ЕОИИга аъзо бўлишнинг ўзига хос жиҳатлари

ЕОИИга аъзо бўлишнинг ўзига хос жиҳатлари

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаб ўтганидек, “Изланишдамиз, ниятимиз шундаки, иложи борича... Мана, биз катта-катта интеграцияларга қўшилмоқчимиз. Ҳамма ҳар хил айтяпти: мустақилликни бериб қўямиз... Ҳеч ким ҳеч қачон мустақилликни, ўзбек миллати, ким бўлишидан қатъи назар энди бермайди”. Шу нуқтаи назардан айтиш лозимки, мазкур Иттифоқга аъзо бўлиш Ўзбекистоннинг суверенитетига таъсир кўрсатмайди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосарининг сўзларига кўра, шахсан ўзи ЕОИИга аъзоликни ёқлайди.

«Ўзбекистон иқтисодиёти, саноати, қишлоқ хўжалиги ўсиб бормоқда. Экспорт кўпаймоқда. Бизга бозор керак, ўзига хос майдон керак. Бу жой қаерда? Қозоғистонда, Россияда, Қирғизистонда, у ҳам ЕОИИ аъзоси. Шунинг учун тўғридан-тўғри айтаман - иштирок этиш тарафдориман. Фақат иқтисодий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда... Яна бир муҳим омил - демография. Аҳоли ўсиб бормоқда, ҳар йили 700 минг кишига кўпаймоқда. Табиийки, биз мутаносиб равишда 700 минг кишини иш билан таъминлай олмаймиз. Бу нимага олиб келади? Миграцияга. Халқимиз қаерга кетмоқда? Россияга, Қозоғистонга. Бу омил, шунингдек, Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан яқин алоқаларни сақлашини ҳам белгилайди. У ерда аъзо давлатлар, мигрантлар учун бошқача шароитлар мавжуд. Шунинг учун, менимча, ушбу шартлардан келиб чиққан ҳолда қарор қабул қилишимиз керак», - дея таъкидлаб ўтди у.

Ўзбекистонинг ЕОИИга аъзо бўлиб киришида баъзи хатарлар ҳам мавжуд бўлиши мумкин.

Қайд этиб ўтганимиздек, Иттифоқнинг жаҳон иқтисодиётидаги улуши 3 фоиздан ортиқ бўлиб, бу тахминан Германия иқтисодиётига тенг эканлигини англатади. Шундай бўлсада, жаҳон экспортёрлари ичида Хитой ва АҚШдан кейинги учинчи мамлакат ҳисобланиб, Германия дунё экспортида 9 фоизни амалга ошириши билан ажралиб туради. Қайд этиш лозим, мазкур давлатнинг асосий савдо ҳамкорлари Европа Иттифоқи мамлакатлари бўлиб, Германия экспортининг салкам 70 фоизини ташкил қилади. Бу шундан далолат берадики, ҳар қандай мамлакат ўз атрофида жойлашган ва масофавий жиҳатдан яқин бўлган иқтисодиётлар билан савдо муносабатларини йўлга қўйиши манфаатлидир. Мазкур қоида дунё иқтисодчи олимлари томонидан “мамлакат ЯИМда ташқи савдонинг улуши унинг савдо ҳамкорлари билан ўртадаги масофаларга тескари пропоционал эканлиги” асослаб берилганлиги билан изоҳланади.

Зотан, Иттифоқнинг жами ЯИМ Германия давлатиники билан тенг бўлса-да, ЕОИИнинг жаҳон савдосидаги улуши катта эмаслиги, яъни экспорти 2,8 фоиз ва импорт 1,9 фоизни ташкил этиши аъзо мамлакатларнинг миллий иқтисодиётлари импорт ўрнини босувчи иқтисодиёт тарзида шаклланганлиги билан изоҳлаш мумкин. Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистоннинг ЕОИИ мамлакатларида ўз маҳсулотлари билан кириб боришида 185 млн.га яқин истеъмолчи мавжуд бозорларга нотариф тўсиқларсиз кириш имкони яратилади.

Бизнингча, Ўзбекистонинг ЕОИИга аъзо сифатида кириб бориши қуйидаги афзалликларни келтириб чиқаради.

Ўзбекистон экспортида енгил саноат ва тўқимачилик маҳсулотларининг табиий ресурслар ва рангли металлардан кейин учинчи ташқи савдо йўналиши ҳисобланади. Шу боисдан, мазкур ЕОИИ аъзо мамлакатларда ушбу тармоқда етакчининг аниқ эмаслиги Ўзбекистонга бу борадаги нисбий устунликни тақдим этади. Бу эса, мазкур йўналишни янада рақобатбардош қилиш заруратини келтириб чиқаради. Бошқа жиҳатдан, ЕОИИ Туркия билан эркин савдо келишуви мавжуд эмаслиги ва истиқболда шартнома назарда тутилмаганлиги мамлакатимизнинг бозордаги ўрнига ижобий таъсир этади. Лекин, 2015 йилдан бошлаб Хитой ва ЕОИИ ўртасида эркин савдо келишуви мавжудлиги инобатга олинса, Ўзбекистонда енгил саноат соҳасида қўшимча қийматли маҳсулотларга етиб боришга бўлган заруратни кескинлаштиради.

Ўзбекистон импортининг 1/3 қисмини машиналар, ускуналар ва механизмлар ташкил этишини инобатга олсак, ЕОИИ мамлакатларидан қилинаётган импорт маҳсулотлар ҳажми юқори эмаслиги маълум бўлади. Импортнинг асосий қисмини ташкил этувчи ушбу йўналишдаги асосий ҳамкор – бу Хитой эканлиги инобатга олинса, мазкур товарларнинг нархи тушиши ва натижада импорт харажатларининг камайишига эришилиши мумкин.

Ўзбекистонликларга қулай виза режимини тақдим этилиши нафақат Иттифоқ мамлакатларига меҳнат қилиш учун, балки яшаш учун ҳам жойлашишларига енгилликларни вужудга келтиради. Бу эса, нисбатан зич демографик жойлашувга эга бўлган Ўзбекистонга аҳоли сонини Иттифоқ давлатларига самарали тақсимлаш имконини қўлга киритади. Шунингдек, ўзбекистонликлар бошқа мамлакат фуқаролари билан тенг шароит ва ҳуқуқлар билан меҳнат қилишнинг тўлақонли аъзосига айланади. Бу биринчидан, фуқароларимизда меҳнат қилиш малакаси ва тажрибаси ошишига имконият яратади. Иккинчидан, тўлов балансининг жорий трансфертлар балансининг барқарорлашувига олиб келади. Учинчидан, ўзбекистонликлар ўз оиласини биргаликда олиб кетиши учун шароит юзага келиши натижасида турли ижтимоий келишмовчиликларнинг юзага келиши камаяди.

Таъкидлаш лозим, савдо айланмасининг диверсификацияланганлик даражаси мамлакатнинг геосиёсий жиҳатдан бир мамлакатга боғланиб қолмаслигини олдини олишга ва ўз позициясини мустаҳкамлашга ёрдам беради. Ҳозирги кунда Ўзбекистон 170 дан ортиқ мамлакатлар билан ўзаро ташқи савдо муносабатларини амалга оширади. Шу нуқтаи назардан айтганда, Ўзбекистонни на Иттифоқ доирасида, на жаҳон иқтисодиётида фақатгина бир мамлакат билан савдо қилмаслигини англатади.

Масалан, ҳозирги кунда Ўзбекистонинг йирик савдо ҳамкорлари Хитой (18,7 фоиз), Россия (14,9 фоиз), Қозоғистон (8,3 фоиз) ва Жанубий Корея (6,6 фоиз) билан савдо алоқаларида бир давлатнинг тўлиқ устунликка эга бўлмаёганлиги ижобий ҳолат. Шу билан бирга, ЕОИИ аъзо мамлакат Қирғизистон билан савдо айланмаси йирик улушга эга бўлмасада, ўзаро савдо муносабатларида Ўзбекистоннинг савдо баланси ижобий қолдиққа эга. Демак, Қирғизистоннинг улуши кичик бўлсада, у билан савдога киришиш салбий деб баҳолаш мақсадга мувофиқ эмас. Аксинча, Қирғизистон божхона ҳудудида Ўзбекистон товарлари нархларини камайтириш орқали рақобатбардошлигини ошириш долзарб масала ҳисобланади. Бу эса, божхона келишувларини талаб этади.

Шу боисдан, Иттифоққа аъзо бўлишда ҳуқуқлар ва мажбуриятлар мувозанатига эришиш мамлакатнинг савдо муносабатларининг диверсификация даражасини инобатга олмаслик ўта тор доирадаги хулосани англатади. Бизнингча, Ўзбекистон учун халқаро иқтисодий муносабатларни, айниқса, савдо муносабатларини ривожлантиришда қуйидаги жиҳатларни инобатга олиш мақсадга мувофиқ:

ташқи савдо айланмасини ҳам географик жиҳатдан, ҳам товарлар жиҳатидан диверсификация қилиш;

савдо айланмасида маълум бир давлатнинг позициясига суяниб қолмаслик;

Иттифоқ доирасида ёки савдо ҳамкорлари билан тариф ва нотариф тўсиқларни мувозанатлаштиришга эришиш.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатларнинг ўзаро савдо айланмасида бирор давлатнинг мутлоқ устунликка эга бўлиши билан эмас, балки ташқи савдонинг диверсификациялашганлиги ва рақобат устунлигига эга бўлишини таъминлаш долзарб ҳисобланади.

Дилшоджон Рахмонов
иқтисодиёт фанлари доктори

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар