Фермер хўжаликлари ихтиёрий бирлашиб, пахта хомашёсини етиштиради

Фермер хўжаликлари ихтиёрий бирлашиб, пахта хомашёсини етиштиради

“Пахта хомашёсини етиштириш ва қайта ишлаш кооперациялари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” Ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, кооперацияларни ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйишнинг қуйидаги тартиби жорий этилади:

  • Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда пахта тозалаш корхоналарининг ишлаб чиқариш фаолиятида фойдаланилмаётган бўш ер майдонларини маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг захирасига ўтказилишини таъминлайди;
  • Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимлари кооперациялар ва пахта етиштирувчи фермер хўжаликларини уруғлик, минерал ўғитлар, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари ҳамда бошқа моддий-техника ресурслари билан таъминлаш чора-тадбирларини кўради;
  • Кооперациялар пахтани қабул қилиб олиш, саралаш, сақлаш, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотни экспорт қилиш бўйича самарали иш юритиш тизимини жорий қилади.

Тегишли Ҳукумат қарорларида пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерларига белгиланган имтиёзлар кооперациялар учун ҳам татбиқ этилади.

Кооперацияларга пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ташкил этилмаган ҳудудлардаги пахта тозалаш корхоналари ихтиёрий равишда аъзо бўлади.

Кооперациялар аъзолари томонидан етиштирилган пахтани пахта тозалаш корхоналари томонидан қабул қилиш, сақлаш ва қайта ишлаш хизмати (тегирмон усулида) кўрсатилади.

Қарор билан шунингдек, Фермер хўжаликларининг ихтиёрий бирлашиши асосида пахта хомашёсини етиштириш ва қайта ишлаш кооперациялари фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар