31 март куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, жаҳон иқтисодиётидаги мураккаб вазиятдан келиб чиқиб ҳудуд ва тармоқларни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов “Ўзбекистон 24” телеканалининг “Таҳлилнома” ахборот дастурига берган интервьюсида ушбу йиғилишда давлат раҳбари томонидан берилган топшириқлар ва амалга ошириладиган ишларга тўхталди.
“Бўлиб ўтган видеоселекторда инқирозни салбий оқибатларини пасайтириш бўйича жуда ҳам катта кризисга қарши чоралар белгилаб олинди. Бу чораларни икки қисмга бўлишимиз мумкин. Биринчи блок чоралар – аҳолини даромадларини сақлаб қолиш ва бозорлардаги энг асосий озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.
Энг муҳим маҳсулотлар, масалан, март ойида ўсимлик ёғи ва шакар нархларида ўсиш кузатилди. Ўз вақтида кўрилган самарали чора-тадбирлар туфайли муҳим бўлган озиқ-овқат маҳсулотларида, масалан гўшт, картошка каби маҳсулотлар нархи кескин ўзгаришининг олди олиб қолинди.
Ҳукумат томонидан муҳим резервлар (масалан, шакар) ҳар бир вилоятларга етарли даражада бўлиб берилган. Лекин айрим бир маҳаллий ҳокимликлар томонидан мана шу ажратилган резервларни вақтида жойларга еткизиб борилмаганлиги ажиотажлар пайдо бўлиб, нархлар кўтарилиши ҳолатлари кузатилган. Ажратилган резервларни ўз вақтида тарқатиш ва бозорлардаги нархларни кескин ошишини олдини олиш бўйича алоҳида ишлар олиб бориш бўйича топшириқлар берилди. Маҳсулотлар ва бозорлардаги ҳолатлар таҳлил қилиб бориляпти ва ўша бозорлардаги ўзгаришларни тезкор равишда тўғирлаш бўйича чоралар кўриляпти", деди Обид Ҳакимов.
Озиқ-овқатлар нархлари барқарорлигига эришиш ҳақида гап кетганда мавжуд захиралар ҳажми ҳам жуда муҳим. Хўш, шакар, ун ёки ўсимлик ёғи каби асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг қанча захираси бор?
Шакар бўйича 1 апрель ҳолатига қолган қолдиқларимиз 250 минг тоннадан ортиқ. Демак, кўриниб турибдики, захиралар етарли, ҳеч қандай ажиотажга ўрин йўқ. Бундан ташқари буғдой уни ҳақида ҳам айтадиган бўлсак, аҳолимизнинг йиллик истеъмоли 2,5 млн. тонна бўладиган бўлса, ҳозирги захираларимизнинг ўзи 1 млн. тоннага яқин. Бундан ташқари давлатимиз раҳбари томонидан 500 млрд. сўмлик имтиёзли кредитлар керакли озиқ-овқат маҳсулотларининг импорти учун берилган. Бу кредитлар муддати яна узайтирилди. Ҳар битта вилоятда, туманда ва шаҳарда бозорлардаги озиқ-овқат нархларини мониторингларини олиб бориш ва ўзгаришларга ўз вақтида бозор қонун қоидаларига асосан жавоб қилиш топшириқлари берилди.
Давлатимиз раҳбарининг энг катта топшириқларидан биттаси, бу йилги инфляциядан келиб чиққан ҳолда аҳолини ижтимоий ҳимоя тўловларини қайта кўриб чиқиш бўйича бўлди. Меҳнат мигрантларимиз бор мамлакатларда бўлаётган инқирозлар туфайли март ойида 70 мингга яқин меҳнат мигрантлари қайтиб келган, бу қайтиб келиш келажакда яна ҳам кўпайиши мумкин. Шунинг учун ўз олдимизга қўйган бандлик дастурларини албатта таъминлашимиз шарт. Бу орада ҳар битта ҳудудда режа қилинган инвестиция лойиҳалари, бандликни таъминлаш бўйича қилинган давлат дастурлари бор, бу нарсалар қанчалик оғир бўлмасин ўз кучида қолади деб, давлат раҳбари томонидан айтиб ўтилди. Масалан, йил бошида фоиз ставкалари паст бўлган даврда 10 трлн. сўм маблағларни оилавий тадбиркорлик дастурларига, 2 трлн. сўм маблағларни мева-сабзавотчиликни ривожлантириш дастурларига, 13 трлн. сўм маблағларни ипотека дастурларига йўналтирган эдик. Қанчалик қийин бўлмасин, давлатимиз раҳбари томонидан айтилдики, ҳар битта ўша дастурларни фоиз ставкалари, ҳажмлари ҳам ўзгартиришсиз қолдирилади. Фоизлар кўтарилишига қарамасдан халқимизга ёки одамларимизга тадбиркорликни бошлашлари учун қўшимча харажатлар туғдирмайдиган қилиб шароитлар яратиш бўйича давлатимиз раҳбари томонидан топшириқлар берилган, дея таъкидлади Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази раҳбари.
Бандликни таъминлашда яна бир муҳим механизм - 80 минг гектар майдон аҳолига 10 йил муддатга ижарага бериш механизми жорий этилган эди. Бу ҳам озиқ-овқат барқарорлигига эришишга шу билан бир қаторда аҳоли бандлигини таъминлашга асос бўлади.
"80 минг гектар ерларни деҳқон хўжаликларига тарқатиш бўйича ишлар ҳозирда авжида кетмоқда. Яқин орада якунланиши керак. Бу борада ҳам фақатгина бандлик ёки даромад келтирибгина қўймай, озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва уни хавфсизлигини таъминлашда жуда ҳам муҳим бўлади. Ва бу асосан мамлакатимиз томонидан олиб борилаётган камбағалликни қисқартириш стратегиясида энг муҳим бўғинларидан бири ҳисобланади", деди О.Ҳакимов.
Янги иш ўринларини ташкил этишда марра катта олинган. Дастлабки 6 ойда 2 млн 800 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланиши зарур. Албатта бу мақсадга эришиш учун мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш тақозо этади. Масалан, бугунги кунда 67 та фаолият тури, ўзини ўзи банд қилиш шаклига ўтказилган. Бундай касбларни яна 20 тага кўпайтириш эвазига қўшимча 150 минг нафар аҳолининг бандлигини таъминлаш мумкин.
Ташқи хавф-хатарлар таъсирини камайтиришда бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳам кун тартибидаги муҳим масалалардан. Шу боис тадбиркорларга қўшимча қулайликлар тақдим этиш бўйича муҳим янгиликлар эълон қилинди.
"Бозордаги талаб ва таклифни ўзгариши орқали тадбиркорларга қандайдир ноқулайликлар туғилиши мумкин. Яқинда бўлиб ўтган видеоселектр йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан тадбиркорларни иложи борича мана шундай қийин даврда талофатсиз, яъни салбий таъсирларсиз олиб ўтиш бўйича биринчи чоралар айтиб ўтилди.
Биринчидан тадбиркорларимиз учун муҳим бўлган кредит ресурслари. Тадбиркорларни қўшимча қўллаб-қувватлаш мақсадида 10 трлн. сўм маблағлар “револьвер” кредитлар, тадбиркорлар учун қўшимча кредитлар сифатида берилиши таъкидлаб ўтилди.
Солиқ ҳисоботларини топшириш бўйича жарималар йил охиригача тўхтатиб турилади. Улар жаримага солинмайди. Тадбиркорларда ҳозир ўзларининг кредит маблағларини тўлай олмаслик шаротилари туғилган бўлса, уларга ҳеч қанақа пеня ёки штрафлар қўлланилмайди".
Изоҳ қолдириш