Давстатқўм Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси эълон қилди

Давстатқўм Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси эълон қилди

2019 йилнинг январь-октябрь ойларида республиканинг ташқи савдо айланмаси ҳажми 34,7 млрд долларни ташкил этиб, 8,8 млрд долларга ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 34,4 фоизга ошган.

Давстатқўм хабарига кўра, ушбу кўрсаткичдан экспорт ҳажми 14,8 млрд долларга (ўсиш суръати – 43,3 фоиз) ва импорт ҳажми эса 19,9 млрд долларга (ўсиш суръати – 28,5 фоиз) етди. Ҳисобот даврида 5,1 млрд доллар қийматида пассив ташқи савдо айланмаси қайд этилди.

Ўзбекистон жаҳоннинг 189дан ортиқ мамлакатлари билан савдо алоқаларини амалга ошириб келмоқда. Республика ташқи савдо айланмасининг дунё давлатлари қаторига нисбатан салмоқли ҳиссаси Хитой Халқ Республикасида (19,1 фоиз), Россия Федерациясида (15,1 фоиз), Қозоғистонда (8,4 фоиз), Корея Республикасида (6,5 фоиз), Туркияда (5,9 фоиз), Германияда (2,4 фоиз) ва Қирғизистонда (2,0 фоиз) қайд этилган.

2019 йил январь-октябрь ойлари якунларига кўра МДҲ мамлакатлари билан савдо ҳажми 11,8 млрд долларни ташкил қилди ва Ўзбекистон ташқи савдо айланмасидаги улуши 34,2 фоизга етди.

Қўшни давлатлар билан ижтимоий-иқтисодий алоқаларнинг мустаҳкамланиши ўзаро савдо-сотиқ алоқаларига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. МДҲ мамлакатлари билан ташқи савдонинг қарийб 37,4 фоиз, шундан экспортнинг 42,2 фоизи ва импортнинг 33,6 фоизи қўшни мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади.

Бошқа хорижий давлатларнинг ташқи савдо айланмасидаги улуши 65,8 фоизга етиб (22,8 млрд доллар), ўтган йилнинг мос давридаги ташқи савдо айланмасига нисбатан 52,0 фоизга ошган.

Ташқи иқтисодий фаолият бўйича 20 та йирик ҳамкор-давлатлар орасидан икки давлатда фаол ташқи савдо баланси кузатилган, хусусан, Тожикистон (120,6 млн. АҚШ доллари) ва Эрон (5,7 млн. АҚШ доллари). Қолган 18 та давлатлар билан пассив ташқи савдо баланси сақланиб қолмоқда.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар