ЕОИИга аъзоликнинг ижобий ва салбий жиҳатлари

ЕОИИга аъзоликнинг ижобий ва салбий жиҳатлари

2020 йилнинг 11 декабрь санасида Евроосиё иқтисодий маконида муҳим воқеа юз берди, яъни Ўзбекистон Республикаси Евроосиё иқтисодий иттифоқига “кузатувчи – давлат” мақомида аъзоликка қабул қилинди. Бу Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар учун ҳам, Ўзбекистон учун ҳам катта аҳамиятга эга ҳодиса ҳисобланади.

Шу воқеа муносабати билан ижтимоий тармоқларда, радио, телевидение ва вақтли матбуотда, ҳатто 3-4 та одам тўпланган жойларда ҳам юртимизнинг Евроосиё иттифоқига кириши масаласи яна қайтадан қизғин муҳокама ва мунозараларга сабаб бўла бошлади. Фикр-мулоҳазалар турли-туман, кимлардир мазкур иттифоққа киришимизни ёқлаяпти, бошқа бировлар эса бунга мутлақо қарши. Мазкур мақолада мен ҳам ЕОИИга аъзоликнинг айрим ижобий ва салбий жиҳатлари ҳақидаги фикрларимни Ўзбекистоннинг мазкур Иттифоққа эҳтимолий аъзо бўлиши мисолида баён қиламан. Яъни фараз қилайлик, мамлакатимиз ЕОИИга қачондир ҳақиқий аъзо мақомида кирса, бунинг натижасида бизда қандай ўзгаришлар юз берган бўларди?

Аввало, ЕОИИ нинг мақсадлари ҳақида сўз юритсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро, бирор-бир иқтисодий уюшмага аъзо бўлишдан олдин унинг мақсадлари бизнинг манфаатларимизга тўғри келиш-келмаслигини аниқлаб олишимиз лозим. 2014 йил 29 майда Остона шаҳрида имзоланган “Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳақида”ги Шартноманинг 4-моддасида уни тузишнинг асосий мақсадлари сифатида қуйидаги вазифалар белгиланган:

- аъзо-давлатлар аҳолисининг турмуш даражасини ошириш мақсадида улар иқтисодиётини барқарор ривожлантириш учун шароитлар яратиш;

- Иттифоқ доирасида товарлар, хизматлар, капитал ва меҳнат ресурсларининг ягона бозорини шакллантиришга интилиш;

- глобал иқтисодиёт шароитида миллий иқтисодиётларни ҳар тарафлама модернизация , кооперация қилиш ва улар рақобатбардошлигини ошириш.

Кўриниб турибдики, бу мақсадлар 2016 йил сентябрь ойидан бошланган Ўзбекистон Республикаси янги иқтисодий сиёсатининг асосларини кўрсатиб берган “Ҳаракатлар Стратегияси”да белгиланган вазифаларга тўғри келади.

Қолаверса, Россия, Белоруссия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Арманистон давлатларининг умумий майдони 20,3 миллион квадрат километрни ташкил этади, аҳолисининг сони 186 миллион киши, ЯИМ ҳажми 1,9 триллион АҚШ долларига тенг. Демак, ЕОИИ – ҳажми жиҳатидан катта бозор ва унга эркин кириш Ўзбекистонга улкан имкониятлар яратиб беради.

Ўзбекистон узоқ йиллар мобайнида ЕОИИ давлатлари билан СССР номли битта давлат таркибида бўлган ва шу боис мазкур давлатлар билан жуда яқин иқтисодий алоқалар билан боғланган. Бу фикримиз тушунарлироқ бўлиши учун биргина қўшни давлатлар билан қай даражада яқин иқтисодий ҳамкорликда яшаганлигимизни олиб қарайлик. Марказий Осиёда жойлашган бешта давлатнинг асосий ҳудуди узоқ асрлар давомида ягона давлат таркибида бўлган.

1992-2016 йиллар мобайнида бешта давлатнинг иқтисодий алоқалари сусайди, ўртада сунъий тўсиқлар пайдо бўлди. Бу давлатларнинг барчасига салбий таъсир кўрсатди.

Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев дарҳол ташқи сиёсатни буткул ўзгартириб, ҳамма давлатлар, айниқса, қўшни давлатлар билан алоқаларни кенгайтириш сиёсатини бошлади. Иқтисодий алоқаларнинг кучайиши Марказий Осиё давлатлари иқтисодиётларига сезиларли даражада ижобий таъсир кўрсатиб, тобора камайиб бораётган ўзаро савдо айланмаси ҳажмлари охирги йилларда яна оша бошлади. Мисолларга мурожаат қилайлик. Айни вақтда Ўзбекистон ҳудудида Россия капитали иштирокида 2025 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда[1], Россияда эса Ўзбекистоннинг иқтисодий субъектлари иштирокида 600 дан ортиқ корхона мавжуд[2]. Икки мамлакатнинг минтақалараро ҳамкорлиги ҳам янада кенгаймоқда ва бугун ўзбекистонлик тадбиркорлар Россиянинг 70 га яқин ҳудудларидаги корхоналар билан ҳамкорлик қилишмоқда.

Белоруссия билан машинасозлик, электротехника, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати соҳасида ҳамда маҳаллийлаштиришни кенгайтиришда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича лойиҳалар амалга ошириляпти.

Ўзбекистонда Қозоғистон Республикаси капитали иштирокида 880 дан ортиқ корхона, Қирғизистон инвесторлари иштирокида эса 171 га яқин компания фаолият кўрсатмоқда. Ўз навбатида, Қозоғистон ҳудудида 1208 та[3], Қирғизистон ҳудудида эса 53 та Ўзбекистон корхоналари фаолият кўрсатмоқда[4].

Лекин тан олиш керакки, Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлиши мазкур давлатлар билан иқтисодий алоқаларнинг янада кенгайишига замин яратади. Қуйида улардан айримлари ҳақида фикр юритамиз. Масалан, ЕОИИ давлатлари билан ҳамкорликнинг кучайиши йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ҳудудий кластерлар, саноат ва савдо зоналарини ташкил этишда минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш имкониятини янада кенгайтиради; туман ва шаҳарларни индустриал ривожлантириш мақсадида ҳудудларга чет эл инвестиция ресурсларини жалб қилиш имкониятини оширади.

Иттифоқ доирасида товарларнинг бож тўловларисиз олиб ўтилиши, давлатларнинг ички бозорларига маҳаллий товарларнинг ҳеч қандай тўсиқларсиз кириб бориши, божхона идоралари фаолиятини тартибга солишнинг умумий ва мукаммал тизимини яратиш, капитал ҳаракати эркинлигини таъминлаш имкониятларини яхшилайди.

Мамлакатимизда экспортни, айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кенгайтириш стратегик вазифа қилиб белгиланган. Бунинг учун салоҳиятли ва барқарор истеъмол бозори зарур бўлади. Шу жиҳатдан олиб қараганда, Евроосиё иттифоқи билан интеграциялашув биз учун бу борада жуда муҳим имкониятлар яратади. Қолаверса, ЕОИИ га киришимиз аграр маҳсулотларимизни ЕОИИ мамлакатларига божхона тўловларисиз экспорт қилиш имкониятини берадики, бу катта миқдорда қўшимча фойда кўришимизга сабаб бўлади.

Чорвачилик соҳасида эса ҳозирча гўшт каби маҳсулотларни импорт қилишимизга тўғри келяпти. Гўшт билан таъминлаш талаб даражасида бўлмаётганлиги сир эмас, унинг нархи ҳам қиммат. Бу масалаларни ҳам ЕОИИ давлатлари ҳисобига ҳал этишимиз мумкин бўлади.

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришга сарфланаётган сувнинг деярли 80 фоизи Қирғизистон ва Тожикистондан келади. Бу борада мавжуд жиддий келишмовчиликларни ҳам ЕОИИ доирасида нисбатан осонроқ ҳал этиш имконияти пайдо бўлади.

Собиқ Иттифоқ даврида электр энергетика ягона “халқаси” мавжуд эди. У Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистонга умумий қувватлардан биргаликда фойдаланиш ва ҳамма соҳани электр энергияси билан талаб даражасида таъминлаш имконини берган.

Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Жанубий Қозоғистонни ўз ичига олувчи минтақавий энерготизимни Марказий Осиё бирлашган энергетика тизими сифатида шакллантириш 1991 йилда якунланган эди. У ўз ичига 25 минг МВт умумий қувватга эга 83 та электр станциясини қамраб олганди. Бироқ, Собиқ Иттифоқ давлатлари тарқалиб кетгач, турли келишмовчиликлар туфайли ушбу тизим парчаланиб кетди.

ЕОИИ га кириш унинг доирасида ягона электр энергияси бозори яратиш ва шу йўл орқали барча аъзо-давлатларни нисбатан арзон электр энергияси билан таъминлаш имкониятини яратади. Бу Иттифоқ аъзоларининг иқтисодий ўсишига катта ижобий таъсир кўрсатувчи омиллардан ҳисобланади.

Ўзбекистон иттифоқдаги мамлакатлар билан таққослаганда меҳнат ресурслари сони бўйича Россиядан кейин 2-ўринни эгаллайди. Бу эса, Ўзбекистоннинг меҳнат ресурсларига бойлигини, меҳнат салоҳияти юқорилигини кўрсатади.

Лекин шу билан бирга, ташқи меҳнат миграцияси масаласини муҳим ижтимоий-иқтисодий масала сифатида кун тартибига чиқмоқда. Ҳозирда 2,4 миллионга яқин ватандошларимиз ишлаш учун чет элга чиқиб кетишган. Меҳнат муҳожирларининг асосий қисми Россия Федерациясига (2,2 млн киши ёки 91,7 %) меҳнат қилишмоқда. Россияга кириб келаётган мигрантлар сони бўйича Ўзбекистон 1-ўринни эгалламоқда[5].

Юқоридаги фикрлардан келиб чиққан ҳолда, фикримизча Иттифоққа аъзо бўлиш меҳнат муносабатлари масаласида Ўзбекистон учун қуйидаги ижобий натижаларни беради:

- мигрантларнинг хорижий мамлакатдаги ишлаши, яшаши, турмуш шароити яхшиланишига олиб келади;

- мигрантларнинг қонуний йўл билан чиқиб кетишини ва уларнинг аниқ ҳисобини юритишни таъминлайди;

- меҳнат бозоридаги таклифнинг ҳамда аҳолининг четга чиқиш қизиқишининг юқорилигини ҳисобга олиб, меҳнат бозори мувозанатлигини таъминлайди;

- патент тўловлари бекор қилинади ва бу мигрантларимизга ойига ўртача 150 – 170 миллион АҚШ доллари миқдорида қўшимча фойда олиб келади [6];

- мамлакатимизга хорижий валюта оқимини кўпайтиради, қайтиб келган мигрантлар мамлакатга тайёр ишчи кучи бўлиб ва инновациялар билан келади ва бошқалар.

Юқорида баён этганларим мамлакатимизнинг ЕОИИ га киришининг ижобий жиҳатлари эди. Лекин бу Иттифоққа аъзолик мутлақо ижобий ҳодиса бўлмай, унинг айрим салбий томонлари ҳам бор. Мана, уларнинг айримлари:

Мамлакатимизда маҳсулотлари юқори нархга эга бўлган корхоналар фаолиятига салбий таъсирлар бўлиши аниқ. Айрим тармоқ ва соҳаларга асоссиз имтиёзлар берилганлигини юртимизда 2016 йилгача амал қилган иқтисодий сиёсатнинг нохуш оқибатларидан бири сифатида талқин қилиш мумкин. Масалан, автомобилсозлик, маиший техника ишлаб чиқариш, ҳаво йўллари, фармацевтика ва истеъмол буюмлари импорти каби қатор соҳаларга шундай имтиёзлар берилганлиги мамлакатимизда бозор иқтисодиёти асосларига жуда катта зарба етказди. Булар қаторига монопол характерга эга айрим тармоқ, соҳа ва корхоналарни ҳам қўшиш мумкин.

ЕОИИга аъзолик ички бозорда импорт маҳсулотлари ҳажмининг кўпайишига олиб келиши мумкин. Чунки ҳозиргача ички бозорни ҳимоя қилишнинг бож тўловларини юқори ўрнатиш усулидан кечишга тўғри келиши бунга сабаб бўлади. Мазкур Иттифоққа аъзо бўлиш унинг доирасида бир хил бож тўловлари бўлишини шарт қилиб қўяди.

Бунинг натижасида айрим товарлар бозорида рақобатнинг ортиши юз беради. Узоқ йиллар мобайнида “иссиқхона” шароитида фаолият кўрсатган товар ишлаб чиқарувчилар бу рақобатга муносиб жавоб бера олмасликлари мумкин.

Юқори ставкаларда ўрнатилган ўрнатилган бож тўловларининг бекор қилиниши тайёр саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича туманлараро тафовутларнинг янада ортиши олиб келиши мумкин. Негаки, ички бозорни ҳимоя қилишнинг бу усули бекор қилингандан кейин айрим туманлардаги қатор саноат корхоналари банкрот бўлиш эҳтимоли кучаяди. Чунки уларнинг айримлари янгича шароитга мослаша олмайди.

Қишлоқ хўжалигида минерал ўғит ишлаб чиқарувчиларга, ўсимликларни ҳимоя қилувчи кимёвий моддаларни ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг фаолиятига ҳам сал таъсир этиши кутилади. Негаки, бу тармоқлар корхоналари ҳам шу кунга қадар давлатнинг алоҳида эътиборида бўлган ва зарур ҳолларда давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлаб келинган.

Ўз олдига ягона иқтисодий макон яратиш вазифасини қўймаган Ҳамдўстлик ва Шанхай ҳамкорлик ташкилотларидан бошқа халқаро иқтисодий бирлашмаларга аъзо бўлмасдан “яшаб” келган мамлакатимизда маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишнинг халқаро стандартларига мос келиш талаби деярли бўлмаганлиги табиий эди. Минглаб товарлар бўйича халқаро стандартларни тайёрлаш талаб этилади. Бу жуда қийин ҳамда кўп харажат ва вақт талаб қиладиган жараён ҳисобланади.

Айни пайтда Ўзбекистондан четга чиқиб ишлаётган мигрантлар сони кўп. Лекин ЕОИИга кириш уларнинг сони янада ортишига олиб келиши мумкин. Негаки, Иттифоққа аъзолик хорижга чиқиш йўлидаги айрим тўсиқ ва молиявий қийинчиликларни олиб ташлайди. Натижада сифатли ишчи кучининг чиқиб кетиши ва бунинг оқибатида мамлакатда унга бўлган талаб ва таклифнинг номутаносиблиги янада ортиши эҳтимолини кучайтиради.

ЕОИИга кузатувчи мақомида киришимизда намоён бўладиган яна бир давлатлараро номувофиқлик бор. Яъни Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев таъкидлаганидек, 1992-2016 йиллар мобайнида “Ўзбекистон иқтисодий ривожланиш концепциясини яратиш билан шуғулланмади, ҳақиқий бозор иқтисодиётига ўтишни таъминлай олмади”. Шунингдек, “бозор иқтисодиётига ўтишда хусусийлаштиришни ўтказиш ва хусусий мулк хавфсизлигини таъминлаш керак” [7].

Бу фикрларга қўшимча қилган қилиб, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар, бозор иқтисодиёти, иқтисодий фаолиятни ташкил этиш, хусусийлаштириш концепциялари ва дастурларини яратиш ва уларни амалиётга жорий этишда бундан 20-25 йиллар олдин амалга ошириш лозим бўлган жиддий тадбирларни энди бугун ва яқин истиқболда бажаришимизга тўғри келади. Ана ўшанда ЕОИИга аъзо давлатлар билан мамлакатимиз ўртасидаги мавжуд ана шу тафовут бартараф этилиши мумкин.

Қолаверса, “Ўзбекистон миллий манфаатларга рахна солувчи ҳеч қандай шартномага қўл қўймайди!”[8].

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига киришининг қатор ижобий ва салбий томонлари мавжуд. Кўриниб турибдики, унинг ижобий жиҳатлари анча кўп ва салмоқли ҳамда Иттифоққа кириш Ўзбекистоннинг манфаатларига мос келади.

Лекин мен юқорида баён қилган фикрлар ЕОИИнинг расмий ҳужжатларида баён қилинган тартиб-қоидаларни таҳлил қилиш асосида туғилган гаплар. Ҳаётда эса унга аъзо бўлган давлатлар ҳақиқатдан ҳам бундан катта манфаат кўришяптими, деган саволлар пайдо бўлиши табиий. Қолаверса, айни пайтда айрим аъзо давлатларда “ЕОИИ манфаатларимизга зарар келтиряпти, ундан чиқиб кетиш керак” деган даъватлар ҳам учраяпти. Масалан, “Ҳақиқат учун айтиш керакки, Қирғизистон Республикасининг ЕОИИга киришидан салбий ҳолатлар ҳам бор: республикага Хитойдан соддалаштирилган бож тўловлари бўйича келаётган товарлар тўхтаб қолди. Европа давлатлари ва Япониядан киритилаётган енгил автомобиллар сони қисқарди. Товар олиб кириш учун импорт божлари 5%га ошди. Қирғизистонга арзон саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кела бошлади ва улар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигига кескин таъсир кўрсатди[9]”.

Бу фикр Қирғизистон Республикасининг битта фуқаросига тегишли бўлиб, унинг қай даражада асосга эга эканлигини ҳам ЕОИИнинг ичида кузатувчи бўлиб туриб ўрганиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Хўш, ЕОИИ ва Ўзбекистон иқтисодий манфаатлари бир-бирига тўғри келар экан, нега мамлакатимиз унга биратўла тўлақонли аъзо бўлмасдан кузатувчи мақомини танлади, деган саволлар бугун мазкур масала бўйича юз бераётган мунозараларда баҳсларга сабаб бўлмоқда.

Ана шундай баҳсларга нисбатан айтиш мумкинки, Ўзбекистон кузатувчи мақомида ЕОИИга кириб, мазкур Иттифоққа тўла аъзо бўлишнинг барча ижобий ва салбий жиҳатларини чуқур ўрганиши ва ана шундан кейин бу ҳақида қарор қабул қилиши тўғри бўлади.

Юқорида баён этилган “ЕОИИ доирасида товарларнинг бож тўловларисиз ҳаракатланиши экспорт имкониятларини яхшилайди; капитал ҳаракати эркин бўлади; ягона электр энергияси бозори яратилиб, аъзо давлатларни нисбатан арзон электр энергияси билан таъминлайди; мамлакатимизда ўткир муаммо бўлиб турган мигрантларнинг хорижий мамлакатдаги ишлаши, яшаши, турмуш шароити яхшиланишига олиб келади; улар патент тўловидан озод қилинади, мигрантларнинг қонуний йўл билан чиқиб кетиши ва уларнинг аниқ ҳисобини юритиш йўлга қўйилади; мамлакатимизга хорижий валюта оқимини кўпайтиради, қайтиб келган мигрантлар мамлакатга тайёр ишчи кучи бўлиб ва инновациялар билан келади”, деб билдирилган фикрларни ҳам ҳали яхшилаб текшириб кўриш керак. Уларнинг қанчалик тўғри эканлигини ҳам ЕОИИга кузатувчи мақомида кириб, унинг ичида туриб аниқ ўрганиш мумкин.

Амалга ошираётган ҳар бир ҳаракатимизнинг ижобий ва салбий оқибатлари бўлиши мумкин. Фақат биз қадам босишимиздан олдин ижобий жиҳатлар кўпроқ бўлиши, салбий ҳолатлар эса имкон қадар кам бўлиши ҳақида ўйлаймиз, шунга интиламиз. Шу нуқтаи назардан қараганда, ЕОИИга “кузатувчи - давлат” мақомида кириш келгусида пайдо бўлиши мумкин бўлган салбий оқибатларни яхшилаб текшириб олиш учун қулай имкониятдир. Зеро, “етти ўлчаб, бир кес”, деб бежиз айтилмаган.

Умумий хулоса сифатида таъкидлаш мумкинки, Ўзбекистоннинг ЕОИИ кузатувчи мақомида кириши унга ҳақиқий аъзо бўлиш манфаатларимизга қай даражада тўғри келишини амалда синаб кўриш имконини беради. Ҳамма гап ЕОИИда кузатувчи мақомида юрган пайтимизда мазкур Иттифоқнинг барча ижобий ва салбий жиҳатларини чуқур ўрганишимизга боғлиқ.

Одил Олимжонов,

Иқтисодиёт фанлари доктори, профессор

[1] Корхона ва ташкилотлар фаолиятининг умумий тавсифи (1 октябрь ҳолатига кўра, бирликда) Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси. https://www.stat.uz/uz/default/choraklik-natijalar/5708-choraklik-natijalar-2020#yanvar-sentabr

[2] Межгосударственные отношения России и Узбекистана. Риа новости. https://ria.ru/20200623/1573372132.html

[3] Действующие юридические лица, филиалы и представительства с иностранным участием по регионам Республики Казахстан (на 01.12.2020г.). Бюро национальной статистики Агентства по стратегическому планированию и реформам Республики Казахстан. https://stat.gov.kz/official/industry/13/statistic/6

[4] Деятельность предприятий с иностранными инвестициями в Кыргызской Республике 2015-2019. Национальный статистический комитет Кыргызской Республики. http://www.stat.kg/ru/publications/sbornik-deyatelnost-predpriyatij-s-inostrannymi-investiciyami-v-kyrgyzskoj-respublike-2008-2012/

[5] https://podrobno.uz/cat/obchestvo/uzbekistantsy-zanyali-pervoe-mesto-po-chislu-trudovykh-/?

[6] https://novosti.tj/migraciya/trudovyie-migrantyi-v-rossii-dolzhnyi-oplatit-patent-do-2019-goda.html

[7] https://kun.uz/ru/52879584

[8] https://kun.uz/news/2019/10/04/ozbekiston-milliy-manfaatlarga-rahna-soluvchi-hech-qanday-shartnomaga-qol-qoymaydi-sodiq-safoyev-yeoiiga-azolik-ehtimoli-haqida

[9] Киргизия и ЕАЭС: скептики зовут выйти. А куда и как идти дальше? “Яндекс. Дзен” интернет сайти. 2019 йил 19 декабрь.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар