Давлатимиз раҳбари топшириғи асосида тузилган Республика ишчи гуруҳининг Фарғона вилоятидаги энг оғир-мураккаб ҳудудлардаги фаолияти билан дастурлар ижроси жадаллаштириляпти. Маҳаллаларда, хонадонларда кечаётган сайёр қабулларда янги-янги тизимли масалалар ечими топиляпти. Лўндасини айтганда, халқ билан мулоқотнинг “Оққўрғон тажрибаси” бугун Фарғонанинг барча туман-шаҳрида бирдек татбиқ этиляпти.
Авваллари бир туманга белгиланган дастур асосида ўртача 5-6 км ички йўлларни асфальтлаш учун маблағ ажратилган бўлса, бугун биргина Қува туманидаги 29 та маҳаллада бир пайтнинг ўзида 192 кмдан ортиқ йўлларни асфальтлаш ишлари кетяпти.
Бу – биргина Қувада жорий йилда 38 баравар кўп ички йўллар асфальт қилиняпти, дегани. Биргина “Акбаробод” маҳалласида 5 км йўл асфальтланишига гувоҳ бўлиб, аҳоли билан сўзлашар эканмиз, қуваликлар бир иборани тез-тез тилга олишди: “бу кунларни 30 йил кутдик...”.
Эътиборлиси, битта тизимли масала ҳал қилиниши – Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига келиб тушган юзлаб-минглаб мурожаатларга ҳам ечим топилди деганидир. Айтайлик, Қуванинг “Намуна” маҳалласидаги 3 км йўлга бетон қопланаётгани билан ҳудуддаги 2 мингдан зиёд аҳолини ўйлантирган энг асосий муаммо ҳал қилиняпти. Ёки Тошлоқнинг “Тоғлиқ” ва “Конизар” маҳаллаларидаги 14,2 км йўллар асфальтлаштирилиши билан қарийб 8 минг нафар аҳолининг узоғи яқин, йўли равон бўляпти.
Марғилонда ҳам бунёдкорлик ишлари авжида. Шаҳарнинг биргина “Янгибоғ” маҳалласида 1,5 км ичимлик суви ва 700 метр оқова сув тармоғи бунёд этилиши билан ҳудуддаги қарийб 6 минг 250 нафар аҳоли тўлиқ оби ҳаёт билан таъминланади.
Қўштепа туманида эса бу йил 16 та маҳаллада 33,6 км. янги электр тармоғи қуриляпти. Бу 16 та маҳалладаги хонадонлар ҳам, уларда яшаётган минглаб инсонлар қалби ҳам чароғон бўлади дегани. Ёки биргина “Дехқонобод” маҳалласидаги 1,4 км электр тармоғи тортилиши-ю 100 га яқин бетон таянчлар ва янги трансформатор ўрнатилиши билан 200 дан зиёд хонадоннинг электр таъминоти яхшиланади.
Давлатимиз раҳбари топшириғи асосида тузилган Республика ишчи гуруҳининг Фарғона вилоятидаги фаолияти давом этяпти.
Изоҳ қолдириш