Экспорт географияси дунёнинг 34 та давлатини қамраб олди

Экспорт географияси дунёнинг 34 та давлатини қамраб олди

Самарқанд шаҳрида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар томонидан январь-март ойларида 19 миллион 134 минг долларлик маҳсулотни экспорт қилиш белгиланган бўлиб, ҳақиқатда 56 та корхона томонидан 17 миллион 445 минг долларлик маҳсулотлар ташқи савдога йўналтирилди, деб хабар бермоқда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати.

Жумладан, саноат маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича 28 та корхона учун белгиланган 14 миллион 480 минг долларлик режалаштирилган савдо ҳақиқатда 38 та корхона томонидан 14 миллион 461 минг 500 долларга ёки биринчи чорак бўйича дастлабки ҳисоб-китобларга нисбатан 99,9 фоизга бажарилди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича 11 та корхона учун белгиланган 4 миллион 654 минг долларлик режа ижроси ҳақиқатда 17 та корхона томонидан 2 миллион 983 минг 400 долларни ташкил этмоқда.

Ўтган даврда режадан ташқари 24 та янги корхона экспорт фаолиятига жалб қилиниб, уларнинг экспорт ҳажми 1,4 миллион долларни ташкил этди.

Экспорт географияси дунёнинг 34 та давлатини қамраб олиб, жорий йилда Австрия, Жанубий Корея ва Саудия Арабистони давлатлари ҳисобига кенгайтирилди. Ташқи савдога йўналтириладиган маҳсулотлар тури ўтган йилги 28 тадан жорий йилда 32 тага етди.

Ҳудудий экспорт дастлабки ҳисоб-китобларига мувофиқ, Самарқанд шаҳрида жорий йилда жами 101 миллион 663 минг долларлик маҳсулотни экспорт қилиш белгиланган.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар