Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази 2022 йил учун Ўзбекистон ЯИМнинг прогноз қилинган реал ўсиш суръатларини янгилади

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази 2022 йил учун Ўзбекистон ЯИМнинг прогноз қилинган реал ўсиш суръатларини янгилади

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази 2022 йилга бўлган Ўзбекистоннинг ЯИМ истиқболли кўрсаткичларини кўтарилиши ҳақида маълум қилди. Буни ҳисоблашда ўта батафсил кенг кўламли маълумотларга асосланган «ноукастинг» ёндашувидан фойдаланилган.

«Ноукастинг» ёндашувига асосланган истиқбол модели Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан 2021 йилдан бери қўлланилиб келинмоқда ва Ялпи ички маҳсулотнинг чораклик кўрсаткичларида аниқлаб бўлмайдиган алоҳида жиҳатларини очиб беришга имкон беради.

2022 йилнинг учинчи чорагида ҳафталик ЯИМ динамикасининг ўсиш тенденцияси давом этиб келмоқда. Бундай ҳолат жорий йилнинг иккинчи чорагида ҳам кузатилганди. 2022 йил 3 ва 4 чоракларида ўсиш тенденциясининг ортиб бориши 1-ярим йиллик кўрсаткичларига нисбатан йиллик ҳисобда ЯИМнинг камида 0,75%га ошишига олиб келиши кутилмоқда.

1-чоракдаги сезиларли пасайишдан кейин иқтисодиётнинг тикланиши ташқи савдо айланмаси ҳажмининг ўсиши, хизмат кўрсатиш соҳасида ишбилармонлик фаоллиги ва давлат ёрдамининг ошганлиги билан боғлиқ. Хусусан, товар ва хизматлар ташқи савдо айланмаси август ва сентябр ойларида мос равишда 14% ва 12%га ошди. Хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам фаоллик сезиларли даражада ошди, буни “бизнес ва саноат” (14,5%га ўсиш) ва “дам олиш ва ҳордиқ” (9,7%) каби тоифалар бўйича интернет сўровлари кўпайгани кўрсатмоқда.

Юқоридаги омилларни ҳисобга олган ҳолда, 3-чорак якуни бўйича ЯИМ ўсиш прогнози 5,81%ни ташкил этмоқда (прогноз диапазони 5,78%-5,83% даражасида белгиланди). Шу билан бирга, марказ прогнозига кўра, қисқа муддатда иқтисодий ўсишда сезиларли тебранишлар кутилмаяпти, чунки фундаментал иқтисодий омиллар барқарорлигича қолмоқда.

4-чоракда Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш суръатлари 2022 йилнинг 3-чораги даражасида сақланиб қолиши кутилмоқда. Жорий йилнинг август ойида 2022 йил учун марказ томонидан эълон қилинган аввалги ЯИМ ўсиши прогнози 5,77% эди.

Ўзбекистоннинг ЯИМи ўсишининг 2022 йилдаги ҳафталик истиқболлари

Нигманов Асрор
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар