Европа Иттифоқи қишлоқ хўжалиги жабҳаси, хусусан, аграр секторда озиқ-овқат ишлаб чиқаришни такомиллаштириш учун Ўзбекистонга 11 миллион евро ажратди.
Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси матбуот хизмати маълум қилди.
Бу 2020 йил 1-чорагидан буён ажратилган учинчи молиявий кўмак саналади. Шу тариқа ЕИ томонидан ажратилган грант миқдори 32 миллион еврога етди.
Ўтган йили қишлоқ жойларда яшовчи эҳтиёжманд тоифанинг яшаш кўрсаткичини ошириш ҳамда соҳа бўйича ҳукумат ислоҳотларини қўллаб-қувватлашга қаратилган грант кўмагини ажратиш жараёни COVID-19 пандемияси сабаб тезлаштирилган эди.
Янги лойиҳа ЕИ ҳамда унга аъзо давлатлар томонидан фермерлар, агрокорхоналар ҳамда илмий доираларга кўмак мақсадида амалга оширилаётган бошқа лойиҳаларнинг мантиқий давоми саналади.
“Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва тўқимачилик каби соҳаларда бандликни таъминлаш имконияти юқори. Бу нафақат муносиб иш ўринлари яратиш ва хотин-қизлар ҳамда ёшларнинг пул топиши учун барқарор имкониятларни пайдо қилиш жиҳатидан, балки озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда масъулиятни ҳис этадиган озиқ-овқат тизимини вужудга келтириш жиҳатидан ҳам муҳимдир. ЕИ аввалгидек ҳукуматнинг иқлим ўзгаришларини инобатга олган ҳолда яшил ва барқарор қишлоқ хўжалиги секторини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларини қўллаб-қувватлашга интилмоқда”, – дейди ЕИнинг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотт Адриан хоним.
Шарлотт Адриан хоним айни чоғда, аграр жабҳада асосий ишлаб чиқарувчилардан саналган кичик фермерларнинг бозорга чиқиши ҳамда рақобат талабларига мувофиқ фаолият юритишига алоҳида эътибор қаратиш кераклигини таъкидлаган.
Аввалроқ Ўзбекистонга ЕИнинг савдо соҳасидаги преференциялар тизимидан (GSP+) кенгайтарилган тартибда фойдаланиш ҳуқуқи берилган эди. Мазкур тизимдан тўғри ва самарали фойдаланиш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ЕИга божсиз экспорт қилиш имконига эга бўлиши мумкин.
ЕИ томонидан Ўзбекистон бюджетига ажратилаётган грант мамлакат ҳукумати билан битимга асосланади. Бундан кўзланган мақсад Ўзбекистоннинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган агросаноат тизимини ривожлантириш стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга оширишга, пировардида эса молия, бюджет тизими бошқарувида шаффофликка эришишга, макроиқтисодий барқарорликни таъминлашга кўмаклашишдан иборатдир.
Қайд этилишича, ЕИ томонидан дунё миқёсида грант маблағлари ажратилишида демократиянинг тамал қадриятлари, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларига садоқат ва эҳтиром инобатга олинади.
Таъкидланишича, ЕИ Ўзбекистон ҳукумати, хусусан, қишлоқ хўжалиги ва молия вазирликлари, шунингдек, агросаноат секторидаги бошқа идоралар билан стратегик ҳамкорликни қадрлайди ва келгусида қишлоқ жойларда яшаш даражасини ошириш, агроозиқ-овқат секторида экологик тоза ва «ақлли» лойиҳаларни амалга татбиқ этишга доир янги ташаббусларни таклиф этади.
Изоҳ қолдириш