ДСҚ: 3500 та компания солиқ тўламаслик учун қасддан банкрот қилинган

ДСҚ: 3500 та компания солиқ тўламаслик учун қасддан банкрот қилинган

Давлат Солиқ қўмитаси солиқ тўлашдан қасддан бўйин товлаш мақсадида банкротлик эълон қилинган 3500 ҳолат аниқланганлигини маълум қилди.

ДСҚ матбуот хизмати берган маълумотларига кўра, тадбиркорлик субъектлари томонидан сунъий равишда умидсиз солиқ қарздорлигини юзага келтириш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу жараёнларда асосан корхона таъсисчиси ва раҳбарлари фаол иштирок этаётганлиги қайд этилган.

Хусусан, сўнгги 3 йилда 4 минг нафар таъсисчи ва корхона раҳбари томонидан солиқ тўлашдан қасддан бўйин товлаш мақсадида 3,5 мингта хўжалик субъекти ташкил этилган.

Натижада ушбу тоифадаги корхоналар бюджет олдида 6,7 трлн сўм умидсиз солиқ қарздорлигини ҳосил қилган ҳолда банкротлик асосида тугатилган.

Ҳозирда банкротлик асосида тугатилган корхоналар таъсисчилари томонидан янгидан корхоналар ташкил этилиши давом этмоқда.

«Шу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ДСҚ органлари томонидан мазкур субектлар фаолияти қатъий назоратга олиниб, тегишли тартибда назорат тадбирлари амалга оширилиб борилиши кўзда тутилган», дейилади ДСҚ хабарида.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар