Ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали бериш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди

Ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали бериш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди

Ҳукумат қарори билан (1023-сон, 20.12.2019 й.) Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали бериш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Низомга мувофиқ, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкалари тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун доимий фойдаланишга берилади.

Ер участкасини танлаш материаллари “Давергеодезкадастр” қўмитаси ҳудудий қурилиш бош бошқармалари, туман (шаҳар)лар қурилиш бўлими томонидан тайёрланади.

“Давергеодезкадастр” органлари ер участкасининг бошланғич нархини белгилайди.

Ер участкасини танлаш материалларини келишиш ва улар бўйича хулосалар бериш “YERELEKTRON” автоматлаштирилган ахборот тизимига ер участкаси ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилган кундан бошлаб беш иш куни ичида амалга оширилади.

Ер участкасини танлаш материаллари бўйича келишиш ва хулосалар бериш фақат “YERELEKTRON” ААТ орқали амалга оширилади.

“Давергеодезкадастр” қўмитаси органлари томонидан бўш ер участкалари “YERELEKTRON” ААТга ҳар ойнинг 5 ва 20-саналарида жойлаштирилади.

Жисмоний ва юридик шахслар “YERELEKTRON” ААТда ер участкаси ва режалаштирилаётган қурилиш объекти тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш бўйича таклифлар киритиш ҳуқуқига эга.

Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун берилиши мумкин бўлмаган ҳудудларнинг координаталари ҳар ойда камида бир марта янгиланади.

Ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқининг минимал қиймати ҳар бир туман (шаҳар) учун ҳар йили 10 июнь ва 10 декабргача Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан қуйидаги мезонлар бўйича тасдиқланади:

  • ер солиғининг йиллик миқдори;
  • ер участкасини танлаш материалларини тайёрлаш ишларининг қиймати ва ер участкасига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишга оид харажатлар;
  • ер участкасининг жойлашган жойи;
  • муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш нуқталарининг мавжудлиги.


Ер участкаларини доимий фойдаланишга олиш учун аукционда электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ариза ва закалат киритиш орқали иштирок этилади.

Аукционда фуқаролар, шунингдек, Ўзбекистон резиденти бўлган юридик шахслар, жумладан, чет эл фуқаролари ва юридик шахслари иштирок этишга ҳақли.

Аукцион натижалари тўғрисидаги баённома олди-сотди шартномаси кучига эга бўлиб, ушбу ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқини аукцион ғолиби номига давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос ҳисобланади.

Аукцион натижалари тўғрисидаги баённомани аукцион ғолибининг айби бўлмаган тақдирда, маъмурий тартиб-қоидаларга риоя қилмаслик муносабати билан бекор қилиш ёки ўзгартиришга йўл қўйилмайди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар