Ўзбекистоннинг ютуқлари: камбағалликни камайтириш ва “қуйидан юқорига” янгича ёндашув Оксфордда тақдим этилди

Ўзбекистоннинг ютуқлари: камбағалликни камайтириш ва “қуйидан юқорига” янгича ёндашув Оксфордда тақдим этилди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) директори Обид Ҳакимов жорий йилнинг 29 май куни Оксфорд университетининг фанлараро тадқиқот марказида (Queen Elizabeth House, London) Ўзбекистоннинг камбағалликни камайтириш борасидаги ютуқларига бағишланган тақдимот ўтказди. Тадбир Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси кўмагида ташкил этилди.

Тадбирга Камбағалликка қарши кураш ва инсон тараққиёти бўйича Оксфорд ташаббуси (OPHI) директори, профессор Сабина Алькайр модераторлик қилди, муҳокамада – Мусулмон жамиятлари иқтисодиёти бўйича Globe фонди стипендиати ва Оксфорд Ислом тадқиқотлари марказининг доценти Адил Малик иштирок этди.

Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчиси Равшан Усмонов тадбир иштирокчиларини қутлар экан, Ўзбекистон – Британия муносабатлари изчил ривожланиб бораётганини таъкидлаб, барча соҳаларда, жумладан, илмий-таълим ва тадқиқот соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.

Ўз нутқи давомида Марказ директори аҳоли турмуш даражасини яхшилашга қаратилган ташаббусларни тақдим этди. Сифатли таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, қишлоқ жойларда инфратузилмани ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва янги иш ўринлари яратиш асосий масалалардан биридир.

Ушбу чора-тадбирлар иқтисодий, ижтимоий ва инфратузилма жиҳатларига таъсир кўрсатадиган камбағаллик муаммосини ҳар томонлама ҳал этишга қаратилган. Уларнинг амалга оширилиши Ўзбекистонда камбағалликни камайтиришга сезиларли ижобий таъсир кўрсатди.

Тақдим этилган маълумотларга кўра, 2020 йил охирига келиб Ўзбекистонда қарийб 6 миллионга яқин киши камбағаллик чегарасидан пастда яшаган. Камбағаллик муаммоларини ҳал этишга қаратилган трансформация дастурлари натижаларини баҳолар экан, 2021 йил бошидан буён Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 17 фоиздан 11 фоизга камайгани қайд этилди. Бу 2 миллионга яқин одамни камбағалликдан чиқаришга ёрдам берди.

Шундай тариқа, Ўзбекистон ҳукуматининг камбағалликни камайтириш борасидаги саъй-ҳаракатлари аллақачон аниқ натижалар бермоқда. Бироқ, эксперт таъкидлаганидек, ташаббусларнинг самарадорлигини баҳолаш учун вақт керак бўлади. Узоқ муддатли истиқболда мамлакатда камбағалликни қисқартиришнинг аниқ натижалари ва динамикасини мониторинг қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Марказ директори “Маҳаллабай” тизимининг ишга туширилишини самарали сиёсий қарорлардан бири деб атади, дастур доирасида 2022 йилдан 2024 йилгача 1 миллионга яқин оилавий бизнес лойиҳалари учун микрокредитлар берилди.

Халқаро экспертларнинг таъкидлашича, умуман олганда, Ўзбекистон томонидан тақдим этилган ташаббуслар кенг қамровли ва камбағаллик билан боғлиқ асосий муаммоларни ҳал этишга қаратилган.

Марказ директори ислоҳотларнинг кейинги босқичига ўтар экан, Ўзбекистон барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги тараққиётни жадаллаштириш воситаларидан бири сифатида кўп ўлчовли камбағаллик концепциясини расман қабул қилинганлигини таъкидлади.

Кўп ўлчовли камбағаллик тушунчаси шуни англатадики, камбағаллик нафақат даромаднинг пастлиги, балки таълим, соғлиқни сақлаш, инфратузилма ва бошқа асосий хизматлардан етарли даражада фойдалана олмаслик билан ҳам тавсифланади.

Семинар давомида камбағалликни қисқартириш соҳасидаги фундаментал ишланмалар ва амалий ишланмалар, шу жумладан Марказ томонидан ҳисобланган Кўп ўлчовли камбағаллик индекси натижалари тақдим этилди.

Тадбир сўнгида иштирокчилар тақдим этилган тадқиқотга катта қизиқиш билдиришди. Кенг кўламли эмпирик маълумотларни ҳар томонлама таҳлил қилиш асосида Марказ томонидан таклиф қилинган услубий ёндашувлар ва тавсияларга алоҳида эътибор қаратилди.

Камбағалликка қарши кураш ва инсон тараққиёти бўйича Оксфорд ташаббусининг директори проф. Сабина Алькайр тадбир якунлари бўйича ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.

“Доктор Обид Ҳакимов томонидан ўтказилган семинар натижалари юксак баҳо ва илмий-эксперт ҳамжамиятининг чуқур эътиборига лойиқ. Семинарнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг камбағалликни қисқартириш масалаларига содиқлиги эътироф этиб ўтилди, бу эса ҳақиқатда ўта улкан, аммо шу билан бирга ўзгаришларнинг амалиётга мос дастурини амалга оширишга хизмат қилди.

Қайд этилганидек, ташаббусни амалга ошириш жараёнида маҳалла даражада барча зарур кўникмаларга эга 9 мингдан ортиқ ходимлар жалб этилди. Ушбу ҳаракатчан мутахассислар бутун мамлакат бўйлаб қишлоқ жойларига тарқатилди, бу эса уларнинг камбағалликка қарши кураш жараёнида самарали иштирок этишларига имкон яратди. Бундан ташқари, ушбу ташаббусни амалга оширишга хотин-қизлар, ёшлар ва ижтимоий соҳа ходимлари ҳам жалб этилди, бу эса жараённинг юқори даражадаги мувофиқлаштирилганлиги ва мақсадга йўналтирилганлигини таъминлади.

Умуман олганда, тақдим этилган пухта кадрлар таъминоти ва тизимли ёндашувни ўзида бирлаштирган комплекс дастур Ўзбекистон раҳбариятининг мамлакатдаги камбағаллик муаммосини тезкор тартибда ва бардавом ҳал этишни мақсад қилганлигидан далолат беради”, - деди проф. Алькайр.

Чиқиш давомида Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш бўйича амалга оширилаётган дастурларнинг молиявий жиҳатлари атрофлича кўриб чиқилиб, бу маблағлар ушбу йўналишга қандай йўналтирилганлиги баён қилинди.

“Натижаларни баҳолаш бўйича тақдим этилган саволлар амалга оширилаётган ислоҳотлар муваффақиятини белгилаб берди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда камбағалликни ўлчашнинг монетар ва кўп мезонли кўрсаткичлари, шу жумладан, OPHI Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази билан биргаликда ишлаб чиқиш бўйича ишлаш шарафига муяссар бўлган Кўп мезонли камбағаллик индекси, кўриб чиқилди,” - дея таъкидлади проф. Сабина Алькайр.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистонда Кўп мезонли камбағаллик индексини ишлаб чиқиш бўйича олиб борган кенг кўламли тадқиқот ҳақида гапирадиган бўлсак, унинг доирасида 1000 дан зиёд уй хўжаликларидан маълумот тўпланди, сўнгра 4500 уй хўжаликларида тажриба сўрови ўтказилди. Энди мамлакатдаги камбағалликни тўққизта мезон бўйича ҳар томонлама ўлчаш учун 16 000 уй хўжалигида миллий сўров ўтказилиши режалаштирилган.

Экспертнинг сўзларига кўра, олинган натижалар камбағалликнинг қишлоқ жойларда кенг тарқалганлигини кўрсатмоқда, шунингдек, уй хўжаликлари орасида сезиларли гендер фарқларини ҳам аниқлашга имкон берди.

Проф. Алькайр доктор Ҳакимов томонидан таклиф этилиб, аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кенгайтиришга сармоя киритиш, шунингдек, тадбиркорларни, айниқса, маҳаллалар даражасида қўллаб-қувватлаш зарурлигига оид ёндашувни қўллаб-қувватлади. Ҳар икки жинс вакилларининг эҳтиёжларини қондириб, аёллар ва ёшларга мақсадли инвестицияларни бирлаштирган ушбу ёндашув барқарор иқтисодий ўсиш ва камбағалликни қисқартиришга эришишга имкон беради.

Камбағалликка қарши кураш бўйича кўплаб мамлакатлар тажрибасини ўрганган экспертнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ёндашув жуда истиқболли кўринади, бу эса “сиёсий изчилликнинг мавжудлиги, шунингдек, фуқароларни ҳам, юқори малакали мутахассисларни ҳам қамраб олган “қуйидан юқорига” стратегиясидан фойдаланиш билан боғлиқ.. Бундан ташқари, жараённи бошқарув ёндашуви мақсадли кўрсаткичларни синчковлик билан ўлчаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича ютуқларни баҳолашга қаратилган".

Ўз нутқини якунлар экан Камбағалликка қарши кураш ва инсон тараққиёти бўйича Оксфорд ташаббусининг директори OPHIнинг Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази билан камбағалликни қисқартириш соҳасида ҳамкорлик қилиш имкониятидан мамнунлигини билдирди ҳамда 63 мамлакат ва 20 дан ортиқ халқаро ташкилотларни бирлаштирган Кўп мезонли камбағаллик масалалари бўйича тармоқнинг (MPPN) юқори даражадаги учрашувини жорий йилнинг август ойида Тошкентда ўтказиш таклифи учун миннатдорлик билдирди. Унинг сўзларига кўра, бу иштирокчиларнинг пандемиядан кейинги биринчи бевосита учрашуви бўлади.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Жамоатчилик билан алоқалар бўлими


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар