– Касбий фаолиятингиз ҳақида қисқача гапириб берсангиз, бу лавозимга қандай келгансиз? Олдин нима иш билан шуғуллангансиз? Қайси кўникмаларингиз сизга юкланган вазифаларни самарали бажаришга ёрдам бермоқда?
– Ўзим Самарқанд давлат қишлоқ хўжалик институтини бухгалтерия ҳисоби ва аудит мутахассислиги бўйича битирганман. Иш фаолиятимни туманимиздаги “Хўжақул Пардаев” фермер хўжалиги бош ҳисобчиси сифатида бошлаганман, сўнгра озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари сифатида ҳам ишладим. Шунингдек, Чироқчи тумани ҳокимлиги иқтисодиёт бўлими бош мутахассиси, туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, Иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бошқармаси Чироқчи туман бўлими бошлиғи, “Гулзор Илм маскани” НТМ раҳбари сифатида ҳам иш тажрибам бор. Бундан аввал “Соҳил” МФЙда ҳоким ёрдамчиси бўлиб ишлаганман, 2024 йилдан бошлаб “Қаҳрамон” МФЙга тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси этиб тайинландим. Бу вазифаларда тўплаган иш тажрибам менга ҳоким ёрдамчиси лавозимида ҳам қўл келмоқда.
– Маҳаллангизнинг жойлашуви, у ердаги мавжуд инфраструктура объектлари (йўллар, мактаб, боғча, поликлиника, саноат корхоналари), аҳолини иш билан таъминлаш имкониятлари ҳақида тўлиқроқ гапириб берсангиз?
– “Соҳил” МФЙда 10 км ички йўллар, 4 та умумтаълим мактаби, 8 та мактабгача таълим муассасаси, 60-сонли оилавий поликлиника фаолият юритади. Маҳаллада йирик саноат корхоналари мавжуд эмас. Ҳудудда жами 7012 нафар аҳоли истиқомат қилади, шундан 3602 нафари хотин-қизлардир. Маҳалладаги хонадонлар сони 1312 та, оилалар сони эса 1880 та. Кам таъминланган оилалар сони 744 та.
– Маҳалладаги ишларни нимадан бошладингиз?
– Биринчи навбатда, маҳалла аҳолиси билан доимий мулоқотда бўлиш мақсадида Телеграм иловасида “Соҳил” МФЙнинг гуруҳини очдик, ҳозирда гуруҳ аъзолари сони мингдан зиёд. Гуруҳда чет мамлакатларда ишлаб, ўқиб юрган ҳамда республиканинг бошқа шаҳарларида фаолият юритаётган маҳалладошларимиз ҳам бор. Ушбу каналда тажрибали тадбиркорларнинг фаолияти, бизнес ғоялари ва ҳудудда бажарилаётган амалий ишлар тўғрисида ёритиб борилмоқда. Қувонарлиси, Телеграм канали орқали олиб борилаётган тарғиботлар туфайли маҳалла аҳолисининг ҳуқуқий саводхонлиги ва жамиятдаги ўзгаришларга дахлдорлиги ҳам ошмоқда.
Маҳаллани ҳар томонлама ўрганиш натижасида 3240 нафар аҳоли ва 680 та хонадон тўлиқ хатловдан ўтказилиб, 4 та тоифага ажратиб олинди.
- биринчи тоифа – даромади кам, бироқ даромад топишга ҳаракат қилаётган хонадонлар 28,0 фоизни (175 та);
- иккинчи тоифа – доимий даромадга эга, қўшимча даромад топиш истагидаги хонадонлар 31,0 фоизни (194 та);
- учинчи тоифа – ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган хонадонлар 5,4 фоизни (31 та);
- тўртинчи тоифа – иқтисодий аҳволи яхши ва ўзига тўқ хонадонлар 35,5 фоизни (222 та) ташкил этди.
Шундан сўнг, ўтказилган хатлов натижаларига кўра, 1 ва 2-тоифага кирувчи 369 та хонадон билан ишлаш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.
Ўрганишлар натижаларидан келиб чиққан ҳолда маҳалланинг ўсиш нуқталари ва драйвер йўналишларини ҳам аниқлаб олдик.
– Маҳаллангиз ривожининг асосий иқтисодий ўсиш драйвери нима? Нега ушбу йўналишлар танлаб олинди? Танланган йўналишларни тезкор ривожлантириш учун нима ишлар қилинмоқда?
– Маҳалла географик жиҳатдан Қашқадарё дарёси атрофида жойлашганлиги сабабли балиқчилик билан шуғулланишга жуда қулай. Шундан келиб чиққан ҳолда асосий драйвер йўналиш сифатида балиқчилик танлаб олинди. Бундан ташқари, хизмат кўрсатиш соҳаси (савдо-сотиқ, умумий овқатланиш, нон ёпиш, тандир ясаш, блок ва ғишт ишлаб чиқариш) соҳалари, деҳқончилик (картошка, сабзи ва пиёз етиштириш), паррандачилик ҳамда чорвачилик йўналишларини ҳам ривожлантириш учун яхши имкониятлар мавжуд.
– Маҳаллангизда балиқчиликни ривожлантириш бўйича яхши тажриба тўпланган экан. Ўтган вақт давомида нечта хўжаликда балиқчилик йўлга қўйилди? Битта хўжаликдан ўртача қанча маҳсулот олиняпти? Ўтган йили жами қанча маҳсулот экспорт қилинди?
– Чироқчи туманида бугунги кунда балиқчилик фаолиятини йўлга қўйган 400 нафардан ортиқ тадбиркор мавжуд бўлиб, жумладан, туманнинг “Қаҳрамон”, “Соҳил” ва “Чилжувут” маҳаллалари балиқчиликка ихтисослашган. Ушбу маҳаллалар балиқчилик билан шуғулланиш учун жуда қулай ҳудудлар ҳисобланади. Шунингдек, мазкур маҳаллаларда ер қаъридан табиий босим остида 24 градусли илиқ сув манбаси мавжуд бўлиб, ҳеч қандай электр энергиясиз, сув насосларисиз ер устига истеъмолга яроқли тоза сув қалқиб чиқади.
Бугунги кунда 304 нафар фуқаро 40 гектардан ортиқ ер майдонида – шундан 30 гектари табиий ҳовузлар, 10 гектардан ортиқроғи интенсив (иссиқхона) усулида балиқ етиштириш билан шуғулланиб келмоқда. Асосан, Африка лаққа балиғини етиштириш кенг оммалашган бўлиб, йилига 9,0 минг тонна балиқ етиштирилади.
Етиштирилган балиқ маҳсулотларининг бугунги кундаги улгуржи баҳоси, жумладан, Африка лаққаси 20 минг, сазан 55 минг, дўнгпешона 40 минг, беламур 40 минг ва оқ амур 50 минг сўмдан ички ва ташқи бозорларга сотилиб келмоқда.
Юқорида кўрсатилган маҳаллаларда балиқчилик билан шуғулланиш учун ер майдонлари мавжуд бўлиб, йилдан йилга балиқчилик билан шуғулланувчи тадбиркорлар сони кўпайиб бормоқда. Бугунги кунга қадар 140 та хонадонга балиқхона, 46 та хонадонга иссиқхона қуриб берилди.
Шу билан бирга, тадбиркорлар томонидан ҳудудий иқлим шароитига мос балиқ турларини боқиш ва кўпайтириш режалаштирилмоқда. Келгусида етиштирилаётган балиқ маҳсулотларидан турли хилдаги консервалар ишлаб чиқариш, маҳсулотларни қўшни давлатларга экспорт қилиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилмоқда.
– Маҳаллангизда ишсизлик муаммоси қандай ҳал этилмоқда? Бунга мисоллар келтира оласизми?
– 2022-2024 йиллар мобайнида 207 нафар ишсиз фуқаро текстиль корхоналарига, 15 нафари умумий овқатланиш корхоналарига, яна 60 нафар ишсиз фуқаро бошқа йўналишлардаги корхоналарга ишга жойлаштирилди. Бундан ташқари, 70 нафар ишсиз фуқарога 30-50 сотихдан ер майдонлари ажратилди. Кўрсатилган даврда 43 та хонадонга 124 кВтлик қуёш панеллари ўрнатиш ишлари амалга оширилди.
Аҳолини иш билан банд қилиш мақсадида 64 та оилага тикув машинаси берилиб, 198 нафар фуқаро иш билан банд қилинди.
Шунингдек, жами 110 та кредит ажратилган бўлиб, узумчилик йўналишида 8 нафар фуқарога, қишлоқ хўжалиги техникаси сотиб олиш учун 6 нафар фуқарога, асаларичилик йўналишида 6 та, 3 та фуқарога кичик тикувчилик цехи очиш учун 18 дона тикув машинаси, 2 та машиналар ювиш асбоб-ускунаси, 6 та 100 тонна сиғимли музлаткич сотиб олиш учун имтиёзли кредит ажратилган. 192 та хонадонга ичимлик суви етказиш, 14 км узунликдаги ички йўлларни шағаллаштириш, 6,5 км зовурларни тозалаш, 1 та трансформатор ва 20 та бетон таянч устуни ўрнатиш ишлари маҳалла фуқаролари ва ҳомийлар ёрдамида амалга оширилди. Бундан ташқари 3 та ўрдакчилик, 2 та умумий овқатланиш, 12 дона 1600 тонна сиғимли музлаткич, 54 та ЯТТ, оилавий ва хусусий корхоналар ташкил этилган.
– 2025 йилнинг ўтган даврида маҳаллада амалга оширилган ишлар ҳақида батафсилроқ сўзлаб берсангиз. Ишсизларни иш билан таъминлаш, касбга ўқитиш, тадбиркорликни, аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларни ободонлаштириш бўйича қандай ютуқларга эришилди?
– Ҳоким ёрдамчисининг ташаббуси ва кўмаги орқали жами 37 та янги тадбиркорлик субъекти, шундан 22 та якка тартибдаги тадбиркорлик субъекти, 14 та оилавий корхона, масъулияти чекланган жамият ҳамда хусусий корхона давлат рўйхатидан ўтказилди.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 2 млрд 215 млн сўмлик 145 та ариза келиб тушган бўлиб, 1 млрд 575 млн сўмлик 52 та лойиҳага тавсиянома берилди ва амалга оширишга йўналтирилди. Жорий йилда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан 6 нафар фуқарога 6 млн сўм ажратилди.
Деҳқон хўжаликлари учун бўш ер майдонларини E-AUKSION савдо платформасига чиқарилиб, ижарага бериш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бугунги кунга келиб, 8 та лотдаги 8 гектар ер майдони аукцион савдосига чиқарилди ва танлов ғолибларига 8 гектар ер майдонлари ажратилиб, давлат рўйхатидан ўтказилди.
Касб-ҳунарга ўқиш истаги бўлган 19 нафар фуқаронинг рўйхати шакллантирилиб, 49 нафар фуқаро янги, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқишга жалб этилди.
Ҳоким ёрдамчисининг кўмаги билан маҳалладаги 321 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланди. Жумладан:
– 93 нафари юридик шахслардаги бўш иш ўринларига;
– 28 нафари якка тартибдаги тадбиркорликка;
– 8 нафари ҳунармандчилик уюшмасига;
– 263 нафари ўз-ўзини банд қилишга;
– 8 нафари ижара асосида ер ажратиш ҳисобига;
– 18 нафарини бошқа йўналишлар ҳисобига бандлигини таъминлашга эришилди.
Кам даромадли ишсиз фуқароларнинг 6 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди. 43 нафар фуқаро хорижда ишлаш учун шартнома асосида ишга юборилди.
– Ҳоким ёрдамчиси сифатидаги тажрибангизга таянган ҳолда, сизнинг фикрингизча, маҳаллангизда камбағаллик ҳолатларини келтириб чиқарувчи асосий сабаб ва омиллар нимада? Сизнингча, ҳудудингиз аҳолиси ўртасида камбағаллик даражасини янада самарали камайтириш учун қўшимча нима ишлар қилиш керак?
– Камбағаллик ҳолатларининг сабаби ҳар бир хонадонда турлича бўлиши мумкин. Иш тажрибамдан келиб чиққан ҳолда маҳалладаги камбағалликнинг асосий сабаблари айрим фуқароларнинг малакасизлиги, бирон бир касб-ҳунарга эга эмаслиги, деб ўйлайман. Шунингдек, доимий ишнинг йўқлиги, зарур ижтимоий ёрдамнинг етишмаслиги ҳам камбағалликни келтириб чиқариши мумкин. Бундай ҳолатларга барҳам бериш учун кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришда халқаро тажрибалардан фойдаланиш ва янги иш ўринлари яратиш устида иш олиб бормоқдамиз.
– Ҳоким ёрдамчиси сифатида фаолият юритган даврингизда маҳаллангизда тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берсангиз. Шу вақт ичида нечта янги корхона барпо этилиб, нечта якка тартибдаги тадбиркорлар иш билан таъминланди?
– Менинг ташаббусим билан эркаклар учун қиймати 220 млн сўмлик, бир йилда 100 минг дона мавсумий кийим-кечак ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлган “Зиёда текстил” ишлаб чиқариш корхонаси ташкил қилиниб, 22 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланди.
Якка тартибдаги тадбиркор “Ўнгбоева Нилуфар Жовлиевна” томонидан йилига 30 минг дона парранда (бройлер товуқ) етиштиришга мўлжалланган, қиймати 200 млн сўмлик паррандачилик лойиҳаси йўлга қўйилиб, 4 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланди.
Ҳудуддаги 83 та хонадонда балиқ етиштириш (сазан, беламур, Африка лаққаси) йўлга қўйилган бўлиб, бу орқали “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланган. Бунинг ҳисобига маҳаллий ва туман ҳудудидан ташқари бозорларга 800 тонна кўпроқ балиқ маҳсулотлари етказиб берилмоқда.
Шу билан бирга, маҳаллада 3 та юридик корхона томонидан умумий овқатланиш шохобчаси ташкил қилиниб, 9 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланди.
Ташаббусли бюджетнинг жорий йилги 3-босқичида маҳалланинг Қаҳрамон қишлоғидан 2.5 км ва Бўйрачи қишлоғидан 2.5 км узунликдаги йўлларни асфальтлаштириш лойиҳалари туман босқичида ғолиб деб топилиб, бугунги кунда лойиҳа ишлари тўлиқ бажарилди.
Бундан ташқари, ҳомийлар асосида маҳалла ҳудудида 2 та артезиан қудуқ қазиш ишлари амалга оширилиб, 200 яқин хонадон тоза ичимлик суви билан таъминланди.
Фаолиятим давомида маҳалладаги 12 та хонадонда лимончилик йўналишида ихчам иссиқхоналар, 11 та хонадонда асаларичилик йўналишида, 6 та хонадонда ҳар бири 100 тонна сиғимга эга бўлган музлаткичлар, 4 та хонадонда биогумус етиштириш, лимончилик йўналишида ихчам иссиқхоналар ташкил этилди.
Ҳозирда хонадонларда узумчиликни ривожлантириш борасида туман фермерлар кенгаши, томорқа хизмати билан ҳамкорликда лойиҳаларни амалга оширишни бошладик. Маҳаллада “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси асосида аҳоли хонадонларида 2500 дан ортиқ мевали дарахт (олма, ўрик, бодом ва узум) экилди.
Иш фаолиятимда аёлларнинг бандлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор бериб келяпман. Хусусан, жорий йилда “Аёллар дафтари”га киритилган 7 нафар аёлга тадбиркорлик фаолиятларини бошлаши учун имтиёзли шартларда кредит маблағлари ажратиб берилди ва бугун ушбу аёллар ўзларининг бандликларини таъминладилар. Бундан ташқари, маҳалламиздаги 2 та хонадонда касаначилик асосида тикувчилик маҳсулотлари тайёрлаш цехи фаолияти йўлга қўйилди.
– Ҳоким ёрдамчиси сифатида амалий тажрибангиздан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳоким ёрдамчилари фаолиятини янада такомиллаштириш ва иш самарадорлигини ошириш бўйича қандай таклифлар бера оласиз? Ҳоким ёрдамчиси сифатида сизга қандай ёрдам керак?
– Мамлакатимизда ҳоким ёрдамчилари ўз вазифаларини тўкис бажаришлари учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган деб айта оламан. Бугунги кунда улар халқ ва масъул давлат органлари ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини ўтамоқда. Шундай бўлса-да, иш фаолиятимиз самарадорлигини янада ошириш учун ҳоким ёрдамчиларининг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича ваколатларини янада кенгайтириш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бундан ташқари, маҳаллага масъул бўлган маҳалла еттилиги фаолиятини ягона платформага бирлаштириш ҳам бизга иш жараёнида катта ёрдам берган бўлар эди.
– Маҳаллангиз аҳолисининг амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабати қанчалик ўзгарди?
– Амалга оширилаётган ишлар натижасида аҳоли ўртасида тадбиркорлик фаолиятларини бошлаш, даромадларини оширишга бўлган интилиш сезиларли даражада ортди. Айниқса, бунда кичик лойиҳаларни амалга ошириш учун соддалаштирилган тартибда имтиёзли кредитлар берилаётганлиги жуда катта имкониятларни яратмоқда. Буни кредит олиш истагида мурожаат қилиб келаётган фуқароларимизнинг кун сайин ортиб бораётганлигидан ҳам кўришимиз мумкин.
Жорий қилинган тизимнинг яна бир эътиборли жиҳати маҳалла даражасида амалга оширилаётган ишларда маҳалла фаоллари, ёшлар етакчилари, хотин-қизлар фаоли, ҳоким ёрдамчилари “бир мушт бўлиб бирлашди”. Қолаверса, мавжуд муаммоларни ҳал этиш ҳар бир оила, ҳар бир фуқаронинг фаол иштирок этиши сезиларли даражада ошмоқда.
Бир сўз билан айтганда, Юртбошимизнинг ташаббуслари билан ташкил этилган янги институт – маҳаллабай ишлаш тизими асосида амалга оширилаётган ишлар, яратилган имтиёзлардан аҳолимиз жуда мамнун. Энг асосийси, “маҳаллабай” ишлаш тизими орқали мамлакатда яшаётган ҳар бир фуқаро давлат эътиборида эканлигини ҳис қилмоқда.
Жамолиддин Турдимов, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
"Иқтисодий шарҳ" журнали №7/2025
Изоҳ қолдириш