Давлат бюджети харажатлари 13,1 трлн сўмга оширилади

Давлат бюджети харажатлари 13,1 трлн сўмга оширилади

Олий Мажлис Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлисида “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида"ги Қонун кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш учун Давлат бюджети харажатларининг 13,1 трлн сўмга оширилиши назарда тутилмоқда.

Бунда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги 6155-сонли Фармонига биноан:

- туризм обектлари атрофидаги ер майдонлари, сув ва йўл инфратузилмаларини яхшилаш учун 410 млрд сўм;

- эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарини зарур инфратузилмалар билан таъминлашга 350 млрд сўм;

- Эндокрин касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш ҳамда муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга 124,2 млрд сўм;

- “Эл-юрт умиди” жамғармасига нуфузли хорижий олийгоҳларда ўқишга юбориладиган ёшлар сонини 5 баробарга (82 тадан 350 тага) ошириш учун 80 млрд сўм.

- 2021−2022 ўқув йилидан олий таълим муассасаларига давлат грантида қабул кўрсаткичларини 25 фоизга ошириш, эҳтиёжманд оилалар қизларига грантларни 2 баробарга кўпайтириб, 2 мингтага етказиш учун 64,4 млрд сўм қўшимча маблағ ажратилиши назарда тутилган.

Шунингдек, маҳаллаларда ишсиз ёшлар ва хотин-қизларни даромадли меҳнат билан банд қилиш, уларнинг ўз бизнесини ташкил этишига кўмаклашиш тадбирларини давом эттириш мақсадида қабул қилинган Президент қарори (2021-йил 27-мартдаги 5041-сон) ижросини таъминлашда:

- оилавий тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш учун ваколатли банклар устав капиталини 1,3 трлн сўмга ошириш;

- оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларини молиялаштиришга қўшимча 1,5 трлн сўм маблағ ажратилиши назарда тутилган.

Шу билан бирга, Қонун билан Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг харажатлари учун 6,4 трлн сўм (13,4 дан 19,8 трлн сўмга) йўналтирилмоқда.

Ушбу маблағлардан:

а) республика бюджетига ички йўл ва ичимлик суви таъминоти (3,2 трлн сўм) ва оилавий тадбиркорлик (1,5 трлн сўм) дастурлари ҳамда бошқа ижтимоий соҳа обектларини (1,1 трлн сўм) барпо этиш учун 5,8 трлн сўм;

б) оилавий тадбиркорлик дастури доирасида лимончилик лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида “Турон банк"нинг устав капиталини ошириш учун 100 млрд сўм;

в) чармдан тайёр маҳсулотлар, чарм-атторлик, шунингдек, мўйна ва жундан юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳалари учун кредит линияларини молиялаштиришга 550 млрд сўм ажратиш назарда тутилмоқда.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар