Жойлардаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни ўрганиш, аниқланган муаммоларни ҳал этиш мақсадида тезкор штаб ва вилоятнинг 4 та сектори кесимида ишчи гуруҳлар ташкил этилди. Ҳар бир ишчи гуруҳ таркибига Президент Администрацияси масъул ходимлари, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Халқ қабулхоналарининг масъул ходимлари, 15 та республика вазирлик ва идоралари ҳамда вилоят, туман ва шаҳар секторлари, соҳавий ташкилотлар раҳбарлари жалб этилди.
Ўрганишлар натижалари бўйича вилоятда аҳоли кайфиятига салбий таъсир кўрсатаётган қатор муаммолар аниқланди. Жумладан, коммунал соҳаси билан боғлиқ масалалар, электр ва ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ муаммолар, ички йўллар, ижтимоий соҳа объектлари ҳолати ҳамда аҳоли бандлиги масалалари бўлди.
Аниқланган ушбу муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш учун гуруҳ масъуллари томонидан қатор ижобий ишлар амалга оширилди.
Жумладан, электр таъминотини яхшилаш мақсадида илк кундаёқ Янги Наманган ва Поп туманларида 59 та янги темир бетон таянчлар ўрнатилди. Аҳолига қўшимча 349 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди. Ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 2,7 км янги тармоқ тортилди, 1 та сув қудуғи қазилди ва 2 та насос ускунаси алмаштирилди. Жумладан, Давлатобод тумани “Нуробод”, “Орзу”, “Гулшан”, Наманган тумани “Чорбоғ”, Косонсой тумани “Ўзбекистон” маҳаллаларида жами 2,7 км сув тармоқларини ётқизиш ва 1 та сув қудуғи қазиш ишлари олиб борилди.
Кредит ва субсидия ажратиш, бандлик масалалари ҳам Республика ишчи гуруҳи эътибори марказида бўлди. Хусусан, тижорат банклари томонидан 550 нафар фуқаро ва тадбиркорлик субъектларига жами 18,3 млрд. сўм кредит ажратилди. Жумладан, Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 66 нафар фуқарога 1,8 млрд. сўм имтиёзли кредитлар ажратилди. Жами 183 нафар фуқаронинг бандлигига кўмаклашилди. Шундан, 142 нафар фуқаро доимий ишга жойлаштирилди, 24 нафар фуқаролар касб-ҳунарга ўқишга жалб этилди, 17 нафар фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ёшлар дафтари” рўйхатидаги 17 нафар фуқароларга 21 млн. сўмлик ёрдам кўрсатилди. Шундан, 3 нафар фуқарога 7,5 млн. сўмлик контракт тўлови, 2 нафар фуқарога меҳнат қуроллари олишга 3,95 млн. сўмлик ҳамда даволаниш ҳаражатлари учун 3 нафар фуқарога 3,96 млн. сўмлик кўмак берилди.
“Аёллар дафтари” рўйхатидаги 191 нафар хотин-қизларга амалий ёрдам кўрсатилди. Шундан, 186 нафар хотин-қизларни бандлиги таъминланди, 5 нафар хотин-қизларга имтиёзли кредит чиқаришда амалий ёрдам берилди.
Аҳоли соғлиғи ҳимоясини таъминлаш ҳам пировард йўналишларидан бири бўлди. Вилоятда ўтказилган тиббий кўриклар натижасида, 180 нафар фуқаролар қамраб олинди, 86 нафар фуқарода турли касалликлар аниқланган бўлиб, 4 нафари вилоят миқиёсидаги шифохоналарга ётқизилди. Оилавий поликлиникаларда 24 нафар беморларга бепул дори-дармон тарқатилди. 5 нафар эҳтиёжманд фуқароларга реабилитация воситалари етказиб берилди.
Ишлар давом этмоқда.
Изоҳ қолдириш