Сўнгги вақтда жаҳон бозорларида озиқ-овқат нархлари кун сайин юқори суръатлар билан ўсмоқда. Халқаро биржаларда 1 тонна буғдой нархи 400 долларга кўтарилди ва йил бошига нисбатан нархлар 30 фоизга ошди.
Нарх-наво барқарорлигига эришиш учун биринчи навбатда ғаллачиликда бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш зарурати туғилмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда қуввати қарийб 3 миллион тонна бўлган 160 дан ортиқ йирик хусусий дон корхоналари иш бошлади. Ўтган йили республика бўйича қарийб 3,5 миллион тонна ун ишлаб чиқарилган бўлиб, шундан 54 фоизи хусусий дон корхоналари ҳиссасига тўғри келади.
11 май куни ғаллачиликдаги ислоҳотларнинг муҳим босқичига бағишланган йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев “Ўздонмаҳсулот” компанияси таркибидаги 43 та дон корхоналари янги бозор шароитларида самарали ишлашга тайёр эмаслиги, ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланилмаётгани, шунингдек давлат дон корхоналарида талон-торож қилиш ҳолатларига ҳалигача барҳам берилмаганлигини танқид қилди.
Давлат дон корхоналаридаги айни пайтдаги эскича тизим дон етиштирувчига ҳам, қайта ишловчи корхоналарга ҳам манфаат бермаётганини қайд этди. Шунингдек, Ўзбекистон халқи, фермер-деҳқонлар анчадан буён кутган дон етиштиришда давлат буюртмасини босқичма-босқич бекор қилиш ва ҳақиқий ғалла бозорини яратиш борасида муҳим қадам ташлашнинг фурсати етганлиги таъкидланди.
“Ўзбекистон” телеканалининг “Муносабат” кўрсатувида ушбу йиғилишнинг мазмун-моҳияти юзасидан Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази эксперти Халилуллоҳ Ҳамидов ўз муносабатини билдирди.
"Фермер бу – тадбиркор, уларга товарига яраша ҳақ беришимиз керак. 2 минглик товарига 1,5 минг берсак, у сизга ҳеч қачон сотмайди. Худди шундай бозор иқтисодиётига босқичма босқич ўтиб келяпмиз, битта қолган йўналишларимиздан бири бу донни эркинлаштириш эди. Глобал ҳаётга назар соладиган бўлсак, аҳоли сони ўсиб боряпти. 2050 йилга бориб, бутун жаҳонда аҳоли сони 9 млрдга етиши тахмин қилиняпти. Ўзбекистонга ўхшаган ривожланаётган давлатларнинг аҳолиси жуда ҳам тез суръатларда ўсиб боряпти. Лекин ерлар чекланган. Бир пайтлар экин экиладиган ерлар уй қуриш учун бўлиб берилган эди, ҳозирга келиб фойдаланишдан чиққан ерлар қайтадан ўзлаштириляпти. Лалмикор ерлардан фойдаланишимизга тўғри келяпти. Бошқа тарафдан камбағалликка қарши курашда аҳолига ерлар ажратиб бериляпти.
Таннарх жиҳатидан қарайдиган бўлсак, фермер ёқилғи, зараркунанда ва бегона ўтларга қарши кимёвий моддалар ишлатади. Яна чекланган ердан маҳсулот олиш дегани замонавий ўғитларни талаб қилади. Бу ўғитларнинг аксарияти импорт бўлади. Импорт валюта курси билан боғлиқ. Валютада олганимиздан кейин ўғитларнинг ҳам нархи ошади, демак кредит олган фермер кредитига алоҳида харажат қилиши керак. Шуни назарда тутиб, бугун бозор нархини эркинлаштирмасак, эртага аҳолини нонга, донга талаби ўсиб борганидан кейин нарх ўз-ўзидан ошиб боради. Россия ва Украина можораларида иккита давлат донларни экспорти бўйича етакчи давлатлар ҳисобланади. Мана кўрдик ўғит Европага етиб бормади, фермерлар кўчага чиқишга мажбур бўлди", деди эксперт Халилуллоҳ Ҳамидов.
Изоҳ қолдириш