бухоро вилояти ҳудудларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ушбу қарор билан Бухоро вилоятида 2022–2026 йилларда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 1,4 баравар, саноат маҳсулотлари ҳажмини 1,5 баравар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 1,2 баравар, хизматлар ҳажмини 3,1 баравар ҳамда қурилиш ишлари ҳажмини 1,5 бараварга ошириш назарда тутилган.
Бухоро вилояти иқтисодиётининг 2022–2026 йиллардаги асосий кўрсаткичлар прогнози ҳамда ҳудуд иқтисодиётининг жорий ҳолатидан келиб чиқиб, юқори ва барқарор ўсишини таъминлаш орқали вилоятнинг инклюзив ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилди ва бу ишга қуйидаги асосий 7 та призма орқали ёндашилди.
- Ҳудудда инновацияларга асосланган яшил иқтисодиётни қуриш.
Бу йўналишда “Ақлли шаҳар” инновацион технологияларини жорий этиш (“Электрон шифохона”, “Ягона электрон тиббий карта”, “Электрон рецепт”, “Халқ назорати” электрон портали, “Ақлли дала” ва ҳоказо), “IT-Парк” дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркини ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш жараёнларига Буюмлар интернети (IoT) технологияларидан фойдаланган ҳолда “ақлли дала” аппарат дастурий комплекс тизимларини ҳудудда жорий этиш, шаҳар йўловчи ташиш транспортида автоматлаштирилган тўлов тизимини йўлга қўйиш каби ишлар белгиланган.
- Инсон капиталини ривожлантириш.
Ҳудудда инсон капитали омилини ривожлантириш мақсадида мактабгача таълимнинг тўлиқ қамровини таъминлаш, умумий таълим муассасаларидаги қувватлардан фойдаланиш коэффициентини камайтириш, олий таълим қамровини ошириш, таълим соҳасига хусусий инвестицияларни жалб қилиш, давлат-хусусий шерикликни янада ривожлантириш, илм-фанни қўллаб-қувватлаш ва уни ишлаб чиқаришга интеграцияси механизми такомиллаштирилади.
Хусусан, келгуси 5 йилда Бухорода 52 мингдан ортиқ янги ўқувчи ўринлари яратилади. Бунда, 24 та янги мактаб, 236 мактабларда қўшимча биноларни қуриш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилади.
Мактабгача ёшдаги болаларнинг таълим ва тарбияси учун зарур шароитлар билан таъминланади. Жумладан, 14 та давлат мактабгача таълим ташкилотларини янгидан қуриш, 10 та янги давлат ва хусусий, 100 та оилавий боғчалар ташкил этилади, 62 та давлат боғчаси реконструкция қилинади ва яна 20 минг нафар болаларга боғчага бориш имконияти яратилади. Натижада, келгуси беш йилда мактабгача таълим билан қамров даражаси 80 фоиздан 94 фоизга етказилади.
Сифатли ва малакали тиббий хизматларни маҳаллагача етказиш мақсадида ҳар бир маҳаллага бириктирилган 873 та “тиббиёт бригадалари” ва оилавий поликлиникалар сурункали касалликларни барвақт аниқлаш бўйича зарур воситалар билан таъминланади. Шунингдек, жаҳон стандартлари асосида “Тиббиёт кластер” ташкил этилиши режалаштирилган.
Маммоскрининг натижасида 2022 йилда кўкрак сут бези саратони билан I-II босқичда ташхислаш улуши 48 фоиздан 73 фоизга ошади. Беморларнинг соғломлаштирилиши 60-70 фоизга яхшиланиб, ўлим кўрсаткичи 30-40 фоизгача пасайишига эришилади.
Шаҳар ва туманлар марказий шифохоналаридаги ўринларнинг 10 фоизи неврология, эндокринология, кардиология касалликлари учун ажратилиб, бюджетдан молиялаштирилади. Шунингдек вилоятдаги 13 та кўп тармоқли марказий поликлиникаларда “Болалар бўлимлари” ташкил этилади.
- Урбанизация ва инфратузилмани ривожлантириш.
Аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш мақсадида вилоятнинг урбанизация даражасини 2026 йилга қадар 47 фоизга етказиш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилиши белгиланган. Жумладан, Бухоро вилоятида урбанизация жараёнларини ривожлантириш мақсадида 1 та йирик шаҳар (Бухоро шаҳри), 3 та ўрта шаҳарлар (Когон, Ғиждувон, Қоракўл) ва 2 та кичик шаҳарчаларни (Янгибозор ва Газли) 2019–2030 йилларда босқичма-босқич ривожлантириш режалаштирилган.
Аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш мақсадида кўнгилочар марказлар, ижтимоий соҳа объектларини ташкил этиш, оптик толали интернет тармоқлари ўтказиш ишлари олиб борилади.
- Бизнес муҳитни яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш.
Ҳудудда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишни енгиллаштириш ва рағбатлантириш мақсадида бизнес муҳитни, инфратузилмани яхшилаб бориш, ҳудуднинг “Бизнес юритиш” ҳисоботидаги рейтинг ўрнини яхшилаш орқали бизнесга қулай муҳит яратиш учун чора тадбирлар кўрилади. Шу билан бирга, 2022–2026 йиллар давомида ҳудудларда 40 минг 451 та янги тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш режалаштирилган.
- Ҳудуд ресурсларидан самарали фойдаланишга қаратилган юқори қўшилган қиймат занжирини яратиш.
Бунинг учун вилоятда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни кўпайтириш мақсадида Қоровулбозор ва Пешку туманларида қурилиш материаллари кластерларини ташкил этиш орқали умумий қиймати 10 трлн сўм бўлган 282 та лойиҳа амалга оширилади.
Чорвачиликка ихтисослаштирилган Қоровулбозор, Бухоро, Ромитан ва Когон туманларидаги чорвачилик маҳсулотларини саноат усулида тўлиқ қайта ишлаш орқали тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилади, сунъий уруғлантириш маркази очилади.
Ҳар йили 65 минг гектар шўрланган ерларни чуқур юмшатиш ва лазерли текислаш ишларини амалга ошириб, сув сарфини 20-25 фоизга камайтирилиб сув таъминотини яхшиланади.
Ромитан туманининг “Қўрғон” маҳалласида анорчилик, Вобкент туманидаги “Анжирбоғ”да анжирчилик, Бухоро туманидаги “Янги турмуш”да узумчилик, Пешку туманидаги “Афшона”да лимончилик ривожлантирилади ва аҳоли томорқадан фойдаланишда етарли тажриба тўплаган маҳалла фуқаролар йиғинларидаги хонадонларда аниқ турдаги маҳсулот етиштириш йўлга қўйилиб, енгил конструкцияли кичик иссиқхоналар қуриш ҳамда қўшимча даромад олиш имкониятлари яратилади.
Вилоят туманларида мева-сабзавот кластерларини кўпайтириш фаолияти ривожлантирилади. Бунда Вобкент, Пешку ва Ромитан туманларида жами 3 та мева-сабзавотчилик кластерларини ташкил этиш ва уларга 1 114 гектар ер майдонларини бириктириш, 65 гектар ерда замонавий боғ ва токзорлар ташкил этилади. Кластер корхоналари томонидан қуввати 250 тонна сиғимли музлатгич омборхона, 4 минг тонна қайта ишлаш лойиҳаларини амалга ошириш, 412 та янги иш ўринлари яратилади.
Ўзлаштириладиган майдонлар ҳисобидан 60 минг гектар озуқа етиштириш учун ажратилиб, озуқа ишлаб чиқариш ҳажми 5 бараварга оширилиб, қўйчиликни ривожлантириш ва маҳсулот ишлаб чиқариш кўпайтирилади.
Шофиркон, Қоракўл, Пешку туманларида аҳоли билан кооперацияни йўлга қўйиб, жунни қайта ишлашни 2 баравар, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш 3 бараварга кўпайтирилади.
Қоракўл туманида саноат кластери ташкил этилиб, унда қурилиш материаллари, кимё, енгил саноат, электротехника, автомобилсозлик ва бошқа маҳаллий саноат тармоқлари учун 100 дан ортиқ маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Вилоят учун салоҳияти юқори бўлган яна бир тармоқ – қурилиш материаллари саноати ҳам янги босқичга олиб чиқилади. Бунинг учун вилоятдаги 78 та кон участкаси аукционга чиқарилади, 37 та истиқболли майдонларда геология-қидирув ишлари амалга оширилади. Пешкуда ҳам барча инфратузилмага эга, мармар-гранитни чуқур қайта ишлаш ҳисобига, йилига 200 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарадиган кластер ташкил этилади.
- Ҳудуд молиявий барқарорлигини таъминлаш.
Бу йўналишдаги асосий сай-ҳаракатлар тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишни жадаллаштириш, аҳоли ва корхоналарнинг ўз маблағларини йўналтиришни қўллаб-қувватлаш, маҳаллий бюджетнинг барқарор даромад базасини яратиш, маҳаллий харажатлар самарадорлигини ошириш, яширин иқтисодиёт улушини босқичма-босқич камайтириш, республика бюджетидан олинаётган трансферлардан босқичма-босқич воз кечиш, давлат-хусусий шериклигини янада ривожлантириш кабиларга қаратилади.
- Самарали лойиҳа бошқарувини жорий этиш.
Стратегияда белгиланган мақсадларга эришиш учун масъулиятни аниқ белгилаш ва самарали бошқарув ва мунтазам мониторингини юритиш тизимини яратиш, ходимлар иши натижадорлигини оширишни рағбатлантириб бориш, энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳолаб бориш мақсади қўйилган.
– Келгуси 5 йил ичида вилоятда амалга ошириладиган йирик инвестиция лойиҳалари ҳақида айтиб ўтсангиз.
– Вилоятда 2022–2026 йилларда аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, ишсизлик сонини камайтириш мақсадида кейинги 5 йилликда қиймати 95,4 трлн сўм бўлган, 5 000 та йирик ва ўрта лойиҳалар амалга оширилиши ҳамда бунинг пировардида 65 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилиши таъминланади.
Жумладан, Қоракўл туманида қиймати 2,7 млрд долларга тенг бўлган йилига 1,3 млрд куб метр газни қайта ишлайдиган газ-кимё комплексини барпо этиш лойиҳасини йўлга қўйиш ҳисобига 1 300 та иш ўрни яратилиши таъминланади, натижада энг замонавий технологиялар асосида, йилига 770 минг тонна полимерлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади.
Бугунги кунда вилоятда электр энергияси ишлаб чиқариш манбалари мавжуд эмас. Шунинг учун, 1,6 млрд доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳисобидан 3 та шамол ва қуёш электр станциялари барпо этилади.
2023 йилда Ғиждувон ва Пешку туманларида “ACWA Power” МЧЖ хорижий корхонаси негизида 1,3 млрд долларга тенг бўлган қуввати 500 МВтдан бўлган 2 та шамол электр станцияларини қуриш лойиҳаларини йўлга қўйиш ҳисобига 200 та иш ўрни яратилиши таъминланади ҳамда 2000 та ишлаб чиқариш корхоналарини узлуксиз электр энергияси билан таъминланади.
Олот туманида 2025 йилда Халқаро молия корпорацияси техник кўмагида қуввати 250 мега-ватт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш лойиҳаси амалга оширилади. Ушбу станциялар йилига 6,3 млрд кило-ватт соат ёки вилоят эҳтиёжига нисбатан икки баробар кўп электр энергияси ишлаб чиқаради.
Кейинги 5 йилликда амалга ошириладиган лойиҳалар ҳисобига яратиладиган иш ўринлари сонини 2021 йилга нисбатан 5 баробарга ошириш режалаштирилган. Бунинг учун асосий эътибор ҳудудий саноат соҳасида ишлаб чиқаришларни ривожлантиришга, йирик ишлаб чиқаришларни ишга туширишга, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларни кўпайтиришга қаратилади.
Шунингдек, вилоятдаги эркин иқтисодий зоналар ҳамда кичик саноат зоналарида маҳаллий ва хорижий инвесторлар томонидан амалга ошириладиган ишлаб чиқаришлар асосий омил бўлиб хизмат қилади.
Шу билан бирга, Бухоро вилоятида 2022–2026 йиллар давомида қиймати 1 977,1 млн. долларга тенг тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ўзлаштирилиши таъминланади. 2026 йилда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ўзлаштирилиш ҳажми 2021 йилга нисбатан 2,5 бараварга оширилиб, 620,8 млн долларга етказилади. Мазкур лойиҳаларнинг ишга туширилиши натижасида, экспорт кўрсаткичлари учун қўшимча 310 млн долларлик захира базаси яратилади. 21,2 трлн сўмлик янги қувватлар яратилиб, 503 млрд сўмлик бюджетга тушумлар тушиши таъминланади.
Шунингдек, Бухоро вилоятида 2022–2026 йиллар давомида қиймати 1 789,9 млн долларга тенг товарлар ва маҳсулотлар экспорти амалга оширилади. 2026 йилда товарлар ва маҳсулотлар экспорти ҳажми 2021 йилга нисбатан 3,5 бараварга оширилиб, 570,2 млн долларга етказилади.
Жумладан, 2026 йилга келиб 80 дан ортиқ янги турдаги маҳсулотлар етарли ҳажмларда ташқи бозорларга олиб чиқилади, 20 дан ортиқ янги бозорларга маҳсулот экспорти ҳажмлари оширилади.
– Сир эмаски, вилоят раҳбарининг иш графиги жуда тиғиз бўлади. Ҳордиқ чиқариш пайтларида нима иш билан шуғулланасиз? Нима сизга илҳом беради?
– Дам олиш пайтларида кўпроқ оила аъзоларим даврасида бўлиш, китоб ўқишга ҳаракат қиламан. Шунингдек, мунтазам ишлаш учун спорт билан ҳам шуғулланаман.
Изоҳ қолдириш