3 март куни Президент раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида фуқароларга якка тартибда уй қуриш ва реконструкция қилиш учун ҳам кредит ажратилиши белгиланди.
Бундай кредитлар 20 йилга ажратилади, эҳтиёжманд аҳоли учун фоизнинг бир қисми субсидия сифатида тўлаб берилади. Молия вазирлигига ушбу йўналиш учун 1,5 триллион сўм ресурс ажратиш, вилоят ҳокимларига қайси туманда қанча оилага кўмак бериш масаласини ҳал этиш вазифаси қўйилди.
Уй-жойлар қурилиши учун давлат томонидан ҳам аҳолига, ҳам қурувчиларга катта имтиёзлар берилмоқда. Жумладан, жорий йилда ипотека кредити бўйича 6 ойлик имтиёзли давр киритилади. Шаҳарларда дастлабки бадал миқдори 20 фоиздан 15 фоизга туширилади.
Паст даромадли, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларга 15 фоизлик дастлабки бадалнинг 10 фоизи субсидия сифатида тўлаб берилади. Яъни, аҳоли уй олиш учун дастлабки бадалнинг 5 фоизини тўлайди, холос.
Кредит олган аҳоли учун фоиз тўловларининг Тошкент шаҳрида 12 фоизи, бошқа ҳудудларда 10 фоизидан юқори қисмига субсидия берилади.
Шунингдек, қурувчи ташкилотларга пандемия даврида берилган имтиёзлар жорий йил якунигача узайтирилиши маълум қилинди. Жумладан, Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан қурувчи ташкилотларга уй-жой қуриш учун жалб қилган кредитлар бўйича 20 миллиард сўмгача кафиллик ҳамда Марказий банк асосий ставкасидан ошган қисмига компенсация берилади.
Йиғилишда оғир турмуш шароитидаги оилаларни ижтимоий ижара асосида уй билан таъминлаш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Бунинг учун ҳудудларга мингта квартира сотиб олиш учун маблағ ажратилиши қайд этилди.
Лекин, шу билан чекланиб қолмай, ижтимоий ижарани кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. Мисол учун, хусусий уйлар ижара ҳақининг бир қисмига субсидия бериш ёки фойданилмаётган ётоқхоналарни таъмирлаб, ижтимоий ижарага ажратиш мумкин.
Мутасаддиларга бу борадаги тартибни ишлаб чиқиш ва энг муҳтож оилалар руйхатини шакллантириш бўйича топшириқ берилди.
– Энг муҳим масала, берилаётган имтиёзларни ҳалол-пок қўллаш бўйича адолатли тизим яратиш, бу борада одамларимизнинг хабардорлигини ошириш зарур, – деди Президент.
Шу мақсадда маҳаллий кенгаш депутатлари, жамоат фаоллари иштирокида “халқпарвар комиссия” ташкил этиш таклифи билдирилди. Улар қурувчига ернинг адолатли ажратилиши, имтиёзга мос эҳтиёжманд оилалар рўйхатининг шаклланиши ва қурилишлар сифати устидан жамоатчилик назоратини ўрнатади. Янги тизим асосида, соҳада яратилаётган имкониятлар маҳаллаларда кенг аҳолига етказилади.
Молия вазирлигига 1 июнга қадар субсидия тўланадиган фуқароларни ижтимоий мезонлар асосида танлаш ва субсидия тўлаш жараёнларини автоматлаштириш вазифаси юклатилди. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига 1 майгача кредит бериш ва субсидия олиш тартиблари, уй-жойлар ҳамда қурувчилар ҳақидаги маълумотларни қамраб олувчи ипотека веб-порталини ишга тушириш бўйича топшириқ берилди.
Изоҳ қолдириш