“Тошкент-товар” ТИФ божхона пости ва “Аркбулоқ” ТИФ божхона постлари иш фаолияти

“Тошкент-товар” ТИФ божхона пости ва “Аркбулоқ” ТИФ божхона постлари иш фаолияти

26 январь - давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ оммавий ахборот вакиллари учун Давлат божхона қўмитаси Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари томонидан ташқи иқтисодий фаолият божхона постларига ҳамда Давлат божхона қўмитаси “Божхона тарихи” музейига Медиа-тур уюштирилди.

Бундан мақсад, божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида божхона постларида яратилган шарт-шароитлар ҳамда тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантиришда божхона ходимларининг машаққатли хизматини ОАВ орқали оммага таништиришдан иборат.

Медиа-тур аввалида ОАВ вакиллари Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Тошкент-товар” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида бўлишди ҳамда божхона пости тарихи, у ердаги божхона расмийлаштируви жараёнини соддалаштириш, божхона назоратининг шакл ва усулларини жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишишди.

Шунингдек, қизил йўлак орқали келган товар маҳсулотларининг текширилиш жараёнларини кўздан кечиришди.

Таъкидланишича, “Тошкент-товар” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида ўтган 2020 йил давомида 86 минг 422 та божхона юк декларациялари расмийлаштирилиб, давлат бюджетига 3 трлн 989 млрд сўмдан ортиқ тўловлар ўтказилган.

Мазкур пост орқали тадбиркорларимиз томонидан ишлаб чиқарилган салкам 384 млн АҚШ долларидан зиёд маҳсулотлар хориж мамлакатларига экспорт қилинган.

Маълумот учун, мазкур божхона пости 1998 йил ташкил этилган бўлиб, ҳозирда “Orient Logistics Center” логистика маркази ҳудудида жойлашган.

“Orient Logistics Center” логистика марказининг дастлабки қурилиш ишлари 2019 йил апрель ойида бошланган бўлиб, замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланган, замонавий дастурий таъминот томонидан бошқариладиган логистика маркази сифатида ташкил этилмоқда. “Orient Logistics Center” логистика маркази ҳар қандай стандарт ўлчамдаги товарларни қабул қилиш ва қайта ишлаш бўйича транспорт-логистика хизматлари мажмуасини ўзида акс эттиради.

7000 кв.м майдонга эга мазкур божхона омбори Германия ва Туркиядан келтирилган энг замонавий юклаш ускуналари билан жиҳозланмоқда.

Ҳозирда логистика марказида 960 та контейнерга мўлжалланган бир марталик сиғимга эга қўшимча терминал қурилиш ишлари давом эттирилмоқда. Янги қурилаётган терминалнинг умумий майдони 13 минг квадратни ташкил этади. Мазкур терминалнинг қурилиш ишлари 2021 йилнинг иккинчи чорагида ўз якунланиши режалаштирилган.

Журналистлар Медиа-тур давомида мазкур логистика маркази билан ҳам яқиндан танишишди. Марказда тадбиркорларнинг товарлари вақтинча сақлаб турилади.

Медиа-тур давомида бир жиҳат эътиборимиздан четда қолмади. Хусусан, товарлар сақланадиган омборхоналар анчагина совуқ экан. Божхона ходимлари қишда совуқ, ёзда иссиқ бўлган омборхоналарда фаолият олиб боришар экан.

Навбатдаги манзили “Аркбулоқ” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости

Президентнинг “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқди.

Хусусан, ташкил этилган логистика марказларида “ягона дарча” тамойили асосида тадбиркорларга хизмат кўрсатилмоқда. Рақамли иқтисодиётнинг таркибий қисми бўлган рақамли божхона доирасида замонавий ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали божхона органлари фаолияти шаффофлиги ҳамда самарадорлиги тобора ортиб бормоқда.

“Арқбулоқ” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ҳам мана шундай логистика марказида жойлашган бўлиб, ташқи иқтисодий фаолиятдаги экспорт-импорт операцияларини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатиб келмоқда.

Маълумот учун, “Highway logistics center” замонавий логистика маркази 2017 йил ташкил топган бўлиб, 2018 йил феврал ойидан иш фаолиятини бошлади.

Ўтган уч йил, яъни 2018-2020 йиллар мобайнида прогрессив тарзда иш фаолиятини юргизиб келди, қисқача қилиб айтганда, 2018 йилда ҳафтасига юк ортиш-тушириш, сақлаш хизматларини 600 тоннагача амалга оширган бўлса, 2020 йил якунига келиб бу кўрсаткич ҳафтасига ўртача 1400 тоннани ташкил этди.

Лойиҳанинг биринчи босқичида 2160 кв.м майдондан иборат ёпиқ омбор ва 5012 кв.мдан иборат усти ёпиқ (навес) ва очиқ майдончадан иборат омборлар ва 200 авто транспорт воситалари учун махсус тураргоҳ фойдаланишга топширилди. Омборларда 4 та электропогрузчик, 2 та 3 ва 5 тонналик дизель погрузчиклар, шунингдек, 6 та электротранспаллетлар каби техникалар ортиш-туриш хизматларини амалга ошириб келмоқда.

Лойиҳанинг 2-босқичи режасига мувофиқ, 2020 йил бошидан янги Замонавий стандартларга тўлиқ жавоб бера оладиган "А" классдаги омбор ишга тушди.

Унга кўра, янги “А” классдаги божхона омбори майдони 10 минг кв.м дан иборат. Омборнинг 5 минг кв.м майдонида юкни кўп қаватли сақлашга мўлжалланган металл конструкцияли токчалар (стеллаж) жойлашган.

2020 йил давомида логистика марказида товарлар айланмаси 80 минг 454 тоннани ташкил қилган бўлса, худди шу кўрсаткич 2019 йилнинг мазкур даврида нисбатан 25 минг 159 тоннага кўп деганидир.

Логистика марказлари ривожланган давлатлар иқтисодиётида муҳим ўрин эгаллайди. Шу сабабдан, давлатимизда замонавий жаҳон стандартларига мос келадиган логистика марказларининг барпо этилиши мақсадга мувофиқдир.

Хавфни бошқариш тизими жорий этилгандан сўнг, агар БЮД сариқ ёки яшил йўлакларга йўналтирилса, юкларни ортиш-тушириш, кўрикдан ўтказиш жараёнлари, божхона ходими иштирокисиз амалга оширилади. Бу эса тадбиркорларга қулайлик яратади.

Мазкур божхона постида ҳам “Ягона дарча” божхона ахборот тизими орқали товар ва транспорт воситаларига берилган рухсат этувчи турдаги ҳужжатларни онлайн тарзда кўриш ва текшириш механизми жорий этилган. Ушбу божхона постида божхона расмийлаштирувига зарур бўлган ҳужжатларни беришга ваколатли бўлган мутасадди идораларнинг вакиллари ҳам фаолият олиб бормоқда.

Медиа-тур якунида журналистлар Давлат божхона қўмитасининг “Божхона тарихи” музейига ташриф буюриб, минтақада божхона ишининг яратилиши, шаклланиши тарихи ҳамда божхона иши асослари билан танишишди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар