Ўзбекистонда аҳоли сонининг юқори суръатларда ўсиши меҳнат бозорига ҳам катта босим ўтказиб, иш билан бандлик масаласини янада кескин қилиб қўймоқда.
Юртимизда 2021 йил 1 август ҳолатига доимий аҳоли сони 35 млн. кишини ташкил қилиб, таҳлилларга кўра, 2030 йилда мамлакат аҳолиси 41 миллион кишидан ошади. 2020 йилда мамлакатимизда 841 минг киши туғилган (24,6 промилле) бўлиб, ҳар йили меҳнат бозорига 500 мингдан кўпроқ ёшлар кириб келиши аҳолининг иш билан бандлик масаласини муҳим устувор масала қилиб қўймоқда.
Афсуски, яқин вақтга қадар аҳоли бандлиги ва меҳнат бозорига оид кўрсаткичлар меҳнат бозоридаги реал ҳолатни акс эттирмас ва ҳисобот учун рақамларни “сохталаштириш” ҳолатларини кузатиш мумкин эди. Мамлакатимизда яқин вақтгача меҳнат ва бандлик соҳасидаги илмий изланишларни амалга оширувчи, мувофиқлаштирувчи ягона илмий-тадқиқот институти мавжуд эмаслиги ушбу соҳага жиддий эътибор берилмаганлигини кўрсатади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 31 декабрдаги “Малакаларни баҳолаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва меҳнат бозорини малакали кадрлар билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4939-сон қарори билан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида Меҳнат бозори тадқиқотлари институти ташкил этилганлиги аҳолининг иш билан бандлиги масаласи давлат сиёсатининг муҳим устувор аҳамиятга эга эканлигини билдиради.
Меҳнат институтига вазирликнинг “ақл маркази” сифатида меҳнат бозори, меҳнат муҳофазаси, меҳнат миграцияси, миллий малака тизими ва касбий стандартларни такомиллаштириш каби йўналишлар бўйича илмий-амалий тадқиқотларни амалга ошириш ва соҳа олдида турган долзарб муаммоларни ҳал этиш вазифаси қўйилганлиги вазирлик ва Институтга катта масъулият юклайди. Ушбу вазифани ҳал этиш эса меҳнат соҳасида амалий тажрибага эга илмий даражали, юқори малакали мутахассисларни жалб қилишни ва мазкур соҳада амалга оширилаётган илмий ишларнинг натижаларини амалиётга жадал жорий этилишини талаб қилади.
Бандлик сиёсатининг пассив чораларидан (ишсизлик нафақаларини тўлаш) аҳоли бандлигига кўмаклашишга қаратилган фаол чора-тадбирлар доирасини кенгайтирмоқда. Айниқса, ёшлар, аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар ва кам таъминланган оилаларга микрокредитлар, иссиқхона ўрнатиш, уруғликлар, кўчатлар, паррандалар ажратиш, уларни касбга, шу жумладан, тадбиркорликка ўқитиш, тайёрлаш орқали уларнинг иш билан банд бўлишлари ва даромад олишларига қаратилган барча зарур чоралар фаол амалга оширилмоқда.
Ўзбекистонда 2021 йил 1 октябрь ҳолатига меҳнат ресурслари 19,3 млн. киши, жами иш билан бандлар 13,6 млн. киши, шу жумладан иқтисодиётнинг расмий секторида 6,1 млн. киши (40,7 %), иқтисодиётнинг норасмий секторида 5,9 млн. киши (39,6%), иқтисодий нофаол аҳоли 4,3 млн. киши, чет элда ишлаш учун кетганлар 1,6 млн. киши ва ишга жойлаштиришга муҳтож шахслар 1,4 млн. кишини (9,4%) ташкил қилган.
Мамлакатимизда жами иш ўринларининг 90 фоизи хусусий сектордла яратилишини ҳисобга олсак, мамлакатда қулай бизнес муҳитини шакллантириш, давлат корхоналарини хусусийлаштиришни жадаллаштириш, хусусий мулк ҳимоясини таъминлаш, бюрократия ва коррупция иллатларини баратараф этиш ва фақат тадбиркорликни ривожлантириш орқали иқтисодий ривожланишга эришиш мумкинлигини халқимиз онгига сингдириш муҳим аҳамиятга эгадир.
Норасмий бандликнинг юқори даражаси табиийки иқтисодиётнинг қишлоқ хўжалигига тўғри келиб, бу соҳада банд бўлганларни расмийлаштириш ва ортиқча ишчи кучини эса бошқа соҳаларга ўтказиш бўйича кенг ишларни амалга оширишни тақозо этади (1-расм).
1-расм. Норасмий бандларнинг иқтисодиёт тармоқлари бўйича структураси, %
Норасмий бандликни легаллаштириш мақсадида, айниқса, ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олиш ва уларнинг меҳнат стажини ҳисоблаш учун БҲМнинг 1 баравари миқдорида (270 минг сўм) ижтимоий солиқ тўлашлари белгиланди. Энг муҳими эса уларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлари жисмоний шахслар жами даромадлари таркибига киритилмаслиги катта имтиёз бўлиб, бу расмий меҳнат фаолиятининг норасмийликдан афзал эканлигини таъминлайди.
Ўзини ўзи банд қиладиган шахслар учун 68 фаолият (ишлар, хизматлар) турлари тасдиқланган бўлиб, уларни янада кенгайтириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Натижада, 2021 йил 1 июль ҳолатига 852,4 минг нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтказилди (шундан 310,1 минг нафарини 30 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ташкил этади) ва йил якунида уларнинг сони 1 млн. кишилан ошиши кутилмоқда.
Сўнгги йилларда норасмий бандлик даражасини камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар натижасида унинг улушининг қисқариш тенденцияси кузатилмоқда (2-расм). Мамлакатимизда ўзини ўзи банд қилишни меҳнат ресурсларини бошқариш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг устувор йўналиши сифатида ривожлантириш лозим ва унинг потенциалидан ҳали тўла фойдаланилмаган. Меҳнат бозорида инклюзивликни таъминлаш, аҳолининг барча қатламларини меҳнат фаолиятига жалб қилиш, жумладан, ёшлар, аёллар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг иш билан бандлигига кўмаклашиш бандлик сиёсатининг муҳим қисми ҳисобланади.
2-расм. Иқтисодиётнинг расмий секторида бандлар сонининг ўзгариши динамикаси, минг киши
Улар учун алоҳида дастур ва чора-дастурлар қабул қилиниши натижасида аҳолининг ушбу гуруҳларини меҳнат фаолиятига фаол жалб этишга эришилмоқда. 2021 йилнинг 1-ярим йиллиги бўйича жами иш билан бандликда ёшларнинг улуши 31,3 фоизни, ишсизлик улуши эса 15,2 фоизни ташкил қилиб, ўртача ишсизлик даражасидан 1,55 марта кўплигини кўрсатмоқда. (3-расм).
3-расм. Ёшларнинг бандлик ва ишсизлик кўрсаткичи динамикаси
2021 йилда меҳнат бозори, профессионал стандартлар, тармоқ малакалар доиралари ва малака талабларининг ишлаб чиқилиши ҳамда янгилаб борилиши, малака ва билимларни баҳолаш миллий тизимининг халқаро миқёсда тан олинишини таъминлаш мақсадида Касбий малака ва билимларни ривожлантириш бўйича тармоқ ва ҳудудий кенгашлар ташкил этилди.
COVID-19 пандемиясининг иқтисодиётга салбий таъсирига қарамай, иқтисодиётнинг барқарор фаолият юритиши, аҳолининг даромад манбаи бўлган иш билан бандлигини сақлаб туриш, оммавий ишдан бўшатилишларни олдини олиш, ходимларни масовий иш усулида бандлигини таъминлаш ва бошқа кенг чора-тадбирлар асосида ишсизлик даражасининг ошиб кетмаслигига эришилди (4-расм).
Аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш ва қайта тайёрлашнинг уч босқичли тизимини шакллантириш бўйича:
1) банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи ҳудудий «Ишга марҳамат» мономарказлари;
2) мамлакатнинг барча ҳудудларида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфида туман ва шаҳар касб-ҳунарга ўқитиш марказлари;
3) маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ташкил этилди.
Рақамли иқтисодиётнинг меҳнат соҳасига кенг жорий этилиши натижасида хоҳлаган одам ҳеч қандай ортиқча сарф-харажат ва вақтни тежаган ҳолда http://ish.mehnat.uz/ сайти орқали вилоят, туман (шаҳар) кесимида ўз соҳа йўналиши, касб, таълим даражаси бўйича ҳамда исталган маош ҳажми доирасида вакант иш жойлари ҳақидаги маълумотларга эга бўлиши ва ишга жойлашиш имкониятига эга бўлди.
4-расм. Ишсизлик даражасининг ўзгариши динамикаси
Янги технологиялар электрон рўйхатга олиш, интеграциялашган ва автоматлашган ҳолда хизмат кўрсатиш сифатида инсон омили, унинг иштирокини имкон даражада камайтириб, иқтисодий бирликларнинг трансакцион харажатларини камайтиришга, иқтисодий фаолиятни расмийлаштириш имконини беради.
Ўзбекистонда ишчи кучининг профицити меҳнат бозоридаги вазиятни юмшатиш ва иқтисодий ривожланишнинг дастлабки даврида ташқи меҳнат миграциясининг муҳим аҳамиятга эга эканлиги барчага аён. Ташқи меҳнат миграциясининг динамикаси турли ички ва ташқи иқтисодий омилларга боғлиқ ҳолда ўзгариб туришини 5-расмда кўриш мумкин.
5-расм. Ташқи меҳнат миграциясининг динамикаси
2020 йилда COVID-19 пандемиясига қарамай, меҳнат мигрантлари банк орқали 6 млрд. АҚШ долларидан ортиқ пул жўнатмаларини (Жаҳон банкининг прогнозига кўра, 2021 йилда 7,6 млрд.) ўтказишган. Бундан ташқари меҳнат мигрантларини мамлакатимиз иқтисодиёти учун потенциал инвестор, малакали мутахассис, янги иш жойлари яратувчи тадбиркор сифатида қабул қилиш лозим. Сўровларга кўра, ташқи меҳнат мигрантларининг 20 фоизи чет элга ишга кетиш сабаби деб, ўз бизнесини очишга, тадбиркорлик учун дастлабки сармояни жамғариш деб маълум қилган.
Хулоса сифатида айтиш жоизки, меҳнат соҳасидаги ислоҳотларнинг асосий мақсади аҳолининг муносиб меҳнат ва муносиб иш ҳақини шакллантириш, инсон капиталини ривожлантириш, узлуксиз касбий малака ва меҳнат унумдорлигини ошириш ва тадбиркорлик руҳини яратиш ҳисобланади.
Бу эса ўз навбатида маъмурий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни ижобий амалга ошириш натижасида, иқтисодиётнинг бошқа соҳа ходимларининг ҳам иш ҳақиларининг ошишига, уларнинг ҳам ички, ҳам ташқи меҳнат бозорида рақобатбардош бўлишларини белгилайди.
Меҳнат бозорида амалга оширилаётган фаол бандлик сиёсати – бу нафақат аҳолининг қонуний, муносиб ва барқарор бандлига (даромадга эга бўлиш) кўмаклашишга шарт-шароитлар яратиш, инклюзивиликни таъминлаш балки инсон капиталини ривожлантириш, талаб ва таклиф асосида ўз билим, кўникма, касбий малакаларини, рақобатбардошликларини ошириш, ўзгаришларга мослашиш, ўзини ўзи банд қилиш ва тадбиркорликка жалб қилиш ҳамда ўз салоҳият ва қобилиятларини намоён қилиш ва улардан тўла фойдаланишга барча имкониятларни яратишни ўз ичига олади.
Тагаев Беҳзод и.ф.д
Матрасулов Дилмурод
Исматов Иброҳимжон
Меҳнат бозори тадқиқотлари институти
Изоҳ қолдириш